Аллоҳ суйган бандалар: Зинодан четланиш (1)

0

“(Раҳмоннинг суюкли бандалари) зино қилмайдиган кишилардир” (Фурқон, 68).

Мусулмон киши доимо иффатини ва авратини сақловчи бўлади.

Аллоҳ таоло деди: “Улар ўз жинсий аъзоларини Аллоҳ ҳаром қилган ҳар қандай фаҳш ишлардан сақловчилардир. Фақат ўз хотинлари ёки чўрилари бундан мустасно бўлиб, улар билан қўшилиш ва улардан лаззат олишларида ҳеч қандай гуноҳ ва маломат йўқ. Ким ўзининг хотини ё чўрисидан бошқа билан ҳузурланишни истаса, у ҳалолдан ҳаромга ўтган бўлади” (Муъминун, 5-7).

Қуйида буни батафсил баён қиламиз.

Жинсий аъзони зинодан сақлаш

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Зинокор зино қилаётган пайтида мўмин ҳолида зино қилмайди, ўғри ўғрилик қилаётган пайтида мўмин ҳолида ўғрилик қилмайди, ароқ (маст қилувчи ичимлик) ичувчи одам ичаётган пайтида мўмин ҳолида ичмайди” (Бухорий (“Фатҳ ал-Борий”, 10/30), Муслим (Нававий шарҳи, 2/41) ривояти).

Абдуллоҳ ибн Зайд разияллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ҳой араблар! Ҳалокат, ҳалокат! Огоҳ бўлинглар! Мен сизлар учун энг қўрққан нарса зино ва махфий шаҳват (яъни риёкорлик)дир», деганларини эшитдим” (Табароний ривояти. Албоний “Ас-силсила ас-саҳиҳа”да (508) саҳиҳ деган).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу қилган ривоятда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Аллоҳ таоло қиёмат куни уч тоифа кишига – зинокор қария, ёлғончи подшоҳ ва кибрли камбағалга гапирмайди, уларни покламайди, уларга қарамайди ва уларга аламли азоб бордир” (Муслим ривояти. Нававий шарҳи, 2/115).

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу деди: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Аллоҳ таоло ҳузурида энг катта гуноҳ қайси?» деб сўраган эдим, «Аллоҳ таоло сени яратгани ҳолда сен Унга ширк келтиришинг», дедилар. Мен: «Ҳақиқатда бу энг катта гуноҳдир. Ундан кейин-чи?” деб сўрадим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Таомингга шерик бўлишидан қўрқиб, ўз болангни ўлдиришинг”, дедилар. Мен: “Ундан кейин-чи?” деб сўрадим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қўшнингнинг хотини билан зино қилишинг”, деб жавоб қилдилар (Бухорий (“Фатҳ ал-Борий”, 8/163), Муслим (Нававий шарҳи, 2/80) ривояти).

Бурайда разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Мужоҳидларнинг аёллари жиҳодга чиқмаган кишиларга худди ўз оналаридек ҳаромдирлар. Жиҳодга чиқмаган қай бир киши бирон мужоҳиднинг аҳли оиласига қараб турган бўлса-ю уларга хиёнат қилса, қиёмат куни мужоҳид унга (даъвогар бўлиб) туради ва хоҳлаганича унинг савобларидан олади” (бир ривоятда: “Нима деб ўйлайсизлар, савобларидан унга бирон нима қолдирармикин?!”) (Муслим (Нававий шарҳи, 13/41), Абу Довуд (4/8), Насоий (6/51) ривояти).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг