Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Эй йигитлар жамоати, сизлардан кимда ким (жинсий яқинлик ва) оила таъминотига қодир бўлса уйлансин. Зеро, никоҳ кўзни тиювчироқ ва аврат учун иффатлироқ (яъни, уни ҳаромдан ман қилувчироқ)дир. Кимда ким оила таъминотига қодир бўлмаса рўза тутсин. Зеро, рўза унга бичиш (яъни, унинг шаҳватини кесувчи)дир”[1].
Саид ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо мендан: “Уйландингми? – деб сўради. Мен: “Йўқ – дедим. “Уйлангин, –деди у, – зеро, бу умматнинг энг яхшилари кўпхотинлиларидир”[2].
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Уч нафар киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг (уйдаги) ибодатлари тўғрисида сўраш мақсадида у зотнинг хотинларининг уйларига келдилар. Уларга (бу ҳақда) айтиб берилгач, бу ибодатларни оз деб ҳисоблаб, шундай дедилар: “Биз қаёқда-ю, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаёқдалар?! Ахир Аллоҳ толо у зотнинг ўтган ва бўлажак гуноҳларини мағфират қилган бўлса”. Улардан бири деди: “Мен умрбод тунни намоз билан ўтказаман”. Иккинчиси деди: “Мен бўлсам умр бўйи рўзадор бўлиб, асло рўзасиз юрмайман”. Учинчиси деди: “Мен аёллардан четланаман, асло уйланмайман”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келдилар ва уларга қарата: “Сизларми шундоқ ва шундоқ гапларни айтган?! Айтиб қўяй, Аллоҳга қасамки, мен ичингизда энг Аллоҳдан қўрқувчи ва тақводорингизман. Бироқ, (шунга қарамай), рўза ҳам тутаман, рўзасиз ҳам юраман, кечаси намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам ва аёлларга ҳам уйланаман! Кимда ким суннатимдан юз ўгирса мендан (яъни менинг тутган йўлимда) эмас”[3].
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Усмон ибн Мазъуннинг уйланмай, фақат ибодатга берилиш истагини рад этдилар. Агар рухсат берганларида ўзимизни ахта қилган бўлардик”[4].
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Дунё бир фойдаланиб қоладиган нарса. Унинг энг яхши фойдаланадиган нарсаси солиҳа аёлдир”[5].
[1] Бухорий (5065), Муслим (1400), Абу Довуд (2046), Термизий (1081) муаллақ ҳолда, Насоий (6\ 57) ва Ибн Можа (1845) ривоят қилган.
[2] Бухорий (5069) ва Аҳмад (1\ 231) ривоят қилган.