Қиёматнинг кичик аломатлари: Йиртқич ҳайвонлар ва жонсиз моддаларнинг одамлар билан сўзлашиши

0
  1. Йиртқич ҳайвонлар ва жонсиз моддаларнинг одамлар билан сўзлашиши.

Йиртқич ҳайвонлар одамлар ила гаплашиши, кишига ўзининг сони ундан кейин оиласига нима бўлганини айтиб бериши, пойабзал ва қамчи ўз эгаси билан сўзлашиши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган қиёмат аломатларидандир.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тонг намозини ўқигач, одамларга юзланиб бундай дедилар: “Бир киши сигир ҳайдаб бораркан, уни миниб олиб, урди. Шунда сигир: «Биз бунинг учун яратилмаганмиз, ер ҳайдаш учун яратилганмиз», деди”. Одамлар: «Субҳоналлоҳ, сигир гапирса-я!» дейишганди, у зот: «Бунга мен ишонаман, Абу Бакр ва Умар ишонади», дедилар, ўша пайтда у икковлари у ерда йўқ эди. У зот яна айтдилар: “Бир киши қўй боқиб юрганида бир бўри ҳужум қилиб, битта қўйни тортиб кетган эди, у бўрининг ортидан қувиб бориб, қўйни ундан қутқариб олгандек бўлди. Шунда бўри: «Буни-ку мендан қутқариб олдинг, (ҳаммаси) йиртқичларга қоладиган ва мендан бошқа чўпон бўлмайдиган кунда ким уларга қараркин?!» деди”. Одамлар: «Субҳоналлоҳ, бўри гапирса-я!», дейишганди, у зот: «Бунга мен ишонаман, Абу Бакр ва Умар ишонади», дедилар, ўша пайтда у икковлари у ерда йўқ эди”[1].

Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу айтади: “Бўри бир қўйга ҳужум қилиб, уни олиб қочди. Чўпон унинг ортидан етиб бориб, қўйини тортиб олди. Шунда бўри думини босиб ўтирди ва: «Аллоҳдан қўрқмайсанми? Аллоҳ менга ризқ қилиб берган нарсани мендан тортиб оляпсан», деди. Чўпон: «Во ажаб, бўри думи устига ўтириб олиб, инсондек гапиряпти!» деди. Бўри: «Сенга бундан ҳам ажабланарли нарсанинг хабарини берайми? Ясрибда Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) деган киши одамларга илгари ўтганларнинг хабарини беряпти», деди. Чўпон сурувини ҳайдаб, Мадинагача келди. Қўйларини Мадинанинг бир четида қолдириб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди ва бўлган воқеани у зотга айтиб берди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқлари билан «Ас-салоту жомиъа» (жамоат намозига) деб нидо қилинди. У зот чиқиб келдилар, сўнг чўпонга: «Уларга ҳам гапириб бер», дедилар, у гапириб берди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, у тўғри сўзлади. Йиртқич ҳайвонлар одамларга гапирмагунча, кишига қамчисининг бир учи ва оёқ кийимининг боғичи сўзламагунча, ўзининг сони аҳли-оиласи ундан кейин нималар қилганини хабар бермагунча қиёмат қойим бўлмайди», дедилар”[2].

Қуртубий айтади: “Бу ҳадисда кофир табиблар ва динсиз даҳрийларга раддия бўлиб, у сўзлаш инсонийлик қадр-қиммати ва ё ақл ноқислигига алоқадор эмаслигидир. Балки йўқдан бор қилувчи Зот жалла жалолуҳу Ўзи хоҳлаган вақтда, хоҳлаган нарсасида: жонсиз буюмда ҳам, тилсиз ҳайвонда ҳам қудрати ила каломни пайдо қилиб, яратиб қўя олади. Дарҳақиқат, тошу дарахт Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга худди инсон каби гапириб салом берар эди. Бу нарса ҳадисларда собит бўлган. Қадимги ва ҳозирги усулийлар ҳам шу фикрда бўлишган.

«Саҳиҳайн»да хабари келган, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сигир ва бўрининг гапиргани ҳақидаги ҳадислар ҳам собит эканига иттифоқ қилинган. Бу Ибн Диҳянинг сўзидир”[3].

Буларнинг бари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хабарлари бўлиб, қиёмат аломатларидан саналади. Улар гарчи ғайриоддий, бошдан ўтказилмаган ишлар саналса-да, у зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам тарафларидан собит бўлгани учун унга иймон келтириш ва тасдиқлаш вожибдир.

[1] Бухорий (3284), Муслим (2388), Термизий (3695) ва бошқалар ривояти.

[2] Имом Аҳмад «Муснад»ида (11792), Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ»ида (2109), Баззор (2431), Ҳоким «Мустадрак»да (4/468) ривоят қилган ва: «Муслим шартига кўра саҳиҳ ҳадис», деган. Заҳабий буни тасдиқлаган. Шайх Албоний «Ас-силсила ас-саҳиҳа»да (122) келтириб: «Санади саҳиҳ, ровийлари ишончли» деган.

[3] Имом Қуртубий. «Ат-тазкира фи аҳволил-мавто ва умурил-охира», 746-бет.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг