Қиёматнинг катта аломатлари: Маҳдий чиқиши (1)

0

ИККИНЧИ БЎЛИМ: ҚИЁМАТНИНГ КАТТА АЛОМАТЛАРИ

Бу бўлим қуйидаги мавзуларни ўз ичига олади:

  1. Маҳдий чиқиши.

  2. Масиҳ Дажжол фитнаси.

  3. Исо ибн Марям алайҳиссалом тушиши.

  4. Яъжуж ва Маъжуж чиқиши.

  5. Қуёшнинг кунботардан чиқиши.

  6. Добба чиқиши.

  7. Охирзамонда бўладиган тутун.

  8. Уч марта ер ютиши.

  9. Одамларни тўплайдиган олов.

Биринчи фасл

Маҳдий чиқиши

Қиёматнинг катта аломатларидан бири охирзамонда Маҳдийнинг зоҳир бўлишидир. Маҳдий уммат бошқарувини қўлга олади ва динни тирилтиради. У Ислом билан ҳукм қилиб, жабру зулмга ботган ерни адолатга тўлдиради. Уммат унинг замонида илгари ҳеч қачон кўрмаган яхшилик, роҳат-фароғат ва неъматлар ичида яшайди. Ҳофиз Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Унинг замонида мева-чевалар кўп, экин-тикинлар мўл, молу дунё беҳисоб, салтанат енгилмас, дин қойим, душман мағлуб, яхшилик бардавом бўлади»[1].

Бу мавзуда сўз қуйидаги масалаларда боради:

Биринчи масала маҳдий” сўзининг маъноси.

Маҳдий – луғатда «ҳидоят» сўзидан олинган бўлиб, «ҳидоятланган» маъносини билдиради. Ҳидоят – тўғрилик ва йўллаш демакдир. Бирор йўлга йўллаш эса ўша йўлни танитиб, билдириб қўйишни англатади[2].

Ибн Асир айтади: «Маҳдий – Аллоҳ ҳақ йўлга ҳидоят қилган киши бўлиб, бу исм болаларга қўйила бошланди ва ҳатто урфга айланиб кетди»[3].

“Маҳдий” деган сўз талай ҳадисларда келган. Жумладан, Ирбоз ибн Сориянинг ҳадисида: «…маҳдий бўлган хулафойи рошидинлар суннатини ҳам (маҳкам ушланглар)»[4], деб келади.

Ибн Асир айтади: «Ҳадисдаги маҳдий (ҳидоятланган) халифалардан мурод Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алидир (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин). Шундай бўлса-да, уларнинг йўлларидан юрган барчага бу номни омматан қўллаш дуруст саналади»[5].

Биз бу ерда назарда тутган Маҳдийдан мурод эса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат берган киши бўлиб, у охирзамонда келади, дини Исломни қўллайди ва адолатни ёяди. Мусулмонлар у кишига эргашади ва исломий мамлакатларни қўлга киритади. Маҳдий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли байтларидан бўлади. Унинг замонида Исо алайҳиссалом ҳамда Дажжол чиқади.

Маҳдий борасида кўп ҳадислар келган бўлиб, улар саҳиҳ, ҳасан,  қониқарли заиф ва ўта қаттиқ заиф ривоятлардан иборат[6].

Ушбу ҳадисларда келишича, ер юзи зулм, фасод ва туғёнга тўлиб тошгач, Маҳдий одамлар орасидан чиқади ва жабру зулмга ботган дунёни адолат ва ҳаққониятга чевиради.

У Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам сулоласидан, Фотима разияллоҳу анҳо зурриётидан чиқади. Яноғида порлаб турган юлдуздек холи бўлади.

Иккинчи масала – исми, отасининг исми ва насаби.

Маҳдийнинг исми «Муҳаммад», отасининг исми «Абдуллоҳ» бўлади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар дунёдан фақат бир кун қолса-да, Аллоҳ мендан – ёки аҳли байтимдан – исми исмимга, отасининг исми отамнинг исмига ўхшаган бир кишини чиқармагунча ўша кунни узайтириб туради…»[7]

Бошқа ривоятда эса: «Менинг аҳли байтимдан бўлган, исми исмимга ўхшаган бир киши арабларга соҳиб чиқмагунча дунё тугаб битмайди», деганлар[8].

Яна бир ривоятда эса: «Менинг аҳли байтимдан бўлган, исми исмимга ўхшаган бир киши раҳбар бўлади…» деб хабар берганлар[9].

Насабига келсак, талай ривоятлар Маҳдий Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам қизлари Фотима разияллоҳу анҳо зурриётидан эканини баён қилади.

Умму Салама разияллоҳу анҳо айтади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганларини эшитдим: «Маҳдий менинг пушти-камаримдан, Фотиманинг болаларидандир»[10].

Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Маҳдий биздан, аҳли байтдан. Аллоҳ уни бир кечада ислоҳ қилади»[11].

Ушбу хабарларнинг барчаси Маҳдий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам зурриётидан, Фотима разияллоҳу анҳо авлодидан эканини тасдиқлайди. Умматнинг жумҳур уламолари тўғри деб билган нарса ҳам шудир. Бундан четланиб, бошқа заиф ва тўқима ҳадисларга юзланиш тўғри бўлмайди.

Ҳофиз Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ Маҳдий ҳақида: «У Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Алавий (яъни Али разияллоҳу анҳуга нисбатан) ал-Фотимий (Фотима разияллоҳу анҳога нисбатан) ал-Ҳасанийдир (Ҳасан разияллоҳу анҳуга нисбатан)», деган[12].

[1] Ибн Касир. «Ан-ниҳоя фил-фитан вал-малоҳим», 1/31.

[2] Қаранг: «Ан-ниҳоя фи ғарибил-ҳадис» (5/254). «Лисонул-араб» (15/353, 354).

[3] «Ан-ниҳоя фи ғарибил-ҳадис», 5/254.

[4] Термизий (2676), Ибн Можа (44) ва бошқалар ривояти.

[5] «Ан-ниҳоя фи ғарибил-ҳадис», 5/254.

[6] Ибн Қаййим «Ал-манорул муниф»да (148) бунга ишора қилиб: «Ушбу ҳадислар тўрт қисмдир: Саҳиҳ, ҳасан, ғариб ва тўқима ҳадислар», деди. Албоний ҳам «Тахрижу аҳодиси фазоил аш-шом» асарида (42) шундай деган.

[7] Термизий (2231) ва Абу Довуд (4282) ривояти.

[8] Термизий (2230) ва Абу Довуд (4282) ривояти.

[9] Термизий (2231) ва Абу Довуд (4282) ривояти.

[10] Абу Довуд «Сунан»ида (4284), Ибн Можа «Сунан»ида (2/1368), Ҳоким «Мустадрак»да (4/557) ривоят қилган, Албоний «Саҳиҳ ал-жомеъ»да (6734) саҳиҳ санаган.

[11] Ибн Можа (4085) ва Аҳмад (1/84) ривояти. «Бир кечада ислоҳ қилади» дегани – Аллоҳ уни мағфират қилади, тавфиқ беради ва тўғри йўлга илҳомлантиради. Аввал бундай (ислоҳ) бўлмаган бўлади, деганидир. (Ибн Касир. «Ан-ниҳоя фил-фитан вал-малоҳим», 1/55.)

[12] «Ан-ниҳоя фил-фитан вал-малоҳим», 1/31.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг