Сийратнинг аҳамияти (3)

0

Биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматни тарбиялаб, давлат қуриш борасидаги дастурини ҳамда халқлар, миллатлар ва давлатларнинг ўзгаришига оид Аллоҳ таолонинг кавний суннатларини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар орасида қай тарзда Аллоҳ таолонинг даъватини тарқатганини ўрганишимиз жуда ҳам муҳимдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан даъватимизда ва динимизни дунёга ҳоким қилишда тутишимиз керак бўлган тўғри йўлни топиб, ниятларимизни соғлом дастур асосида тўғрилаб оламиз. Бу дастурнинг асосий ва иккинчи даражали барча қисми Раббимизнинг китоби ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан олинган. Аллоҳ таоло шундай дейди:

“(Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал ибрат бордир” (Аҳзоб 21).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уммат тарбияси ва давлатчилик тўғрисидаги тушунчаси тўлиқ, комил ва муносиб тушунча эди. Шунингдек, бу тушунча  жамият ва халқни моддий-маънавий юксалтириш ва давлат қуришдаги Аллоҳ таолонинг кавний суннатларига мувофиқ эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам босқичма-босқичлик, ҳақ билан ботил ўртасидаги кураш, сабаб-воситаларни қўллаш ва одамларни ўзгартириш каби суннатлар – қонун-қоидаларга ўта етук ҳикмат ва заковат ила амал қилдилар. У зот саҳобаларнинг қалбини раббоний дастур ва ундаги тушунча, одоб-ахлоқ ва ақидалар билан, шунингдек, Аллоҳ ва инсон, коинот ва ҳаёт, жаннат ва дўзах,  қазо ва қадар ҳақидаги тўғри тушунчалар билан суғордилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тарбия соҳасидаги дастуридан жуда ҳам кучли таъсирланиб, у кишининг йўлланмаларини бажаришга қаттиқ ҳаракат қилдилар. Бирон сабабларга кўра Мадинадан йироқда бўлган саҳобалар уйига қайтгач, шерикларидан улар йўқлигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳолатлари, таълимот ва йўлланмаларида қандай янгиликлар содир бўлгани ва қандай ваҳийлар нозил бўлганини сўраб олишар, ҳар бир катта-ю кичик масалада у зотга эргашишга интилар эдилар.

Биз, иншааллоҳ, сийратнинг барча ҳодисаларини айтиб ўтамиз. Келгусида оламнинг ваҳий келишидан олдинги ҳолати, ўша вақтда ҳукмрон бўлган маданиятлар, ваҳий келган вақтдаги сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва ахлоқий ҳолатлар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёга келишидан олдинги муҳим воқеалар ҳақида сўз юритамиз. Қолаверса, ваҳий нозил бўлиши, даъват босқичлари, Макка даврида одамларда ислом ҳақида тўғри тасаввур пайдо қилиш, уларда ибодат ва ахлоққа оид тушунчалар пайдо қилиш, исломга қарши курашишда мушрикларнинг тутган йўллари, Ҳабашистонга ҳижрат, Тоиф мусибати, Исро ва Меърож воқеаси ҳақида маълумот берамиз. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам турли қабилаларга ўзларини ҳимоя қилишни таклиф қилиши, Ясрибликлар бу таклифни қабул қилишлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадинага ҳижрат қилишини батафсил айтиб ўтамиз. Биз бу воқеаларнинг ҳар бирига бирма-бир тўхталиб, ундан керакли сабоқ ва ибратлар олишга ҳаракат қиламиз. Токи, бу воқеалардан бугунги кунимиздаги мусулмонлар фойда олсинлар.

Биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мадинага кирганидан бошлаб, то вафотларигача бўлган ҳаётини айтиб ўтамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жамият асосларини ўрнатиш борасидаги тушунчаси, жамиятни қандай тарбия қилгани ва давлат қуришда тутган йўллари, ички ва ташқи душманларга қандай қарши курашганини бирма-бир баён қиламиз. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жамиятни бошқариш, аҳли китоблар билан сулҳлашиш борасидаги тушунчаси, жиҳодий ҳаракатлари, иқтисодий муаммоларни ҳал қилишдаги услублари ва мусулмонларга исломнинг асл моҳиятини тушунтириб беришини ҳам баён қилиб ўтамиз.

Сийрат деганда фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилишидан тортиб, то вафот этгунигача бўлган воқеаларни тушуниш катта хато. Бу ҳақда Муҳаммад Ғазолий “Сийрат тушунчаси” китобида шундай дейди: “Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилишидан бошлаб, то вафот этгунигача бўлган тарихини ўқиб, у кишининг ҳаётларини ўргандим, деб ўйлашинг мумкин. Лекин бу жуда катта хато!

Сен Қуръони Карим ва ҳадис илмини тўлиқ ўргансанггина сийрат ҳақида ҳақиқий ва тўғри тушунчага эга бўласан. Қуръон ва ҳадисни қанчалик яхши ўргансанг, Пайғамбаримизни шунчалик яхши танийсан”.

Келгусида Қуръоннинг сийратга алоқадор томонларини ўрганамиз. Шунингдек, Бадр, Уҳуд, Аҳзоб ва Бани Назир ғазотлари, Ҳудайбийя сулҳи ва Табук ғазотидан ибратли сабоқлар олиб, Аллоҳ таолонинг ғалаба ва мағлубият борасидаги кавний суннатларини, Қуръон қандай қилиб воқеа-ҳодисалар орқали инсонлардаги камчиликларни тузатганини ўрганамиз. Зеро, ҳар бир авлод сийратдан ҳаёти давомида ўзига керакли дарслар олади. Бу дарслар ҳар қандай вақтда, ҳар қандай жойга яроқли ва кераклидир.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг