Қиёматнинг катта аломатлари: Маҳдий чиқиши (4)

0

Бешинчи масала: Маҳдий чиқишига оид ҳадисларнинг мутавотирлиги[1]

Талай уламолар Маҳдий ҳақидаги ҳадислар маъно жиҳатидан мутавотир даражасига етганини айтишган.

Ҳофиз Абул-Ҳасан ал-Обирий айтади: “Маҳдий чиқиши, у Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли байтларидан бўлиши, етти йил ҳукмронлик қилиши, ерни адолатга тўлдириши, Исо алайҳиссалом билан бирга чиқиб, Фаластин ҳудудидаги «Луд» дарвозаси олдида Дажжолни ўлдиришда у кишига ёрдамлашиши, умматга имом бўлиб намоз ўқиши ва Исо алайҳиссалом унга иқтидо қилиши айтилган ҳадислар ровийлари кўплиги сабаб мутавотир даражасига етган, машҳур бўлган ва бир-бирини қўллаб-қувватлаган”[2].

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Маҳдий чиқишига ҳужжат қилинадиган ҳадислар саҳиҳ бўлиб, уларни Абу Довуд, Термизий, Аҳмад ва бошқалар ривоят қилган»[3].

Ҳофиз Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ «Охирзамонда чиқадиган Маҳдий ҳақида бўлим» деган сарлавҳа қўйиб, ортидан шундай дейди: «У рошид халифалар, маҳдий имомлардан биридир. Рофизийлар кутаётган, Самарродаги ертўладан чиқишини даъво қилишаётган киши эмас. Зеро, унинг ҳақиқати ҳам, ном-нишони ҳам йўқ. Биз зикр қилаётган киши ҳақида эса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадислар сўзлайди. У охирзамонда чиқади. Ҳадислар ишора қилганидек, у Исо алайҳиссалом тушишидан олдинроқ чиқади, деб ўйлайман»[4].

Аллома Муҳаммад Сафориний Маҳдий ҳақида айтади: «Унинг (яъни Маҳдийнинг) чиқиши айтилган ривоятлар жуда кўп бўлиб, маънавий мутавотирлик даражасига етди, аҳли суннат уламолари ўртасида кенг тарқалди, ҳатто улар наздида эътиқод асослари қаторидан ўрин олди»[5].

Яна айтади: «Саҳобалар разияллоҳу анҳум ва кейингилардан нақл қилинган кўплаб ривоятлар йиғиндисидан Маҳдий ҳақида қатъий ва ишончли илм ҳосил бўлади. Маҳдий чиқишига иймон келтириш вожиб. Бу уламолар эътироф этган, аҳли суннат ва жамоат ақидасида битилган масаладир»[6].

Аллома Муҳаммад Барзанжий деди: «Маълумки, Маҳдий ҳақидаги ҳадислар ва унинг охирзамонда чиқиши, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам пушти камаридан, Фотима разияллоҳу анҳо авлодидан бўлиши маънавий мутавотир даражасига етган. Уни инкор этишдан ҳеч қандай маъно йўқ»[7].

Аллома Муҳаммад Сиддиқхон ибн Ҳасан ал-Қиннужий бундай дейди: “Маҳдий борасида келган ривоятлар хилма-хил ва жуда кўп бўлиб, маънавий мутавотир даражасига етган. Улар «сунан», «мўъжам», «муснад» ва бошқа ҳадис девонларидан ўрин олган”[8].

Аллома Шавконий деди: “Чиқиши кутилаётган Маҳдий ҳақида айтилган мутавотир ҳадислардан элликтасини аниқлашга муваффақ бўлдим. Улар саҳиҳ, ҳасан ва ҳужжатликка яроқли заиф ҳадислардан иборат бўлиб, шубҳасиз мутавотирдир. Зеро, «Усул» китобларида битилган барча таърифларга кўра, улардан кўра кучсизроқ ҳадисларни ҳам мутавотир деб сифатлаш тўғри бўлади. Маҳдий ҳақида саҳобалар тарафидан айтилган асарлар ҳам кўп бўлиб, улар «марфуъ» ҳукмида бўлади. Чунки бу каби масалаларда ижтиҳод қилишга ўрин йўқ”[9].

Аллома Муҳаммад ибн Жаъфар ал-Каттоний айтади: «Хулоса қилиб айтганда, чиқиши кутилаётган Маҳдий ҳақида, шунингдек, Дажжол ва Исо ибн Марям алайҳимассалом тушиши борасида келган ҳадислар мутавотирдир»[10].

Аллома Абу Таййиб Шамсулҳақ Азимободий айтади: “Ўтган асрлар давомида барча Ислом аҳли орасида машҳур бўлган эътиқод шуки, шак-шубҳасиз, охирзамонда аҳли байтдан бир киши чиқиб, динни қўллайди, адолатни ёяди. Мусулмонлар унга эргашади ва у исломий мамлакатларни қўлга киритади. Унга «Маҳдий» дейилади. Дажжол чиқиши ва қиёматнинг саҳиҳ ҳадисларда собит бўлган Дажжолдан кейинги аломатлари Маҳдий чиқиши ортидан рўй беради. Жумладан, Исо алайҳиссалом тушади ва Дажжолни ўлдиради ёки Исо алайҳиссалом Дажжол билан бир вақтда тушади, Маҳдий у кишига Дажжолни ўлдиришда кўмаклашади, Маҳдийга иқтидо қилиб намоз ўқийди.

Маҳдий ҳақидаги ҳадисларни бир гуруҳ имомлар ривоят қилишган. Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Баззор, Ҳоким, Табароний, Абу Яъло Мавсилий шулар жумласидан. Улар бу ҳадисларни Али, Ибн Аббос, Ибн Умар, Талҳа, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Ҳурайра, Анас, Абу Саид ал-Худрий, Умму Ҳабиба, Умму Салама, Савбон, Қурра ибн Иёс, Али ал-Ҳилолий, Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Жазъ (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин) каби бир гуруҳ саҳобаларга нисбат беришган”[11].

Аллома Шайх Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз раҳимаҳуллоҳнинг Маҳдий ҳақида билдирган фикрининг хулосаси қуйидагича: “Маҳдий масаласи маълум. У ҳақдаги ҳадислар тўлиб-тошган, ҳатто бир-бирини қўллаб-қувватлайдиган маънавий мутавотир даражасига етган. Мазкур ҳадислар санадларининг кўплиги, ривоятлари, саҳобалари, ровийлари ва лафзлари турлича эканига қарамай, барчаси ўша ваъда қилинган кишининг масаласи собит, чиқиши ҳақ эканига рўй-рост далолат қилади. У Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Алавий ал-Ҳасаний – Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб зурриётидандир. Маҳдий охирзамон уммати учун Аллоҳ азза ва жалланинг марҳаматидир. У ер юзида адолат ва ҳақиқатни ўрнатади, жабру зулмга чек қўяди. Аллоҳ у сабабли уммат узра адолат, ҳидоят, тавфиқ ва яхшиликни ўрнатади.

У ҳақдаги талай ҳадисларни кўздан кечирар эканман, уларнинг Шавконий, Ибн Қаййим ва бошқалар айтганидек, саҳиҳ, ҳасан, яроқли заиф ҳадислар ва тўқима хабарларга бўлинишига амин бўлдим. Улардан санадлари соғлом бўлганлари, хоҳ ўзи ёки ўзгага таяниб саҳиҳ бўлсин, хоҳ ўзи ёки ўзгага таяниб ҳасан бўлсин, биз учун етарлидир. Шунингдек, заиф ҳадислар ҳам яроқли бўлса, бир-бирини қувватласа, улар ҳам илм аҳли наздида ҳужжат ҳисобланади. Ҳақиқат шуки, жумҳур уламолар Маҳдий масаласини собит деб биладилар (балки, деярли иттифоқ қилганлар). Улар наздида Маҳдий ҳақ ва охирзамонда чиқади. Бу масалада айрим олимларнинг шоз (кўпчиликка хилоф ўлароқ билдирган ) гаплари эса эътиборга олинмайди”[12].

Шайх Абдулмуҳсин ибн Ҳамад ал-Аббод ал-Бадр ҳафизаҳуллоҳ «Ақидату аҳлис-сунна вал-асар фил-Маҳдий ал-мунтазар» номли китобида Маҳдий тўғрисидаги ҳадисларни ривоят қилган саҳобаларни санаб чиқиб, уларнинг сони 26 тадан иборатлигини айтган. Шунингдек, ушбу ҳадислар ва асарларни китобларида жамлаган имомларни ҳам санаб, 36 та имомни қайд этган. Тўртта сунан китоби муаллифлари, Имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ва бошқалар шулар жумласидан. Шунингдек, Маҳдий борасида китоб ёзган, у ҳақдаги ҳадисларга «мутавотир» деб ҳукм қилган баъзи олимларни, мазкур ҳадисларни ҳужжат деб билган ва улар ифода этган маълумотларни эътиқодга киритган кўплаб муҳаққиқ уламоларни ҳам зикр қилган.

[1] Ёлғон гапиришга келишиб олиши мумкин бўлмаган катта бир жамоат худди ўзи каби жамоатдан ривоят қилган, асоси ҳис қилиш аъзоларига (кўз ёки қулоққа) таянадиган хабарга мутавотир дейилади. Яъни мутавотир турли одамлардан, турли хил йўллар билан ривоят қилинади. Бу одамлардан бир гуруҳи бошқаларини танимаслиги, кўрмаган бўлиши ҳам мумкин. Лекин хабар лафзи ва маъноси бир хил бўлиб, бузилмасдан етиб келган. (Тарж.)

[2] Қаранг: «Таҳзиб ат-таҳзиб», 9/144.

[3] «Минҳож ас-сунна ан-Набавийя», 4/95.

[4] «Ал-бидоя фил-фитан вал-малоҳим», 1/49.

[5] «Лавомеъ ал-анвор ал-баҳийя», 2/84.

[6] Ўша манба.

[7] «Ал-ишоъа фи ашрот ас-соъа», 236-бет.

[8] «Ал-изоъа», 112-113-бетлар.

[9] «Ат-тавзиҳ фи тавотури мо жоа фил-Маҳдий ал-мунтазари вад-Дажжоли вал-Масиҳ», 4-5-бетлар.

[10] «Назм ал-мутаносир минал-ҳадис ал-мутавотир», 174-бет.

[11] «Авн ал-маъбуд шарҳу сунани Абу Довуд», 11/361.

[12] Шайх Абдулмуҳсин Аббод ҳафизаҳуллоҳнинг «Ар-радду ало ман каззаба бил-аҳодийс ас-саҳиҳа ал-ворида фил-Маҳдий» (157-159 бетлар) китобидан кўчирилди.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг