Рамазон суҳбатлари (28): Зикр қилувчи бўлинг

0

Зикр қилувчи бўлинг

Бу суҳбатимизда ўзимга ва сизларга бу муборак ойда ва умуман ҳамиша Аллоҳни кўп ёд этишни тавсия қиламан. Аллоҳ таоло Уни кўп зикр қилишга буюриб, айтади:

«Эй мўминлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар» (Аҳзоб, 41).

Бошқа бир оятда Аллоҳ айтади: «Ҳаж амалларини адо этиб бўлгач, Аллоҳни аждодларингизни эслагандек, балки ундан-да кўпроқ эсланг!» (Бақара, 200);

Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркак ва аёллар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни жаннатни) тайёрлаб қўйган” (Аҳзоб, 35).

Аллоҳ таолони кўп ёдга олиш Аллоҳ таолога бўйсуниш демакдир. Ибодатларни жорий этилишидан кўзланган олий мақсад ҳам Аллоҳ таолони зикр этишдир. Аллоҳ таоло айтади: “Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо эт” (Тоҳа, 14). Яъни, Аллоҳни эслаш учун намоз ўқилади. Аллоҳни эслаш учун ҳажга борилади. Аллоҳ таоло айтади: “Саноқли кунларда Аллоҳни зикр қилингиз” (Бақара, 203).

Маълум кунларда (яъни қурбонлик кунларида) Аллоҳ уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини сўйиш асносида Аллоҳ номини зикр қилиш учун келадилар” (Ҳаж, 28).

Шунингдек, қурбонлиқ ҳам Аллоҳни эслаш учун қилинади. Аллоҳ айтади: “Биз ҳар бир умматга Аллоҳ ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини сўйиш асносида Унинг исмини ёд этишлари учун қурбонлик қилишни жорий этганмиз” (Ҳаж, 34).

Рўза ҳам худди шундай. Аллоҳ айтади: “Бу рўза тутиладиган кунлар саноғини тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир” (Бақара, 185).

Шунинг учун Мусо алайҳиссалом Раббидан сўради: “Эй Раббим, акам Ҳорун билан мени қувватла ва белимни маҳкамла. Уни пайғамбарликда менга шерик қил. Токи биз Сенга кўп тасбеҳлар айтиб, Сени поклайлик, Сени кўп зикр қилайлик ва Сенга ҳамду санолар айтайлик. Албатта, Сен бизни кўриб турувчисан”» (Тоҳа, 30-35)

Закариё алайҳиссалом тилдан қолган пайтида ҳам Аллоҳнинг зикрини қўймади. Аллоҳ айтади: “Сенга белги шуки, уч кун одамларга фақат имо-ишора билангина гапира оласан. Раббингни ҳамиша ёд эт ва туну кун Уни поклаб, ибодат қил” (Оли Имрон, 41).

Демак, Аллоҳни зикр қилиш катта аҳамиятга эга экан. Аллоҳни ёд этиш учун ибодатлар жорий этилди. Зикр билан қалблар ором олади. Аллоҳ айтади: “Улар иймон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган кишилардир. Билингки, қалблар Аллоҳнинг зикри  билан  ором олади” (Раъд, 28).

Тилингиздан ҳечам Аллоҳнинг зикри тушмасин. Зикр билан бадан қувватланади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қизлари Фотима разияллоҳу анҳога ётиш олдидан ўттиз уч марта «субҳоналлоҳ», ўттиз уч марта «алҳамдулиллаҳ» ва ўттиз тўрт марта «Аллоҳу акбар» дейишни ўргатдилар ва: «Бу зикр сенга хизматкордан кўра яхшироқдир», дедилар[1].

Аллоҳ таоло айтади: «Раббингиздан мағфират сўранг, сўнг Унинг ўзига тавба қилинг, шунда У сизларни маълум муддатгача (ажалингиз етгунича) чиройли ризқ билан баҳраманд қилади ва ҳар бир яхшилик соҳибига яхшилик (яъни ажр-мукофот) беради” (Ҳуд, 3).

Бошқа оятда Аллоҳ айтади: “Эй қавмим, Раббингиздан мағфират сўранг, сўнг Унга тавба-тазарру қилинг, шунда У устингизга осмондан ёмғир ёғдиради ва қувватингизга қувват қўшади. Жинояткор-гуноҳкор бўлган ҳолингизда юз ўгириб кетманг” (Ҳуд, 52).

Бадан зикр билан қувватланади. Тил зикр билан нам бўлади. Қалб зикр билан ором топади. Аллоҳнинг зикри ила ризқлар оқиб келади. Аллоҳнинг зикри ила қиёматда мартабалар юксалади. Зикр сабабли шайтонлар биздан қочиб яширинади. Шайтоннинг исми ҳам, лақаби ҳам ханнос, яъни яширинувчи. Чунки у Аллоҳ зикр этилганда қочади ва яширинади. Аллоҳ зикр қилинганда малоикалар нозил бўладилар. Аллоҳ зикр қилинганда сокинлик-ором тушади. Зикр мўътабар ибодатдир. Ибодатлар Аллоҳнинг зикри учун жорий қилинар экан, зикрдан ҳам улканроқ амал борми? Гуноҳларимиз зикр ила мағфират қилинади. Ҳар бир тасбеҳ садақа, ҳар бир ҳамд садақа, ҳар бир такбир садақа, ҳар бир таҳлил садақа бўлади. Аллоҳни зикр қилувчи доимо яхшилик ичида бўлади. Аллоҳни зикр қилувчининг гуноҳлари тўкилиб, даражалари юксалади. Аллоҳни зикр қилинг. Одамларни эслаб умидвор бўлиш дард, Аллоҳни зикр қилиб, Ундан умидвор бўлиш шифодир, дейилган. Аллоҳ таоло Ўзини ёд этишга чақирди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Аллоҳни зикр қилишга чорладилар. Шундай экан, Аллоҳни кўп зикр қилайлик. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳни ҳамма вақт зикр қилар эдилар. Раббимиз Қуръони каримда ақл эгаларини сифатлаб, бундай дейди: “Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни эслайдилар” (Оли Имрон, 191).

Улар турганда ҳам Аллоҳни эслайдилар, ўтирганда ҳам Аллоҳни эслайдилар, ётганда ҳам Аллоҳни эслайдилар. Масжидга кирсангиз, Аллоҳни зикр қилиб «бисмиллоҳ» денг. Масжиддан чиқсангиз ҳам Аллоҳни зикр қилинг. Ухламоқчи бўлсангиз ҳам, овқат еганингизда ҳам Аллоҳга ҳамдлар айтиб Аллоҳни ёдга олинг. Аллоҳнинг зикрини қалбига жо этган инсон ғоят улкан фазилатга эга бўлади. Бу муборак ойда Аллоҳни кўп зикр қилайлик. Кўчада юрганимизда ҳам, уйга кирганимизда ҳам, уйдан чиққанимизда ҳам зикр билан юрайлик. Ана шунда сиз Аллоҳнинг ҳимоясида бўласиз. Модомики зикр билан юрар экансиз, шайтон сизга ҳеч қандай таъсир ўтказа олмайди, иншааллоҳ. Аллоҳ айтади: “Иймон келтирган ва ёлғиз Раббиларига таваккул қиладиган зотларга шайтон ҳеч қандай таъсир ўтказолмайди. Шайтон фақат уни дўст тутиб, Аллоҳга шерик қилиб оладиган кимсаларга таъсир ўтказа олади” (Наҳл, 99-100).

Аллоҳнинг зикридан ғафлатда қолмайлик.

Ким Раҳмоннинг зикридан (яъни Қуръондан) юз ўгирса, Биз унга шайтонни ажралмас ҳамроҳ қилиб қўямиз. Шайтонлар кофирларни ҳидоятдан тўсадилар, кофирлар эса ўзларини тўғри йўлдамиз деб ўйлайдилар” (Зухруф, 36-37).

Одамлар ҳақида кўп гапирманг, турли-туман хабарларни муҳокама қилиб, Аллоҳнинг зикридан машғул бўлманг. Аллоҳ айрим қавмлар ҳақида бундай дейди: “Сизлар уларни масхара қилдингиз, ҳатто улар(нинг устидан кулиш) сизларга Мени эслашни унутдирди. Сизлар улардан кулган эдингиз” (Мўъминун, 110).

Аллоҳнинг зикридан бошқа нарсалар билан вақтингизни ўтказманг. Жума намози нима учун жорий этилганини биласизларми? Аллоҳ нима деди? “Эй мўминлар, жума куни намозга азон айтилса, дарҳол фалончи ва фалончининг зикрига шошилинглар» дедими? Йўқ, “Аллоҳнинг зикрига шошилинглар!” (Жумъа, 9) деди. Кейинги оятда эса: “Намоз адо этилгач, ер юзида тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверинглар. Аллоҳни кўп зикр қилинглар, шояд нажот топарсизлар” (Жумъа, 10) деди.

Зикр ҳамиша солиҳларнинг сиймоси бўлган ва шундай бўлиб қолади. Аллоҳ таоло барчамизни Ўзини кўп зикр қилувчи бандалардан қилсин. Омин.

[1] Муслим ривояти, 2728.

Изоҳ қолдиринг