Қиёматнинг катта аломатлари: Маҳдий чиқиши (2)

0

Учинчи масала: Маҳдийнинг сифати

Маҳдийнинг айрим сифатлари ҳадисларда келган. Шундай ҳадислардан бирини Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу ривоят қилган. Абу Саид Худрий айтади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: «Маҳдий мендандир. У кенг пешонали ва қирғий бурун бўлиб, жабр ва зулмга  тўлган ер юзини адолатга тўлдиради ва етти йил подшоҳлик қилади»[1].

Ҳадис далолат қилишича, Маҳдий жабру зулм тўлиб-тошган замонда чиқади, Аллоҳнинг амри билан адолат ва ҳақиқатни ўрнатади, зулм ва ноҳақликка чек қўяди. Аллоҳ Маҳдий сабабли уммат узра хайру барака ёғдиради: осмондан кўп ёмғир ёғади, осмон асло ёмғиридан қизғанмайди, ер набототларидан ҳеч нимани сақлаб қолмай бор ўсимлигини ундиради; хайру барака ортидан чорва моллари кўпайиб кетади; мол-дунё тўлиб-тошади, Маҳдий уни одамлар ўртасида тенг тақсимлайди. Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Умматимнинг охирида Маҳдий чиқади. Аллоҳ уни мўл-кўл ёмғир билан сийлайди. Ер ўсимликларини чиқаради. У мол-дунёни аямасдан беради, чорва моллари кўпаяди ва уммат фаровонлик ва шон-шавкатга эришади. У ерда етти ёки саккиз йил яшайди»[2].

Тўртинчи масала: Маҳдий чиқадиган макон, вақти ва ерда қанча муддат туриши

Маҳдий чиқадиган макон ва замонга ишора қиладиган очиқ-ойдин, ишончли ривоятлар келмаган. Шунга қарамай, баъзи ривоятлар мазмунидан уламолар унинг баёнини (қатъий бўлмаса-да) чиқариб олган.

Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Хазинангизни деб уч киши урушади, барчаси подшоҳ ўғли бўлади. Аммо улардан ҳеч бирига насиб этмайди. Сўнг машриқ томондан қора байроқлар чиқиб, ҳали (тарихда) ҳеч бир қавм ундай ўлдирилмаган бир суратда сизларни қатл этади”. Ровий айтади: “Кейин яна бир нарсани айтдилар, мен эслаб қолмадим”. Сўнг: “Қачон уни кўрсанглар, қор (ёки муз) устида эмаклаб бўлса-да, унга байъат беринглар. Албатта, у Аллоҳнинг халифаси Маҳдийдир”, дедилар»[3].

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ушбу баёнда зикр этилган хазинадан Каъба хазинаси кўзда тутилган. Уни олиш учун подшоҳнинг уч ўғли жанг қилади. То замон охирлаб, Маҳдий чиққунича. У кунчиқар томондан чиқиб келади, жоҳил рофизийлар гумон қилганидек Самаррадаги ертўладан эмас. Улар ҳозир Маҳдийни тирик деб билишади ва охирзамонда чиқиб келишини кутишади. Бу алаҳсирашнинг бир тури, холос. Шайтон уларни қаттиқ эсанкиратиб, довдиратиб қўйган. Зеро, у даъволарининг ҳеч бир далили йўқ. Китобу суннатдан ҳам, ҳатто маъқул ё ҳасан деб билинган асарлардан ҳам ҳеч қандай ҳужжат йўқ… Кунчиқар аҳлидан баъзилар уни қўллаб, ёрдамчи бўлиб, салтанатини тиклайдилар, асосини ўрнатадилар. Уларнинг ҳам байроқлари қора рангда бўлади. Чунки қора ранг виқорли кўринади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг байроқлари ҳам қора рангда бўлиб, “Иқоб” деб аталар эди… Хулоса шуки, охирзамонда бўлиши ваъда қилинган, мақталган Маҳдий кунчиқар томондан чиқади. Ҳадислар далолат қилганидек, Каъба ёнида унга байъат берилади»[4].

Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Умматимдан бир тоифа қиёмат кунигача ҳақ йўлда жанг қилиб, чиқиб-чиқиб туради. Сўнг Исо тушади. Амирлари у кишига: “Келинг, бизга имом бўлиб намоз ўқинг, деганида, у: Йўқ, Аллоҳ бу умматни шарафли қилгани учун сизларнинг бирингиз бошқаларига амирдир, дейди»[5].

(Давоми бор)

[1] Имом Аҳмад («Муснад»да, 3/17), Абу Довуд (4285) ва Ҳоким («Мустадрак»да, 4/557) ривоят қилган. Шайх Албоний «Тахриж ал-мишкот»да (5454) ҳадиснинг саҳиҳ эканига ишора қилган.

[2] Ҳоким «Мустадрак»да (4/557-558) зикр қилиб: «Бу ҳасан ҳадис, санади саҳиҳ. Уни Бухорий ва Муслим саҳиҳларида келтирмаганлар», деган. Имом Заҳабий ҳадиснинг саҳиҳлигида Ҳокимнинг фикрини маъқуллаган. Албоний «Ас-силсила ас-саҳиҳа»да (711): «Бу саҳиҳ санад, ровийлари ишончлидир», деган.

[3] Ибн Можа (4084) ривояти.

[4] «Ан-ниҳоя фил-фитан вал-малоҳим», 1/55-56.

[5] Муслим, 156.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг