Убудият рисоласи (5): Ибодатнинг икки асоси

0

Ибодатнинг асл маъноси тазаллул – ўзини паст тутиш, ўзини хор олишдир. Лекин Аллоҳ буюрган ва рози бўладиган ибодатда тазаллулнинг ўзи етарли бўлмайди. Инсон Аллоҳга ниҳоятда хорланиб, ўзини паст олиши билан бирга Аллоҳга бўлган муҳаббатни ҳамма нарсадан юқори қўйиб, Аллоҳни мутлақ яхши кўриши керак.

Киши Аллоҳга ўзини паст тутса-ю, лекин Унга мажбурдан бўйсунса, ибодат қилган бўлмайди. Ёки Аллоҳни яхши кўрса-ю, лекин ўзини хор олиб бўйсунмаса, бу ҳам ибодат бўлмайди.

Аллоҳ рози бўладиган, Аллоҳ яхши кўрадиган ибодатда албатта икки нарса бўлиши шарт:

1) Аллоҳ таолони ҳамма нарсадан юқори даражада яхши кўриш;

2) Аллоҳ таоло банда учун энг буюк, энг улуғ ва энг олий Зот бўлиши.

Киши Аллоҳдан ўзга бирортани мутлақ яхши кўриши ёки Аллоҳдан ўзганинг ҳузурида ўзини мутлақ хокисор тутиши асло жоиз эмас.

Инсон Аллоҳга итоат қилганидек Аллоҳнинг элчиси Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам итоат қилади, Аллоҳ яхши кўргани учун Аллоҳнинг элчиси Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳам яхши кўради, аммо ибодат, таваккул, хавф ва бошқа ибодатлар ёлғиз Аллоҳ учун бўлади.

Аллоҳ таоло  айтди:

Эй Пайғамбар, китоб эгалари бўлган яҳуд ва насороларга айтинг: «Эй аҳли китоб, бизга ҳам, сизга ҳам баб-баробар бўлган бир сўзга келингиз – ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб бир-бировларимизни раб қилиб олмайлик». Агар ана у аҳли китоблар ушбу тавҳид калимасидан юз ўгирсалар, у ҳолда, эй мўминлар, сизлар: «Гувоҳ бўлинглар, биз мусулмонлармиз – ягона Аллоҳга итоат қилгувчилармиз», деб айтинглар!

Изоҳ қолдиринг