Қиёматнинг кичик аломатлари: Илм кўтарилиб, жаҳолат ёйилиши

0
  1. Илм кўтарилиб, жаҳолат ёйилиши.

Қиёматнинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган аломатларидан яна бири илм йўқолиб, жаҳолат ёйилишидир. Абу Мусо ва Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат арафасида шундай кунлар келадики, унда жаҳолат тарқалади, илм кўтарилади, «ҳарж» кўпаяди. Ҳарж қатлдир”, дедилар[1].

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дарҳақиқат, илм кўтарилиши, жаҳолат мустаҳкам ўрнашиши, ароқ ичилиши ва зино кенг ёйилиши қиёмат аломатларидандир»[2].

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Замон яқинлашиб (вақтлар қисқаради), амал озаяди, бахиллик ёйилади, фитналар зоҳир бўлади, «ҳарж» кўпаяди”. «Эй Расулуллоҳ, у (ҳарж) нима?» деб сўрадилар. У зот: «Қотиллик, қотиллик», деб жавоб бердилар[3].

Ибн Арабий айтади: “Илм кўтарилиши борасида устозлар: «Илм мавжуд бўлатуриб қалблардан ўчади, шу сабабли кўтарилади. Биздан аввал ўтганларда шундай бўлган, лекин бизнинг миллат бундан ҳимояланган. Демак, бизнинг умматдан илм кўтарилиши уламолар вафоти билан бўлади», дейишди. Одамлардан бир тоифа эса: «Илм унга амал қилиш йўқолиши билан ҳам кўтарилиши мумкин. Қуръонни ёдлашади, кейин унга амал қилишмайди, шу билан илм йўқолади…» деди. Менинг фикримча, бу умматдан илм кўтарилишининг уч сабаби бор:

– киши гуноҳ қилади, натижада, шу гуноҳи илмини кетказади;

– илм ўрганади, аммо унга амал қилмайди;

– илмини одамлардан тўсади ва бирор киши ундан манфаат топмайди ёки илмини тарқатишдан ман қилади, оқибатда, вақт ўтиб, тугаб битади”[4].

Қуртубий «Илм озайиши ва жаҳолат ёйилиши қиёмат аломатларидандир»,[5] ҳадисини шарҳлаб, бундай дейди: «Илм озлиги ва жаҳолат кўплиги барча юртларда бирдек кенг тарқалган. Илм кўтарилиши ва озайиши деганда унга амал қилмасликни тушунаман»[6].

Ибн Ҳажар айтади: “Баъзилар: «Ҳадисдан кўзланган мақсад ҳар бир олимнинг илми камайиб қолишидир. Масалан, унутиш сабабли», деган. Яна баъзилар эса: «Илм олимлар ўлими сабабли камаяди. Ҳар сафар бир олим вафот этиб, ортида унга ўринбосар бўладиган киши қолмаса, ўша юртда илм озаяди», деб айтган”[7].

Илм кўтарилиб, жаҳолат ёйилишидан мурод уламолар вафот этиб, улардан кейин одамлар жоҳил кишиларни ўзларига бошлиқ қилиб олиб, натижада, улар ўзлари ҳам адашиб, бошқаларни ҳам адаштириши эканига далил келган. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳумо айтади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим: Албатта, Аллоҳ илмни бандалари (қалби)дан суғуриб олиш билан олиб қўймайди, балки илмни олимларни вафот топдириш билан олади. Ҳатто бирон олимни қолдирмагач, одамлар жоҳил кимсаларни ўзларига бош қилиб олишади, улардан (фатво) сўралганда, илмсизлик билан фатво бериб, (ўзлари ҳам) адашиб, (бошқаларни ҳам) адаштиришади[8].

Абу Умома ал-Боҳилий разияллоҳу анҳу айтади: «Ҳажжатул-вадоъ»да эдик… Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй одамлар, илм қабз этилишидан ва кўтарилиб кетишидан олдин таълим олинглар», дедилар. Ўшанда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилган эди: Эй (Аллоҳ ва Расулига) иймон келтирган (ва Аллоҳнинг шариатига амал қилган киши)лар, сизлар (дин ишларидан ҳали ўзингизга буюрилмаган) нарсалар ҳақида сўраманглар! (Масалан, ҳали содир бўлмаган ишлар ҳақида ёки сўровингиз ортидан шариатда оғирликлар келиши мумкин бўлган нарсалар ҳақида сўрамангизки,) агар (шу нарсаларга) буюрилсангиз, сизларга оғирлик қилиб қолади. Агар шундай нарсалар ҳақида (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлик чоғида ва унга) Қуръон нозил бўлиб турган пайтда сўрасангиз, (ўша нарсанинг ҳукми) сизларга баён қилиб берилади (ва эҳтимолки уни зиммангизга юкланса, сизлар ундан ожизлик қилиб қоласиз). Аллоҳ (таоло) бу нарсаларни (бандаларига) офият ўлароқ тарк қилган. Аллоҳ (бандалари тавба қилса, уларнинг гуноҳларини) кечирувчи  ва (уларга жазо ва иқобни туширмайдиган) Ҳалим зотдир (Моида, 101). (Ровий) айтади: Аллоҳ таоло Пайғамбарига бу оятни нозил қилгандан сўнг, биз у зотдан кўп нарсаларни сўрашга ҳайиқиб, бунга ботинолмай қолган эдик. Сўнг бир аъробий олдига бориб, унга ридо (кийим) бердик… Сўнг унга: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан (илм кўтарилиши ҳақида) сўра», дедик. У бориб: «Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, биздан илм қандай кўтарилади?! Ахир олдимизда мусҳафлар бор бўлса, биз уни таълим олиб, кейин аёлларимиз, зурриётларимиз ва хизматкорларимизга ўргатаётган бўлсак?!» деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бошларини кўтариб қарадилар, юзлари ғазабдан қизариб кетган эди. У зот: «Эй онанг бошингда йиғлагур! Мана бу яҳуд ва насронийлар ҳам олдларида мусҳафлари бўлатуриб, пайғамбарлари уларга олиб келган (шариат) билан бир ҳарфчалик бўлсин боғлиқликлари қолмади. Огоҳ бўлинглар, илм йўқолиши уни тутиб турувчилар (вафот этиб) кетиши сабабли бўлади!» деб уч марта такрорладилар[9].

Ҳофиз Нававий юқорида ўтган Абдуллоҳ ибн Амр ҳадисини шарҳлаш асносида бундай дейди: “Бу ҳадис баён қилиб бердики, юқорида ўтган ҳадисларда айтилган «илм кўтарилиб кетиши»дан мурод унинг қалблардан ўчиб кетиши эмас, балки, уни эгаллаган уламолар вафот этиб, одамлар жоҳил кимсаларни ўзларига бош қилиб олиши, натижада, улар жоҳиллик билан ҳукм чиқариб, ўзлари ҳам адашиб, бошқаларни ҳам адаштиришлари кўзда тутилгандир”[10].

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган бу ишлар биздан аввалги замонлардаёқ содир бўлди. Энди бизнинг замонимиз ҳақида нима дея оламиз?! Ибн Баттол айтади: «Ушбу ҳадисда айтилган барча аломатларни кўзларимиз билан очиқ-ойдин кўрдик. Шубҳасиз, илм камайди, жоҳиллик ёйилди, қалбларни бахиллик эгаллади, фитналар урчиди, қотиллик кўпайди»[11]. Шунинг учун ҳам салафлар илм талаб қилишга қаттиқ ундадилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтади: «Илм олиб қўйилишидан аввал таълим олинг. Унинг олиб қўйилиши илм аҳлининг кетиши сабабли бўлади. Илм олинглар, зеро, ҳеч бирингиз қачон унга муҳтож бўлиб қолишини билмайди. Илм олинглар, инжиқлик ва ўта чуқур кетишдан сақланинглар. Эскиларни маҳкам тутинглар»[12]. Абу Дардо разияллоҳу анҳудан бундай дегани ривоят қилинади: «Нима бўлдики, олимларингиз (вафот топиб) кетмоқда, жоҳилларингиз эса илм олмаяпти. Илм кўтарилиб кетишидан аввал таълим олинглар. Зеро, илм кўтарилиши уламолар кетиши сабабли бўлади»[13]. Дарҳақиқат, бизнинг асримизга келиб ушбу айтилганларнинг бари ўз тасдиғини топди. Илм фақатгина озчилик кишиларда қолди, афсус. Аллоҳ ҳолимизга раҳм айласин!

[1] Бухорий (6653), Муслим (2672), Термизий (2200) ва бошқалар ривояти.

[2] Бухорий (80), Муслим (2671), Термизий (2205) ва бошқалар ривояти.

[3] Бухорий (6652), Абу Довуд (4255) ва бошқалар ривоят қилган.

[4] Абу Бакр ибн Арабий Моликий. «Оризатул-аҳвазий би-шарҳи саҳиҳит-Термизий», 10/121.

[5] Бухорий (81), Муслим (2671), Термизий (2205) ва бошқалар ривояти.

[6] «Ат-тазкира», 748-749-бетлар.

[7] «Фатҳул-борий», 13/17.

[8] Бухорий (100), Муслим (2673), Термизий (2652) ва бошқалар ривоят қилган.

[9] Аҳмад (22290) ва Табароний (7867) ривояти.

[10] Имом Нававий. «Шарҳу саҳиҳи Муслим», 16/224.

[11] Қаранг: Ибн Ҳажар. «Фатҳул-борий», 13/16.

[12] Доримий. «ал-Муқаддима» (143). Абу Довуд. «Сунан», 4/63.

[13] Доримий. «ал-Муқаддима» (245). Ибн Абдулбар. «Жомеъу баёнил-илми ва фазлиҳи», 207-бет.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг