Ражо ибн Ҳайва (1)

0

“Кинда қабиласида уч киши бор. Аллоҳ шулар сабаб осмондан ёмғир ёғдиради, душман устидан ғалаба ато этади. Улардан бири Ражо ибн Ҳайвадир” (Маслама ибн Абдулмалик)

Тобеинлар авлодида уч киши бор. Ўша замонда яшаган инсонлар уларга тенг келадиган инсонни билишмаган ва уларга қиёс қилинадиган бошқа бировни кўришмаган. Гўё учовлон ўзаро келишиб олган: бир-бирларига ҳақни маҳкам тутиш ва сабр қилишни тавсия этган, яхшилик ва эзгулик устида аҳдлашган, ҳаётларини илм ва тақво устига қурган, Аллоҳ ва Расулига, мусулмонлар оммасига, олиму амирлардан иборат етакчи тоифасига хизмат қилишга бел боғлаган эдилар. Улар Ироқда Муҳаммад ибн Сирин, Ҳижозда Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ва Шомда Ражо ибн Ҳайва эдилар.

Келинг, уларнинг учинчилари Ражо ибн Ҳайванинг баракотли умридан баъзи лаҳзаларни қисса қилиб ўтамиз.

Ражо ибн Ҳайва Фаластиннинг “Бийсан” деган жойида дунёга келди. Унинг таваллуд топиши Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу халифалик даврининг охирларига тўғри келди. Арабларнинг “Кинда” қабиласига мансуб бўлиб, шунга кўра ватани Фаластин, асли араб, қабиласи “Киндий” деб таъриф берилди.

Бу йигит ёшлик чоғиданоқ Аллоҳ таолога тоат-ибодатда улғайди. Ажаб эмас, шунинг учун Аллоҳ таоло уни суйган, одамларга ҳам суюкли этган бўлса. У ёшлигиданоқ илмга юзланди, илм унинг қалбини соф, тоза ва холи ҳолда топиб, унга мустаҳкам ўрнашиб олди. У асосий эътиборини Аллоҳ таолонинг Китобидан мўл-кўл насиба олиш ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини чуқур ўрганишга қаратди. Натижада фикри Қуръон нури билан мунаввар, ақл-идроки нубувват йўли ила нурафшон, қалби эса панду-насиҳат ҳамда ҳикмат бирла тўлиб тошди. Кимга ҳикмат – Қуръон ва ҳадис илми берилган бўлса, албатта, кўп яхшилик берилган бўлади.

Ражо ибн Ҳайвага бахт кулиб боқиб, бир қанча улуғ саҳобалардан таълим олиш шарафига муяссар бўлди. Абу Саид Худрий, Абу Дардо, Абу Умома, Убода ибн Сомит, Муовия ибн Абу Суфён, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос, Наввос ибн Самъон ва бошқалар шулар жумласидан. Барчалари Ражо учун ҳидоят ва илм-ирфон маёғи бўлдилар. Шундай улуғ бахтга муяссар бўлган Ражо ўзи учун қатъий дастур тузиб олиб, ҳаётининг охиригача шунга амал қилиб ўтди. У шундай дер эди: “Иймон зийнатлаган ислом, тақво зийнатлаган иймон, илм зийнатлаган тақво, амал зийнатлаган илм, ҳалимлик ва мулойимлик зийнатлаган амал нақадар гўзалдир!”.

Дарҳақиқат, Ражо ибн Ҳайва Абдулмалик ибн Марвондан бошлаб, то Умар ибн Абдулазизгача бўлган бир қанча умавий халифаларга вазирлик қилди. Айниқса, унинг Сулаймон ибн Абдулмалик ва Умар ибн Абдулазиз билан бўлган алоқаси улардан аввал ўтган халифалар билан бўлган алоқасидан кўра мустаҳкамроқ эди. Ражо ибн Ҳайвани умавий халифаларга яқин қилган сифат унинг ўта мулоҳазали, тўғри сўз ва холислиги, ишга ҳикмат билан ёндошиши эди. Буларнинг барига тож бўлган асосий сифати эса, одамларнинг подшоҳлар атрофида ўралашишига сабаб бўладиган дунё матоларидан ўзини тортиши эди.

Ражо ибн Ҳайванинг умавий халифаларга яқин бўлиши Аллоҳ таолонинг уларга буюк раҳмати ва улуғ инъоми бўлди, дейиш мумкин. Дарҳақиқат, Ражо ибн Ҳайва уларни яхшиликга чорлади, уларга яхшилик йўлларини кўрсатиб турди. Ёмонликдан қайтарди, унинг эшикларини беркитди. Уларга ҳақни кўрсатиб, унга эргашишни зийнатлаб кўрсатди. Уларга ботилни тушунтириб, унга эргашишдан огоҳлантирди. Аллоҳ ва Расули учун, мусулмонларнинг имомлари ва омма халқ учун холис насиҳат қилди.

Ражо ибн Ҳайва ҳаётида унинг халифалар билан аралашиш борасидаги йўлини ёритган, уларга нисбатан бажариши лозим бўлган вазифасини белгилаб берган бир воқеа содир бўлади. Бу ҳақда унинг ўзи шундай ҳикоя қилади: “Мен ва Сулаймон ибн Абдулмалик одамлар орасида турганимизда ногоҳон зич оломон орасини ёриб биз тарафга юриб келаётган бир кишига кўзим тушди. У келишган ва ҳайбатли инсон эди. Сафларни ёриб юришда давом этар экан, унинг халифани кўзлаб келаётганига шубҳа қилмадим. Рўпарамга келгач саломлашиб ён томонимга ўтди ва: «Эй Ражо, сен мана бу киши билан синовга ташланибсан», деб халифага ишора қилди ва бундай дея сўзида давом этди: «Унга яқин бўлиш, ё катта яхшиликка, ё катта ёмонликка сабаб бўлади. Сен унга яқинлигингни ўзингга ҳам, унга ҳам, одамларга ҳам яхшилик бўлишига ҳаракат қилгин. Шуни билки, эй Ражо, кимнинг ҳоким ҳузурида обрў-эътибори бўлса ва ҳокимга ҳожатини етказа олмайдиган заиф кишининг ҳожатини унга етказса, қиёмат куни Аллоҳга йўлиққанида У зот унинг ҳисоб-китобини осон қилиб қўяди. Унутма, эй Ражо, ким бир мусулмон биродарининг ҳожатини ўтаса, Аллоҳ унинг ҳожатини ўтайди. Яна шуни билки, эй Ражо, Аллоҳ азза ва жаллага энг суюкли амаллардан бири, мусулмон кишининг кўнглини шод этишдир». Мен унинг сўзларини мушоҳада қилиб, яна кўпроқ гапиришини истаб турганимда бирдан халифа: “Ражо ибн Ҳайва қаерда?” деб мени йўқлаб қолди. Халифа томонга бурилиб: “Шу ердаман, эй мўминлар амири”, дедим. Халифа мендан баъзи нарсалар ҳақида сўради. Унинг саволларига жавоб бериб бўлишим билан менга насиҳат қилган киши томонга қайрилдим. Аммо у йўқ эди. Одамлар орасидан роса қидирдим, лекин топа олмадим”.

Ражо ибн Ҳайва билан Бани Умайя халифалари ўртасида Ражонинг ихлоси, динга садоқатига далолат қиладиган талай воқеалар бўлиб ўтган. Бу воқеалар тарихнинг зарҳал саҳифаларида сақланиб қолган бўлиб, уларни кейингилар олдингилардан нақл қилиб келади. Қуйида шундай воқеалардан намуналар келтирамиз.

Бир куни Ражо халифа Абдулмалик ибн Мавоннинг мажлисида ўтирар экан, бир киши Бани Умайяга қарши ёмон ниятли экани билан халифага таъриф этилди. У ҳақда «Ибн Зубайр жамоатидан, унинг тарафини олиб юради», дейилди. Гап етказувчи у кимсанинг баъзи сўзлари ва хатти-ҳаракатларини тилга олди. Бундан халифанинг ғазаби келиб: «Агар қўлимга тушгудек бўлса, ундоқ қиламан, бундоқ қиламан, бошини танасидан жудо қиламан!» деди. Орадан кўп ўтмай ҳалиги кимса қўлга тушди ва халифанинг олдига олиб келинди. Уни кўрган халифанинг ғазаби жунбушга келди ва у ҳақда айтган таҳдидини ижро этмоқчи бўлди. Буни сезган Ражо ўрнидан туриб халифага яқинлашди ва деди: «Эй мўминлар амири, Аллоҳ сизга ўзингиз яхши кўрган куч-қудратни берди. Энди сиз ҳам Аллоҳ учун У зот яхши кўрган афв ва кечиримлиликни аяманг». Бу сўздан кейин халифа ўзига келди, ғазаби сўнди, ҳалиги кишини афв этди, унга яхшилик қилиб, қўйиб юборди.

Ҳижрий тўқсон биринчи йилда Валид ибн Абдулмалик Ражо ибн Ҳайва ҳамроҳлигида Ҳажга борди. Мадинага етиб келишгач, Умар ибн Абдулазиз ҳамроҳлигида Масжиди набийни зиёрат қилдилар. Халифа масжидни икки юз газ қилиб кенгайтиришни мақсад қилганидан уни шошмасдан бемалол кўздан кечиришни хоҳлади. Шунинг учун одамлар масжиддан чиқарилди. Масжидда Саид ибн Мусайябдан бошқа ҳеч ким қолмади. Қўриқчилар Саид ибн Мусайябни чиқаришга журъат қила олмадилар. Ўша вақтда Мадинанинг волийси бўлган Умар ибн Абдулазиз: “Одамлар чиқиб тургани каби сиз ҳам масжиддан чиқиб турсангиз яхши бўлар эди” деб унга одам жўнатди. Саид ибн Мусайяб унга: “Масжиддан ҳар куни чиқишга одатланган вақтимдагина чиқаман”, деб жавоб берди. “Ўрнингиздан туриб мўминлар амири билан саломлашсангиз бўлар эди”, дейилганда: “Мен бу ерга оламлар Рабби учун тургани келганман”, деди. Умар ибн Абдулазиз Саид ибн Мусайябнинг жавобидан хабар топгач, халифани у ўтирган жойдан буришга, Ражо ибн Ҳайва эса халифани гап билан чалғитишга ҳаракат қила бошлади. Чунки улар халифанинг жаҳлдор ва қаттиққўллигини яхши билар эдилар. Халифа барибир уни пайқаб қолди. “Ҳов анави ўтирган ким, Саид ибн Мусайяб эмасми?” деди халифа. “Ҳа, Саид ибн Мусайяб, эй мўминлар амири”, дея жавоб қилди икковлон ва Саид ибн Мусайябнинг диёнати, илми, фазли ва тақвоси ҳақида тўлиб-тошиб гапира кетдилар. “Сиз турган жойни билган бўлганида, албатта, келиб сиз билан кўришган бўлар эди, бироқ шайхнинг кўзи яхши кўрмайди” деб, узр баён қилган бўлдилар. Халифа: “Мен шайхни сизлар сифатлаган даражада биламан, у киши биз ўзимиз бориб, саломлашишимизга ҳақли зотдир”, деди. Сўнг масжидни айланиб, шайх ўтирган жойга бориб, у кишига салом берди ва: “Шайхимизнинг аҳволи қалай?” деб ҳол сўради. Саид ибн Мусайяб ўрнидан турмаган ҳолда: “Аллоҳнинг фазли-марҳамати билан яхши юримман, Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Мўминлар амири қалайлар? Аллоҳ у кишини Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган амалларга муваффақ қилсин», деди. Халифа шайхнинг хузуридан кетар экан: “Бу инсон солиҳ одамлардан бизгача етиб келганидир… Бу киши умматнинг салафига ўхшаш кишидир”, дер эди.

Халифалик Сулаймон ибн Абдулмаликга ўтгач, Ражо ибн Ҳайванинг шаъни, обрў-эътибори ўтган халифалар ҳузуридагидан кўра яна зиёдалашди. Сулаймон ибн Абдулмаликнинг Ражо ибн Ҳайвага бўлган ишончи жуда катта, унга қаттиқ суяниб қолган, ҳар бир катта-ю кичик ишларда унинг маслаҳатини олишга ҳарис эди.

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг