Қиёматнинг катта аломатлари: Маҳдий чиқиши (3)

0

Тўртинчи масала: Маҳдий чиқадиган макон, вақти ва ерда қанча муддат туриши

(Давоми)

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ «Ал-манор ал-муниф» асарида келтирган бошқа бир ривоятда мусулмонларга имом бўлиб намоз ўқийдиган амирнинг исми Маҳдий экани аниқ айтилиб, «…уларнинг амирлари Маҳдий: “Келинг, бизга имом бўлиб намоз ўқинг”, дейди» деган лафз билан келади. Ҳадисни охиригача келтиргандан сўнг Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ: «Бу санади яхши ҳадис», деган[1].

Умму Салама разияллоҳу анҳо ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Бир киши Байтуллоҳдан паноҳ топади, сўнг унинг устига бир лашкар юборилади. Қўшин бир силлиқ (сайҳонлик) ерга етганда уларни ер ютади”. Шунда мен: “Эй Расулуллоҳ, уларга мажбурликдан қўшилиб қолган кишига нима бўлади?” деб сўрадим. “Уни ҳам улар билан қўшиб ер ютади, аммо қиёмат кунида ниятига кўра тирилтирилади”, дедилар»[2].

Ҳафса разияллоҳу анҳодан  ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Бир киши Байтуллоҳда паноҳ топади. Ўзини ҳимоя этишга кучи йўқ, саноғи ҳам оз, лекин қурол-яроқли кишилар унга байъат беради. Улар устига бир лашкар юборилади. Лашкар силлиқ ерга етганида уни ер ютади (Муслим “Саҳиҳ”идаги бир лафзда: фақат уларнинг ҳолидан хабар бериш ва уларга йўллаш учун қочиб кетган одамгина қутулиб қолади[3].

Ойша разияллоҳу анҳо айтади: «Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уйқуларида безовта бўлдилар. Биз: “Эй Аллоҳнинг элчиси, одатдагидан бошқача ҳаракат қилганингизни сездик”, дедик. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирдилар, сўнг: “Ажаб, умматимдан айримлар Байтул Ҳаромни у ерда бошпана топган бир кишига (уруш очиш учун) қасд қиладилар. Текис, силлиқ ерга келганларида уларни ерга юттирилади”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг элчиси, йўл одамларни жамлайди (яъни, уларга йўлда қўшилиб қолган йўловчилар ҳам бўлади)-ку?” дедим. “Тўғри, улар ичида қасддан қўшилганлар ҳам, мажбур қўшилганлар ҳам, йўловчилар ҳам бўлади. Ҳаммалари бир хилда ҳалок бўлишади, (қиёматда эса) турли ўринлардан[4] чиқиб келишади, Аллоҳ уларни ниятларига кўра тирилтиради”, дедилар»[5].

Мўминлар оналаридан ривоят қилинган шу уч ҳадисда Байтуллоҳдан паноҳ топадиган кимса Қурайшдан эканига, Аллоҳ уни нусрати билан қўллашига ва душманларини ерга юттириш билан ҳалок этишига очиқ ишора бор.

Яна, саҳиҳ ҳадисларда замонасида хайр-барака кўпайиб, ҳатто мол-дунёни одамларга сочиб-сочиб, санаб ўтирмай тақсимлаб берадиган халифа зикри келган. Бироқ у ривоятларда ҳам ўша халифанинг исми аниқ айтилмаган.

Абу Саид Худрий ва Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумодан келган ривоятда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Охирзамонда мол-дунёни санамай тақсимлаб берадиган халифа бўлади», дедилар[6].

Бошқа ривоятда эса: «Умматимнинг охирида мол-дунёни сочиб-сочиб тарқатадиган халифа бўлади», деб келган[7].

Умму Салама разияллоҳу анҳо айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим: “Бир халифа вафот этганида ихтилоф бўлади. Бани Ҳошимдан бир киши Маккага қочиб чиқади. Кейин унинг олдига Макка аҳлидан одамлар келиб, уни уйидан Рукн билан Мақом орасига олиб чиқадилар. Сўнгра тоғалари Бани Калб (уруғи)дан бўлган қурайшлик бир киши чиқади. Шунда Маҳдий уларга қарши аскар юборади ва уларни мағлуб этади. Ана ўша Калбнинг кунидир. Калбнинг ўлжасига ҳозир бўлмаган кимса зиён кўрувчидир. Кейин у (Маҳдий) молни тақсимлайди. Ислом ер юзида қарор топади. Шу зайл улар етти йил – ёки тўққиз йил – яшайдилар[8].

Абу Довуд ривоятида эса: «Мадина аҳлидан бир киши Маккага қочиб чиқади. Сўнг унинг олдига аҳли Маккадан одамлар келиб, ўзи истамаса ҳам уни (уйидан) чиқариб, Рукн билан Мақом орасида унга байъат қиладилар. Унга қарши Шомдан аскар юборилади…» дейилган[9].

Бу ривоятлардан бизга Маҳдий замон охирида чиқадиган солиҳ киши экани аён бўлади. У Мадинадан қочиб Маккага келади, Каъбаи мушаррафа ёнида Рукнул Ямоний билан Мақоми Иброҳим ўртасида байъат берилади. Уни ўлдириш учун юборилган лашкарни ер ютади. Аллоҳ Маҳдийга нусрат бериб, қўллайди ва у Ислом шариати билан ҳукм қилади, одамлар орасида адолатни ёяди. Унинг замонида роҳат-фароғат ва неъматлар тўлиб-тошади. Аллоҳнинг пайғамбари Исо алайҳиссалом билан учрашади ва умматга имом бўлиб намоз ўқийди, Исо алайҳиссалом унинг ортида иқтидо қилади, Маҳдий билан бирга чиқиб, Дажжолни қатл этишда ёрдамчи бўлади. Ерда етти (ёки тўққиз) йил яшаб, кейин вафот этади. Мусулмонлар у кишига жаноза ўқийдилар.

[1] «Ал-манор ал-муниф», 148-бет.

[2] Муслим, 2882.

[3] Муслим, 2883.

[4] Турли ўринлар – яъни, барчалари ҳалок бўлади, аммо ҳалок бўлганларнинг ўринлари турлича бўлади. Амаллари ва ниятларига кўра, улардан кимлардир жаннатга, яна кимлардир дўзахга кетади («Ан-ниҳоя фи ғариб ал-ҳадис», 4/15).

[5] Муслим, 2884.

[6] Муслим, 2913.

[7] Муслим, 2913.

[8] Табароний «Авсат»да (2/35) ривоят қилган. Ҳайсамий «Мажмаъ аз-завоид»да (7/318) “Ровийлари «Саҳиҳ»нинг ровийлари” деган.

[9] Абу Довуд, 4286.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг