Рамазонни қадрлаш (29): Рамазон ва амалларнинг қабул этилиши (3)

0

Агар қалб мазкур улуғ маъноларни англаб етса, у ҳақда тафаккур қилса, рамазон ойида биргина солиҳ амал қилишга етарли вақтни неъмат деб билади. Зеро, Аллоҳ таоло инсонни рамазон ойига етказиши бир неъмат бўлса, бу ойнинг ҳар бир лаҳзасида ҳаёт бўлиши алоҳида бир неъматдир. Аллоҳ муваффақ қилган зотлар рамазонда амаллари мақбул бўлиши билан машғул бўладилар. Бу муборак ойдан ўтган ҳар бир лаҳзада Аллоҳдан амалини қабул қилишини, келажакда янада кўпроқ солиҳ амалларга муваффақ қилишини сўрайди, гарчи бугун қилишга ожиз бўлса-да, ичида кўпроқ солиҳ амаллар қилишни умид қилади, режалайди. Чунки қалбида Аллоҳдан амалларини қабул қилишини умид қилган инсон келажакда янада кўпроқ амалларга муваффақ қилишини тама қилади. Кимда ким Аллоҳ уни солиҳ амалларга муваффақ қилганини ҳис қилса, амалларини қабул қилишини ҳам умид қила бошлайди. Чунки тавфиқ қабулдан олдин туради. Кимда ким Аллоҳ унинг гуноҳларини тўсаётганини ҳис қилса, мағфиратига бўлган умиди зиёда бўлади ва бу ўз навбатида ундаги тавбага бўлган интилишни зиёда қилади. Шундай қилиб солиҳ амал банданинг қалбида солиҳ амални пайдо қилаверади. Натижада Аллоҳга бўлган умиди ортади, Аллоҳнинг раҳматига бўлган тамаси кучаяди ва ниҳоят Иброҳим ва Исмоил алайҳимассалом каби «Раббано, тақоббал минна иннака антас самиул алийм» деб дуо қилади.

Инсон қалбида кўп солиҳ амалларни қилишни умид қилади. Инсон ниятида содиқ бўлса, гарчи воқеликда бажаришга қодир бўлмаса ҳам, албатта Аллоҳ таоло унинг холис ниятига қараб ажр-савобга ноил қилади.

جَابِرَ بْنَ عَتِيكٍ أَخْبَرَهُ ، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ جَاءَ يَعُودُ عَبْدَ اللَّهِ بْنَ ثَابِتٍ فَوَجَدَهُ قَدْ غُلِبَ فَصَاحَ بِهِ فَلَمْ يُجِبْهُ ، فَاسْتَرْجَعَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَقَالَ: “غُلِبْنَا عَلَيْكَ يَا أَبَا الرَّبِيعِ” ، فَصَاحَ النِّسْوَةُ وَبَكَيْنَ ، فَجَعَلَ ابْنُ عَتِيكٍ يُسَكِّتُهُنَّ فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “دَعْهُنَّ فَإِذَا وَجَبَ فَلَا تَبْكِيَنَّ بَاكِيَةٌ” قَالُوا: يَا رَسُولَ اللَّهِ ، وَمَا الْوُجُوبُ؟ قَالَ: “إِذَا مَاتَ “. فَقَالَتِ ابْنَتُهُ: وَاللَّهِ إِنِّي كُنْتُ أَرْجُو أَنْ تَكُونَ شَهِيدًا ، فَإِنَّكَ قَدْ كُنْتَ قَضَيْتَ جِهَازَكَ ، فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “قَدْ أَوْقَعَ اللَّهُ أَجْرَهُ عَلَى قَدْرِ نِيَّتِهِ ، وَمَا تَعُدُّونَ الشَّهَادَةَ؟” قَالُوا: الْقَتْلُ فِي سَبِيلِ اللَّهِ ، فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “الشَّهَادَةُ سَبْعٌ سِوَى الْقَتْلِ فِي سَبِيلِ اللَّهِ: الْمَطْعُونُ شَهِيدٌ ، وَالْغَرِيقُ شَهِيدٌ ، وَصَاحِبُ ذَاتِ الْجَنْبِ شَهِيدٌ ، وَالْمَبْطُونُ شَهِيدٌ ، وَصَاحِبُ الْحَرِيقِ شَهِيدٌ ، وَالَّذِي يَمُوتُ تَحْتَ الْهَدْمِ شَهِيدٌ ، وَالْمَرْأَةُ تَمُوتُ بِجَمْعٍ شَهِيدَةٌ”[1]

Жобир ибн Атийк Ансорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Собитни зиёрат қилиш учун келганларида уни жон таслим қилар ҳолида топдилар. Уни чақирдилар, бироқ жавоб бермади. Шунда у зот «инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожеун» дер эканлар: «Эй Абу Рабеъ, сендан ажралиб қолдик», дедилар. Шунда аёллар оҳ-воҳ солиб, йиғлай бошладилар. Ибн Атик уларни тинчитишга уринди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қўй, уларни. Агар вожиб бўлса, бирон аёл айтиб йиғламасин». Саҳобалар: «Вожиб бўлиш нимаси, ё Расулуллоҳ?», дейишди. «Агар ўлса», дедилар у зот. Абдуллоҳнинг қизи деди: «Аллоҳга қасамки, мен сизнинг шаҳид бўлишингизни умид қилган эдим. Зеро, сиз жиҳодга тайёргарлик қилиб қўйган эдингиз, (отажон!)». Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ ниятига қараб ажрини берди. Сиз нимани шаҳидлик деб биласиз?». Улар: «Аллоҳ йўлида қатл қилинишни», дедилар. У зот айтдилар: «Аллоҳ йўлида қатл қилинишдан ташқари шаҳидлик яна етти турдан иборат: вабодан ўлган шаҳид, чўкиб ўлган шаҳид, зотилжам касали билан ўлган шаҳид, қорин оғриғи билан ўлган шаҳид, куйиб ўлган шаҳид, том остида қолиб ўлган шаҳид, бола туғиб ўлган шаҳид».

Абдуллоҳ ибн Собит разияллоҳу анҳу қизининг сўзларига бир эътибор беринг-а! Унинг йиғисининг сабабига диққат қилдингизми? Отасининг жангда шаҳид бўлиш шарафига эришолмаганидан ҳасрат чекиб йиғлади. Устига-устак отаси жангга тўлиқ тайёргарлик кўриб қўйган эди. Бундан чиқадики, инсоннинг нияти холис бўлса, бирон амалга чин дилдан интилса, унга тайёргарлик қилса, бироқ Аллоҳнинг тақдири билан ўша амални қилишдан ожиз қолса, Аллоҳ унга шу амални қилганларнинг ажр-савобини берар экан. Инсон тоат-ибодатда юксак мартабаларга эриша олмаса-да, амалий ҳаётда имкониятлари чеклангани сабаб кўп тоат-ибодатларни қилишга қодир бўлмаса-да, қўлидан келган амални маҳкам ушласа, шу йўлда бор кучини сарфласа, унга чин дилдан интилса, Аллоҳ уни амали мақбул бандалари қаторида ёзади, шу амал гуноҳларининг кечирилишига, дўзахдан нажот топишига сабаб бўлади, иншааллоҳ.

Қалб амаллари ҳам аъзолар билан бажариладиган амаллар сингари бир бирининг устига қурилиб бораверади. Зеро, коинотдаги барча нарсалар поғонама-поғона ўсиб, зиёдалашиб бораверади. Инсон ҳам, ўсимликлар ҳам аста-секин ўсиб боради. Қалб амаллари ҳам шундай. Агар қалб бир лаҳза бўлса-да содиқ бўлса, амалининг қабул бўлишига эътибор қаратса, бу унинг келажакдаги мақбул амаллари учун замин вазифасини бажаради. Бирон бир амалнинг қабул бўлишининг инсон ҳаётида албатта таъсири ва баракаси бўлади. Алоҳ таоло амалларни асоратларига боғлаб қўйган. Бироқ амал инсонда ўз изини қолдириши учун мақбул бўлган бўлиши керак.

قَالَ اللَّهُ تَعَالَى: {إِنَّ الصَّلَاةَ تَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنْكَرِ} (العنكبوت: 45)

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, намоз фаҳш ва ножўя ишлардан қайтаради» (Анкабут, 45).

Аллоҳнинг наздида мақбул бўлган намозгина бандани фаҳш ва ножўя ишлардан қайтаради, ҳар қандай намоз эмас.

قَالَ تَعَالَى: {خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِمْ بِهَا وَصَلِّ عَلَيْهِمْ} (التوبة: 103)

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад), сиз уларнинг молларидан бир қисмини ўзларини поклаб тозалайдиган садақа сифатида олинг ва уларнинг ҳақларига дуо қилинг» (Тавба, 103).

Агар банда закот чиқарса-ю, қалбида унинг изини ҳис қилмаса, билсинки, амалнинг таъсиридаги ҳар қандай ноқислик сабаби қабулдаги ноқисликдир.

وروي أن الشافعي رحمه الله لما مرض مرض موته بمصر قال مروا فلاناً يغسلني فلما توفي بلغه خبر وفاته فحضر وقال ائتوني بتذكرته فأتي بها فنظر فيها فإذا على الشافعي سبعون ألف درهم دين فكتبها على نفسه وقضاها عنه وقال هذا غسلي إياه أي أراد به هذا وقال أبو سعيد الواعظ الحركوشي لما قدمت مصر طلبت منزل ذلك الرجل فدلوني عليه فرأيت جماعة من أحفاده وزرتهم فرأيت فيهم سيما الخير وآثار الفضل فقلت بلغ أثره في الخير إليهم وظهرت بركته فيهم مستدلاً بقوله تعالى وكان أبوهما صالحاً

Ривоят қилинишича, имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ Мисрда вафотидан олдинги касалида «Мени фалончи ювсин», деб васият қилган экан. Имом Шофеий вафот этгач, хабарни эшитган ҳалиги инсон келади ва «Имомнинг қайдлар дафтарини олиб келинглар», дейди. Дафтарни очиб қараса, Шофеийнинг одамлардан етмиш минг дирҳам қарзи бор экан. Шунда у бу қарзларни ўз номига ўтказиб, Шофеийнинг номидан қарзларни ўтайди. Шундан сўнг: «Мана шу имомни ювишим», дейди, яъни имом уни ювишимдан уни қарзларидан халос қилишимни назарда тутган дейди[2]. Абу Саид Воиз Ҳаркуший айтади: «Мисрга келганимда ўша кишининг хонадонини суриштирдим. Одамлар менга унинг уйини кўрсатиб қўйишди. Унинг невараларидан бир жамоатини кўрдим ва уларни зиёрат қилдим. Уларда солиҳлик ва фазилат сиймосини кўрдим. Ўзимча «боболаридаги хайрнинг таъсири уларга ҳам етибди, боболарининг баракоти невараларида ҳам кўринибди»,  дедим ва бунга Аллоҳ таолонинг «Улар иккисининг оталари солиҳ бўлган эди», деган оятини далил қилдим».

Аслида уламолар вафот этганларидан кейин уни бирон олим киши ёки жуда бўлмаганда шогирдларидан бири ювишини васият қилишади. Лекин имом Шофеий васият қилган киши бундайлардан эмас эди. Шунинг учун одамлар имомнинг васиятидан ажабландилар. Бироқ улар имом вафотидан кейин унинг муродини англаб етдилар. Имом бу инсонга қарздан ювишни васият қилган эди. Албатта имом Шофеийдай зот бундай муҳим иш учун ҳар қандай кимсани танламаслиги аниқ. Шунинг учун бўлса керак, орадан узоқ йиллар ўтгач Ҳаркуший бу инсоннинг зурриётини кўриш мақсадида суриштириб топди ва уларнинг солиҳ инсонлар эканига гувоҳ бўлди. Биргина мақбул амалнинг изи кишининг невараларида ҳам ўз аксини топганига шоҳид бўлди.

Демак, биз эътибор қаратишимиз лозим бўлган иш амалнинг мақбул бўлишидир. Шунинг учун бирон амал ниҳоясига етаверса, инсоннинг тоат-ибодатга сусткашлик қилиши унинг муваффақиятсизлигидан даракдир. Бундай инсон амалининг мақбул бўлишига эътибор қаратмаган бўлади. Зеро, маррага яқинлашган от янада тезроқ чопади.

قال الحسن البصرى : “لا تكن شاة الراعى أعقل منك ، تزجرها الصيحة وتطردها الاشارة”

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Чўпоннинг қўйи сендан ақллироқ бўлиб қолмасин: қўйни бир бақириқ қайтаради, бир имо-ишора ҳайдайди»[3].

Қўйни биргина бақириқ ёки имо-ишора сабабли йўлга солса бўлади. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло бандаларини турли услублар билан қайтарса, огоҳлантирса, қўрқитса-ю, улар итоат қилмасалар, тўғри йўлга бурилмасалар, у ҳолда қўй улардан ақллироқ бўлиб қоладику?!

Аллоҳ тоало рамазондан мағфиратсиз чиқиш оқибатидан огоҳлантирди, бундай инсон муродига етмаслиги, ноумид бўлиши ва зарар кўришини маълум қилди. Шундан кейин ҳам ибрат олмаган инсонлардан чиндан ҳам қўйлар аққлироқ бўлиб қолади.

Амалларининг мақбул бўлишига эътибор қаратган инсонларнинг аломатларидан яна бири кўп истиғфор айтишдир. Чунки амалининг мақбул бўлишига эътибор қаратган киши амалини арзимас деб, Аллоҳга тақдим қилишга номуносиб деб билади, Аллоҳ унинг амалини қабул қилиши шунчаки Унинг бандасига кўрсатган фазл-марҳамати деб билади. Шунинг учун солиҳ инсонлар доимо амалларини истиғфор билан бирга қиладилар.

قَالَ اللَّهُ تَعَالَى: {وَبِالْأَسْحَارِ هُمْ يَسْتَغْفِرُونَ} (الذاريات: 18)

Аллоҳ таоло айтади: «Саҳар пайтларида улар истиғфор айтадилар» (Зориёт, 18).

قَالَ اللَّهُ تَعَالَى: {وَالْمُسْتَغْفِرِينَ بِالْأَسْحَارِ} (آل عمران: 17)

Аллоҳ таоло айтади: «…Саҳарларда истиғфор айтувчилар» (Оли Имрон, 17).

عَنْ عَائِشَةَ، قَالَتْ: قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللَّهِ أَرَأَيْتَ إِنْ عَلِمْتُ أَيُّ لَيْلَةٍ لَيْلَةُ القَدْرِ مَا أَقُولُ فِيهَا؟ قَالَ: “قُولِي: اللَّهُمَّ إِنَّكَ عُفُوٌّ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي”. هَذَا حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ

(حكم الألباني) : صحيح

Ойша разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради: «Айтингчи, қадр кечасига тўғри келиб қолсам, нима деб дуо қилай?». Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ё Аллоҳ, албатта Сен афв қилишни яхши кўрадиган афв қилувчи зотсан. Шундай экан, мени афв қил», дегин»[4], дедилар».

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойша разияллоҳу анҳога бу муборак кечада Аллоҳдан афвини сўраб дуо қилишни ўргатдилар. Бизлардан биримиз рамазон ойида рўза тутса, охирги ўн кунликни тоат-ибодат билан ўтказса, устига-устак қадр кечасига ҳам етишса, бундай инсон ўзини авлиё деб билади. Бироқ мўмин киши бу кечада Аллоҳдан афв қилишини сўраш билан машғул бўлиши керак. У ўзини ҳатто Аллоҳнинг афв қилишига ҳам муносиб кўрмайди. Чунки афв бу Аллоҳнинг фазли. Шунинг учун мўмин киши Аллоҳнинг афв қилувчи деган исми билан, нафақат бу исм билан, балки афвни яхши кўришини васила қилиб Аллоҳга дуо-илтижо қилиб афвини талаб қилади. Аллоҳнинг «афув» деган исми зотининг таърифи бўлса, афв қилишни яхши кўриши Унинг ишларининг таърифидир. Демак, бундай дуо қилган киши Аллоҳга зоти ва ишларининг васфи билан васила қилган бўлади.

[1] Саҳиҳ. Ҳоким. «Мустадрак», 1/503, 1300-ҳадис.

[2] Ғаззолий. «Эҳёи улум ад-дин», 3/251.

[3] Ибн Жавзий. «Одоб ал-Ҳасан Басрий», 1/59.

[4] Саҳиҳ: Термизий (3513), Ибн Можа (3850), Аҳмад (6/171), Ҳоким (1/712) ривояти. Ҳадисни саҳиҳ деганлар: Термизий («Сунани»да), Ҳоким (Бухорий ва Муслим шартига мос) ва Албоний («Саҳиҳул жомеъ», 4423).

Изоҳ қолдиринг