Қиёматнинг кичик аломатлари: Зилзилалар кўпайиши, ер ютиш, тош ёғиш ва баъзи инсонларнинг ҳайвонга айлантирилишининг зоҳир бўлиши

0

10. Зилзилалар кўпайиши, ер ютиш, тош ёғиш ва баъзи инсонларнинг ҳайвонга айлантирилишининг зоҳир бўлиши.

Зилзилалар кўпайиши, ер ютиш, осмондан тош ёғиши, баъзиларнинг маймун ва чўчқаларга айлантирилиши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган қиёмат белгилари ва аломатларидан бўлиб, у зотдан собит бўлган талай ҳадислар шунга далолат қилади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Илм кўтарилиб, зилзилалар кўпаймагунча қиёмат қойим бўлмайди»[1], дедилар.

Ҳофиз Ибн Ҳажар айтади: «Шимол, шарқ ва ғарбдаги талай юртларда кўплаб зилзилалар рўй берди. Лекин англашимча, кўпайишидан мурод кенг кўламда ва давомий бўлишидир»[2].

Дарҳақиқат, асримизга келиб турли жойларда зилзилалар рўй бериши кўпайиб кетди. Бу Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам хабарларининг тасдиғидир.

Ойша разияллоҳу анҳо ривоят қилади: Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Бу уммат охирида ер ютиш, (тўнғиз ва маймун каби) жирканч суратларга айлантириш ва (самодан) тош ёғиш юз беради». Мен: «Ё Расулуллоҳ, орамизда солиҳ кишилар бўлса ҳам ҳалок бўламизми?» дедим. У зот: «Ҳа, қачон ахлоқсизлик ёйилса», деб жавоб бердилар[3].

Имрон ибн Ҳусойн разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бу умматда ер ютиш, тўнғиз ва маймунларга айлантирилиш, тош ёғиши содир бўлади». Мусулмонлардан бири: «Бу қачон бўлади, ё Расулуллоҳ?» деб сўради. «Яллачилар, мусиқалар кўпайганда, маст қилувчи ичимликлар ичилганда», дедилар[4].

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Қачон ўлжалар бойлик, омонат эса ўлжа, закот жарима қилиб олинса, илм диндан бошқа нарса учун ўрганилса, киши хотинига итоат этиб, онасига оқ бўлса, дўстини ўзига яқин олиб, отасини четлатса, масжидларда овозлар кўтарилса, юртга фосиқ киши бошлиқ бўлса, қавм сардори энг хорлардан бирига айланса, бир кишини ёмонлиги етиб қолишидан қўрқилгани учун ҳурмат қилинса, хонандалар ва чолғу асбоблари кенг тарқалса, ароқлар ичилса, бу умматнинг охири аввалини лаънатласа, ана ўшанда қизил шамол, зилзила, ер ютиш, ўзга суратга айлантирилиш, тош ёғиш ва бошқа аломатлар маржоннинг ипи узилиб, бирин-кетин тўкилиб тушгани каби кетма-кет келишини кутаверинглар»[5].

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ер ютиш, бошқа суратга айлантириш ва тош ёғиш худосизлар ва қадарийларда бўлишини хабар берганлар. Нофеъдан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Умар (разияллоҳу анҳумо) ҳузурида ўтирган эдик, бир киши келди ва: «Фалончи сизга салом йўллади», деди Шом аҳлидан бўлган бир кишини назарда тутиб. Шунда Абдуллоҳ: “Менга етиб келишича, у динда бидъат чиқарган экан. Агар шундай бўлса, мендан унга салом айтма. Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Дарҳақиқат, умматимда бошқа қиёфага айлантириш ва осмондан тошбўрон қилиниш юз беради. У зиндиқ-худосизлар ва қадарийларда бўлади» деганларини эшитганман”, деди[6].

Юқорида ўтган ҳадисларда ер ютиш, тош ёғиш ва жирканч қиёфаларга айлантирилиш зикр қилинишида осий-гуноҳкорлар, куй-қўшиқ аҳли ва маст қилувчи ичимлик ичувчи кимсалар учун қаттиқ азоб таҳдиди бўлиб, Аллоҳ уларни ана шу исёнлари ва қутуришлари даражасига қараб ушбу уқубатларга ё улардан баъзиларига дучор этади. Айни дамда улар қиёмат аломатларидан бўлиб, зоҳир бўлиши яқинлашгани сайин гуноҳлар ёйилиши ҳам ортиб бораверади. Чунки қиёмат фақат энг ёмон одамлар устига қойим бўлади. Валлоҳу аълам.

[1] Бухорий, 989.

[2] «Фатҳ ал-Борий», 13/87.

[3] Термизий (2185) ривоят қилган ва «ғариб ҳадис» деган. Албоний «Саҳиҳ ал-жомеъ»да (8156) «саҳиҳ» санаган.

[4] Термизий, 2212.

[5] Термизий, 2212. Албоний. «Заиф ал-жомеъ», 287.

[6] Аҳмад, 9/73. Аҳмад Шокир «ҳадис санади саҳиҳ» деган.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг