Аллоҳ суйган бандалар: Зинодан четланиш (3)

0

Ҳайвонлар билан қўшилишдан сақланиш

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Тўрт тоифа кимсалар Аллоҳнинг ғазабида тонг оттириб, ғазабида кеч киритадилар”. “Улар кимлар, ё Расулуллоҳ?” деб сўрашди. “Ўзини хотинларга ўхшатган эркаклар, ўзини эркакларга ўхшатган аёллар, ҳайвон билан яқинлик қилган кимса, эркак билан қўшилган эркак”, дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам (Табароний ва Байҳақий ривояти, санади заиф).

Ҳоким Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган марфуъ ҳадис[1]да бундай дейилган: “Лут қавмининг ишини (яъни, баччабозлик) қилган киши малъундир. Ҳайвонларга (жинсий)  яқинлик қилган киши малъундир” (заиф ҳадис).

Юқорида келган ҳадислар заиф бўлишига қарамай, уламолар ҳайвонлар билан жинсий яқинлик қилиш ҳаромлигига иттифоқ қилганлар. Бунга қуйидаги оятнинг умумийлиги далил бўлади. Аллоҳ таоло деди: “Улар ўз жинсий аъзоларини Аллоҳ ҳаром қилган ҳар қандай фаҳш ишлардан сақловчилардир. Фақат ўз хотинлари ёки чўрилари бундан мустасно бўлиб, улар билан қўшилиш ва улардан лаззат олишларида ҳеч қандай гуноҳ ва маломат йўқ. Ким ўзининг хотини ё чўрисидан бошқа билан ҳузурланишни истаса, у ҳалолдан ҳаромга ўтган бўлади” (Муъминун, 5-7).

Ҳайз пайтида аёлига қўшилиш

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким аёлига ҳайз пайтида ёки унинг орқа авратига яқинлик қилса, ёки фолбинга бориб, уни тасдиқласа, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган динга кофир бўлибди” (Абу Довуд (4/15) ривояти. Албоний “Одоб ал-зифоф”да (15) саҳиҳ деган).

[1] Марфуъ ҳадис – Саҳоба Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат берган сўз.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг