Дард ва даво (29): Аллоҳга яхши гумонда бўлиш билан ўзни алдаш ўртасидаги фарқ

0

Бўлим

Аллоҳга яхши гумонда бўлиш нима-ю, хомхаёлларга берилиб, ўзни алдаш нима, ўртадаги фарқни ойдинлаштириб олдик. Аллоҳга яхши гумонда бўлиш солиҳ амал қилишга сабаб бўлса, ундаса, етакласа, ўшанда чинакам Аллоҳга яхши гумонда бўлиш дейилади. Борди-ю, беамалликка ва гуноҳларга шўнғишга олиб борса, у ҳолда ўзни алдаш ҳисобланади.

Аллоҳга яхши гумонда бўлиш У зотнинг фазл-марҳаматидан умидвор бўлиш демакдир. Қайси умид тоат-ибодатга бошласа, гуноҳлардан тийса, ана ўша ҳақиқий умид бўлади. Кимнинг беамаллиги умид, умиди эса беамаллик бўлса, у алданган кимсадир.

Бировнинг ери бўлса-ю, ундан даромад орттиришни умид қилса, лекин ерни ҳайдамаса, уруғ сепмаса, эътиборсиз ташлаб қўйса, шунга қарамай ерини шудгор қилган, уруғ сепган, суғорган, муттасил парваришлаган кишидек ундан даромад умид қилса, шубҳасиз одамлар уни эсини еган аҳмоқ деб ҳисоблаган бўларди.

Шунингдек, биров фарзандли бўлишни қаттиқ орзу қилса, Аллоҳга яхши гумонда бўлса-ю, уйланмай юраверса ёки кимдир илм ўрганмасдан, унга интилмасдан замонасининг энг пешво олимига айланишни умид қилса ва яхши гумонда яшаса, одамлар ундай кимсанинг эси жойида эканига шубҳа билан қарайдилар.

Тоат-ибодат қилмай, Аллоҳнинг раҳматига яқинлаштирувчи буйруқ ва қайтариқларига риоя қилмай туриб охиратдаги олий даражалар, абадий ноз-неъматлардан қаттиқ умидвор бўлган ва Аллоҳга яхши гумонда бўлган одам ҳам юқорида айтилганларнинг ўзгинаси.

Аллоҳ таоло айтади: “Иймон келтирган, (ватанларидан) ҳижрат қилган, Аллоҳ йўлида курашган зотлар — ана ўшалар Аллоҳнинг раҳматидан умидвордирлар. Аллоҳ мағфират ва раҳм-шафқат қилувчидир” (Бақара, 218).

Мушоҳада қилиб  кўринг, Аллоҳ таоло оятда мазкур амалларни бажаришни умид қилиш деб эътибор қилди. Ҳолбуки, ўзларини алдаб юрган кимсаларнинг фикрича, Аллоҳнинг ҳаққини поймол этган, унга лоқайд бўлган, буйруқларини бажармаган, бандаларга тажовуз қилган, ҳаром амалларга таб-тортмай қўл урадиган инсонлар – ана ўшалар Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлган бандалардир!”.

Масаланинг сири шундаки, умид ва яхши гумон Аллоҳ азза ва жалла Ўз ҳикмати билан шариатда, тақдирда, савоб ва мукофотда жорий этган сабабларни бажариш билан бирга бўлиши керак. Яъни, банда дастлаб шу сабабларни бажариб, сўнг Раббига яхши гумон қилиши, Раббидан уни сабабларнинг ўзига ҳавола қилиб қўймаслигини, бу сабабларни манфаатли ишларга элтувчи қилишини, сабаблардан келиб чиқувчи натижаларга қарши чиқувчи тўсиқларни буриб юборишини, бу тўсиқлар таъсирини буткул йўқотишини умид қилиши лозим.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг