Муҳаммад ибн Ҳанафия (2)

0

Орадан кунлар ўтди. Халифалардан Муовия разияллоҳу анҳу, Язид ва Марвон ибн Ҳакамлар фоний дунёни тарк этиб, боқий дунёга сафар қилдилар. Умавийлардан Абдулмалик ибн Марвон халифа этиб тайинланди. У ўзини мусулмонлар халифаси деб эълон қилди. Унга Шом аҳли байъат бердилар. Ҳижоз ва Ироқ аҳли эса Абдуллоҳ ибн Зубайрга байъат беришди. Ҳар икки даъвогар ҳам ўзига байъат қилмаганларни байъат қилишга чақирар ва ўзини халифаликка ҳақлироқ эканини одамларга уқтирар эди. Шундай қилиб мусулмонлар сафи яна иккига ажралиб қолди. Абдуллоҳ ибн Зубайр Ҳижоз аҳли байъат қилганидек Муҳаммад ибн Ҳанафия ҳам унга байъат қилишини талаб қилди. Муҳаммад ибн  Ҳанафия кимга байъат қилган бўлса унга нисбатан бир қанча мажбуриятларни ўз зиммасига юкланишини яхши билар эди. Байъат қилинган кишини ҳимоя қилиш, уни қўллаб-қувватлаш ва унга мухолиф бўлганларга қарши қилич кўтариш ўша мажбуриятлар жумласидан эди. Ҳолбуки, унга мухолифлар, ўзларича ижтиҳод қилиб, Абдулмалик ибн Марвонга байъат берган мусулмонлардир. Ақли комил, доно киши эса “Сиффийн” кунини асло ёдидан чиқармайди. Орадан узоқ йиллар ўтишига қарамай Муҳаммад ибн Ҳанафия “Сиффийн” кунида ўз қулоқлари билан эшитган ўша бўғиқ, вазмин ва ҳазин нидони асло унута олмайди: “Ҳой мусулмонлар, Аллоҳдан қўрқинглар. Ҳой мусулмонлар жамоаси, аёллар ва болаларни ким ҳимоя қилади, дин ва ор-номусни ким сақлайди, ким Рум ва Дайлам (Каспий шимолидаги катта қабила)га қарши туради? Ҳой мусулмонлар, Аллоҳдан қўрқинглар, мусулмонларга раҳм қилинглар”. Ҳа, бу сўзлар унинг ёдидан чиққан эмас. Шунда Муҳаммад ибн Ҳанафия Абдуллоҳ ибн Зубайрга: “Ўзингиз яхши биласиз, халифаликдан мени бирон илинжим ва истагим йўқ. Мен мусулмонлардан бириман, холос. Агар ҳамма мусулмонларнинг сўзи бир жойдан чиқиб, барчалари сизга ёки Абдулмаликка байъат берсалар, мен ҳам мусулмонлар иттифоқ қилган кишига байъат бераман. Аммо ҳозир сизга ҳам, унга ҳам байъат бермайман. Шундан сўнг Абдуллоҳ ибн Зубайр Муҳаммад ибн Ҳанафияга баъзан борди-келди қилиб, яхши муомала қилса, баъзан эса, алоқа қилмай ва ё дағал муомала қиладиган бўлиб қолди. Бундан ташқари Муҳаммад ибн Ҳанафия атрофида бирлашиб, унинг фикрига қўшилган ва уни ўзларига етакчи қилиб олганлар сони ҳам кўпайиб кетди. Фитнадан ўзларини четга тортган бундайлар сони етти мингга етди. Улар фитна оловига ўтин бўлиб қолишни истамадилар. Муҳаммад ибн Ҳанафияга эргашувчилар кўпайгани сари, Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ғазаби ортар ва байъат қилишни қаттиқ туриб талаб қилар эди. Ва ниҳоят уларнинг байъат қилишларидан умидини узгач, Муҳаммад ибн Ҳанафия ва у билан бирга бўлган Бану Ҳошим ва бошқа қабилалардан бўлганларни Маккадаги икки тоғ орасидаги жойларидан чиқмай, ўша ерда туришга амр қилди ва уларга пойлоқчилар ҳам қўйиб қўйди. Абдуллоҳ ибн Зубайр уларга: “Аллоҳга қасамки, ё менга байъат берасизлар, ё бўлмаса ҳаммангизни ўтда куйдираман” деб, пўписа қилди ва уларнинг ҳаммаларини уйларига қамади. Ўтин йиғдириб, ўтин билан уйларининг атрофини ўраб чиқди. Ўтиннинг кўплигидан ҳатто девор бўйи бўлиб кетди. Бир ўт чақиб юборса, ҳаммалари олов ичида қолиб кетар эдилар. Шунда Муҳаммад ибн Ҳанафия тарафдорларидан бир жамоа унинг ҳузурига келиб: “Рухсат беринг, биз Ибн Зубайр билан жанг қилиб, одамларни ундан халос этамиз”, дедилар. Муҳаммад ибн Ҳанафия уларга деди: “Ахир биз фитнага аралашмай четланган бўлсак, энди ўзимиз ўз қўлимиз билан фитна ўтини ёқамизми?! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаси ва саҳобасининг ўғли билан жанг қиламизми?! Йўқ, Аллоҳга қасамки, Аллоҳ ва Расули ғазаб қиладиган ишни асло қилмаймиз».

Абдулмалик ибн Марвонга Муҳаммад ибн  Ҳанафия ва у билан бирга бўлганларнинг Абдуллоҳ ибн Зубайрдан кўраётган жафолар хабари етганида, уларни ўзига мойил қилиш учун фурсатни ғанимат билиб, уларга чопар орқали бир мактуб юборади. Чиройли ва илиқ сўзлар билан ёзилган мактубда хусусан қуйидагилар ҳам битилган эди: “Ибн Зубайрнинг сизга ва биродарларингизга тазйиқ қилаётгани, қариндошларингиз ўртасини узгани ва қадрингизга етмаётгани ҳақидаги хабар менга етиб қолди. Мана, Шом ерлари сиз ва биродарларингиз учун очиқдир. Келсангиз қучоғимизни очиб кутиб оламиз. Хоҳлаган ерингизга келиб жойлашинг, ўзингизга муносиб яқинлар топасиз ва яхши қўшниларга эга бўласиз. Бизларни ҳам сизларнинг қадр-қийматингизни билувчи, фазл-шарафингизни қадрловчи ва қариндошлик ришталарини боғловчи эканимизни кўрасиз, иншааллоҳ”.

Муҳаммад ибн Ҳанафия сафдошлари билан бирга Шом ерларига юзланиб йўлга чиқдилар. “Убла” (ҳозирда Эйлат) шаҳрига етганларида ўша ерда ўрнашиб, уни ўзларига макон қилиб олдилар. Шаҳар аҳолиси уларни иззат-икром билан кутиб олдилар, яхши жойларга жойлаштириб, яхши қўни-қўшничилик қилдилар. Улар Муҳаммад ибн Ҳанафиянинг ибодати ва чин зоҳидлигини кўргач, уни яхши кўриб қолдилар. Уни шарафлаб, ҳурмат кўрсатдилар. Ўз ўрнида Муҳаммад ибн Ҳанафия ҳам уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарар, улар ичида дин аҳкомларини жорий қилар, уларнинг ўрталарини ислоҳ этар, бирон кимсани бировга зулм қилишига йўл қўймас эди. Бу ҳолатдан воқиф бўлган Абдулмалик ибн Марвон хавотирга тушди ва мулозимларига маслаҳат солди. Улар: “Сизнинг мамлакатингизда қолишларига изн беришингизни яхши деб билмаймиз. Унинг қандай инсон эканини ўзингиз яхши биласиз. Ё сизга байъат берсин, ё бўлмаса юртига қайтиб кетгани маъқул”, дейишди. Маслаҳатдан таъсирланган Абдулмалик ибн Марвон Муҳаммад ибн Ҳанафияга хат ёзиб юборади: “Сиз бизнинг диёримизга келиб, унинг бир четига жойлашиб олдингиз. Мен билан Абдуллоҳ ибн Зубайр ўртасидаги уруш эса, ҳали ҳам давом этиб турибди. Сиз мусулмонлар орасида ном қозонган обрў-эътиборли инсонсиз. Модомики бизнинг ерларимизда турибсизми, менга байъат қилинг. Менга байъат қилсангиз, “Қулзум” портидан келган юзта кемани ичидаги барча нарсалари ва одамлари билан сизга ҳадя қиламан. Бунга қўшимча яна сизга миллион дирҳам бераман. Аммо бу ўзингиз, фарзандларингиз, қариндошларингиз, қўл-остингиздагилар ва биродарларингиз зиммасига муайян вазифа ва мажбуриятлар юкланиши эвазига бўлади. Агар бош тортсангиз, унда менинг қўл остимда бўлмаган ерларга кўчиб кетинг”. Муҳаммад ибн Ҳанафия унга шундай жавоб хати ёзиб юборади: “Муҳаммад ибн Алидан Абдулмалик ибн Марвонга. Ассалому алайкум. Мен сиз учун Ундан ўзга ҳақ илоҳ бўлмаган Аллоҳга ҳамд-сано айтаман. Аммо баъд. Сиз мендан хавсираяпсиз чоғи. Менинг халифалик ишига муносабатимни яхши биласиз, деб ўйлайман. Аллоҳга қасамки, битта қишлоқдан бошқа барча уммат менга байъат қилса ҳам қабул қилмайман ва ўша бош тортган қишлоқ аҳлига уруш очмайман. Маккада эканимда Абдуллоҳ ибн Зубайр унга байъат қилишимни истади. Мен бош тортганимдан сўнг, яхши муомалада бўлмади. Шу вақтда сиз ўзингиз менга мактуб йўллаб, Шом диёрига кўчиб келиб, шу ерларда яшашимга даъват этдингиз. Салтанатингиз марказидан узоқлиги ва нарх-навосининг арзонлиги боис, сизга қарашли ерларнинг энг чеккасидаги бир шаҳарга келиб жойлашдик. Энди сиз менга мана шу хатни ёзиб юборибсиз. Биз сизнинг ерингиздан кетамиз, иншааллоҳ”.

Муҳаммад ибн Ҳанафия ўз аҳли ва одамлари билан Шом диёрларидан чиқиб кетади. Йўлда қаерга бориб тушсалар, тезда у ердан чиқиб кетишлари талаб қилинар эди. Бу ғам-ташвиш етмаганидек Аллоҳ таоло бундан-да қаттиқроқ, бардош бериш оғирроқ синов билан имтиҳон қилди. У ҳам бўлса, Муҳаммад ибн ҳанафияга эргашганлардан иймони заиф ва ғафлат босган бир қанча кишилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Имом Али ва унинг аҳлининг қалбига кўпгина илм асрорини, дин қоидаларини ва шариат хазиналарини жойлаб кетганлар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли байтни улардан бошқаларга билдирмаган нарсалар билан хослаганлар”, деган гапларни айта бошладилар. Албатта, Муҳаммад ибн Ҳанафиядек оқил, доно, фаҳм-фаросатли олим бу сўз ичида яширинган залолатни ва ҳақдан тойишни дарҳол идрок этди. Табиийки, бу сўз хатарли ва зарарли эканидан Ислом ва мусулмонлар ўртасида тарқаши мумкин эмас эди. Шунинг учун Муҳаммад ибн  Ҳанафия одамларни тўпладилар ва Аллоҳга ҳамд-сано, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот ва саломлар йўллаганларидан сўнг шундай деди: “Айрим кишилар бизларда, яъни аҳли байтда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа одамларга билдирмаган, бизларгагина билдирган хос илм бор, деб ўйлаб қолибдилар. Аллоҳга қасамки, биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан мана шу Қуръондан бошқа нарсага ворис бўлмаганмиз. Кимки бизда Аллоҳнинг Китобидан бошқа фақат бизгина ўқийдиган алоҳида нарсалар бор, деб ўйласа, ёлғон гапирган ва ёлғон тўқиган бўлади”.

Муҳаммад ибн Ҳанафияга баъзи биродарлари “Ассалому алайка, эй Маҳдий”, деб хитоб қилсалар, у “Ҳа, мен ҳидоятдаман, иншааллоҳ, сизлар ҳам ҳидоятда бўласизлар. Аммо салом берсаларингиз исмимни айтиб “Ассалому алайка, эй Муҳаммад” деб, салом беринглар”, дер эди.

Муҳаммад ибн  Ҳанафия ва у билан бирга бўлганлар ўрнашиб олган жойдаги қийинчилик узоқ чўзилмади. Сабаби, Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий Абдуллоҳ ибн Зубайрни қатл қилгач, барча мусулмонлар Абдулмалик ибн Марвонга байъат бердилар. Муҳаммад ибн Ҳанафия ҳам Абдулмалик ибн Марвонга хат йўллаб байъат берганини эълон қилди: “Мўминлар амири Абдулмалик ибн Марвонга Муҳаммад ибн Ҳанафиядан. Аммо баъд. Халифалик вазифаси сиз тарафга ҳал бўлиб, одамлар сизга байъат берганларини кўргач, мен ҳам шулардан бири ўлароқ, сизга Ҳижоздаги волийингиз орқали байъат бердим ва байъатимни ушбу мактуб орқали сизга юбордим. Вассаламу алайка”.

Абдулмалик ибн Марвон Муҳаммад ибн Ҳанафиядан келган мактубни мулозимларига ўқиб берганида, улар: “Агар у бизларга қарши чиқишни хоҳлаганида ва халифалигингизга рози бўлмай, ишни бузаман деса, қўлидан келар эди. Сиз унга қарши бирон чора топа олмас эдингиз. Шунинг учун уни ва у билан бирга бўлганларни асло безовта қилмаслик, ранжитмаслик ва уларга омонлик бериш ҳақида чин аҳду-паймон битилган мактуб йўлланг”, деб маслаҳат бердилар. Абдулмалик ибн Марвон маслаҳатга кўра шундай мактуб юборди. Ҳажжожга ҳам мактуб йўллаб, унда Муҳаммад ибн Ҳанафиянинг ҳурматини жойига қўйишга ва унга зиёда иззат-икром кўрсатишга амр қилди. Аммо Муҳаммад ибн Ҳанафия шундан сўнг кўп яшамади. Аллоҳ таоло уни Ўзининг ҳузурига рози бўлган ва рози бўлинган ҳолда келишини ихтиёр этди.

Аллоҳ таоло Муҳаммад ибн Ҳанафиянинг қабрини мунаввар айласин. Жаннатда руҳларини шод қилсин. Дарҳақиқат, Муҳаммад ибн Ҳанафия ер юзида зулм-зўравонлик ва бузғунчилик қилишни истмайдиган кишилардан эди.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг