Жума боби (7): Жума намозининг вақти

1

Бир юз ўттиз олтинчи ҳадис 

عن سَلَمَةَ بن الأكوع – وكان من أصحاب الشجرة رضى الله عنه – قال: “كُنَّا نُصَلي مَعَ رَسُولِ الله صلى الله عليه وسلم صَلاَةِ الجُمُعَةِ ثُمَّ نَنْصَرِفُ وَلَيس َ لِلحِيطانِ ظِلّ نستظِلُّ بِهِ “.

وفي لفظ: “كُنَّا نجِّمع مَعَ رَسولِ الله صلى الله عليه وسلم إِذَا زَالَتِ الشمس، ثم نَرجِعُ فَنّتَتَبَّعُ الفيءَ”.

 

Салама ибн Акваъ разияллоҳу анҳудан – у Ҳудайбияда дарахт остида байъат қилган саҳобалардан эди – ривоят қилинади: “Биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга жума намозини ўқиб (уйга) қайтар эканмиз, деворларнинг биз соялангудек сояси бўлмас эди” (Бухорий, 4168. Муслим, 860).

Бир ривоятда бундай дейилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан жума намозини қуёш заволга оққанда ўқир, сўнг (уйга) қайтиб (қайлула учун) соя излар эдик” (Муслим, 860).

Шарҳ

Салама ибн Акваъ разияллоҳу анҳунинг айтишича, одатда саҳобалар Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга жума намозини эрта ўқишар эди. Жума хутбасини эшитиб, намозни ўқиб бўлганларидан сўнг уйларига қайтар чоғларида қуёш тиккага келгани боис деворларнинг сояси бўлмас эди. Иккинчи ривоятда эса, саҳобалар Набий  саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан жума намозини қуёш заволга оққандан сўнг ўқиб, кейин уйга қайтишлари айтилади.

Уламолар ихтилофи

Уламолар жума намозининг охирги вақти пешин намозининг охирги вақти билан бирдек эканига иттифоқ қилишган. Бироқ унинг бошланиш вақти ҳақида турли фикрларни билдиришган. Уч имом (Абу Ҳанифа, Молик, Шофеий)нинг фикрига кўра, жума намозининг вақти пешин сингари қуёш заволга оғиши билан бошланади. Бунга бир қанча далилларни келтиришган. Жумладан, Имом Бухорий Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жума намозини қуёш заволга оққанда ўқир эдилар”.

Имом Аҳмаддан нақл қилинган машҳур ривоятда айтилишича, жума намозининг кириш вақти ҳайит намозинининг кириш вақти билан бирдек. Бунга бир қанча далилларни келтирган. Шарҳланаётган биринчи ҳадис шулар жумласидан. Шунингдек, Имом Муслим ва Имом Аҳмад Жобир разияллоҳу анҳумодан ривоят қилган қуйидаги ҳадис ҳам мазкур фикрни қўллаб-қувватлайди: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам жума намозини ўқиб бўлганларидан сўнг қуёш заволга оққан пайтда (сув ташувчи) туяларимизнинг олдига бориб уларга дам берар эдик”.

Жумҳур уламолар Имом Аҳмад келтирган ҳадисларни ҳақиқатдан йироқ таъвиллар билан изоҳлашга урунишган. Ушбу масалада Шавконий раҳимаҳуллоҳ “Найл ал-автор” китобида айтган сўзлари ҳақ гапдир. Шавконий айтади: “Жумҳур уламолар айтган беўхшов таъвилларга ҳожат йўқ. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам жума намозини қуёш заволга оққандан кейин ўқиганлари ҳақида келган саҳиҳ ҳадисларга келсак, улардан заволдан олдин жума намозини ўқиш жоиз эмас деган хулоса чиқмайди”.

Менимча, (Шайх Оли Бассом) жума намозини қўёш заволга оққандан кейин ўқиш афзал ва яхшироқ. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўпинча шу вақтда ўқир эдилар. Қолаверса, ушбу вақтда ўқиш жоизлигини барча уламолар бир овоздан айтишган. Аммо жазирама иссиқда намозхонларни соялантирадиган жой йўқлиги ёки заволдан олдин жангга чиқиш лозимлиги каби зарурат ҳолатларда жума намозини заволдан олдин ўқишнинг зиёни йўқ.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар

1 – Жума намозини қишда ҳам, ёзда ҳам дастлабки вақтида ўқиш жоиздир. Жазирама иссиқда “намозни совутиш” (кун салқинлашгунга қадар кечиктириш) ҳақида келган далиллар пешин намозига хос бўлади.

2 – Ҳадиснинг зоҳиридан жума намозини қуёш заволга оғишидан олдин ўқиш жоизлиги тушунилади. Чунки ҳадисда саҳобалар жума намозини ўқиб, уйларига қайтаётган пайтда деворларнинг соялангудек сояси бўлмаслиги айтилган. Юқорида айтиб ўтганимиздек, бу масаладаги тўғри фикр ҳам шу.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion1 комментарий

Изоҳ қолдиринг