Аллоҳ суйган бандалар: Тавба қилиш (2)

0

Бандаси тавба қилиб тоат-ибодатга қайтса, Раббимиз Аллоҳ таборака ва таоло хурсанд бўлади. Буни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам туяси билан сафарга чиққан кишини мисол қилиб тушунтирганлар. Яъни, йўловчи киши қуп-қуруқ сувсиз саҳрода кетаётганида туясини йўқотиб қўяди. Йўл учун олган емак-ичмаги ҳам туясига юкланган эди. Боши-адоғи кўринмайдиган бу саҳрода энди нима қиламан деб ҳайрон бўлиб қолади. Ўлимни бўйнига олиб, бир дарахт сояси остида ухлаб қолади. Бирдан уйғониб кетиб қараса, қаршисида туяси турибди! Озиқ-овқат солинган хуржун ҳам туя устида! Бирдан хурсанд бўлиб кетади. Ўрнидан сакраб туриб, Аллоҳ таолога ҳамдлар айта бошлайди. Аммо қаттиқ қувонганидан сўзларда янглишиб: “Эй Аллоҳ, Сен менинг бандамсан, мен Сенинг Раббингман!” деб юборади!

Аллоҳ таоло бандасининг тавбасига саҳрода туясини топиб олган мана шу киши хурсандлигидан ҳам кўра кўпроқ хурсанд бўлади.

Мана ўша ҳадис. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бир киши кимсасиз саҳрода бораётганида устига озиқ-овқати ортилган туяси қочиб кетди. Туяни топишдан умиди узилгач, хомуш бўлиб бир дарахт соясига бориб ётиб олди. Бир вақт қараса, туяси олдида турибди. Унинг тизгинидан тутганича, қаттиқ хурсанд бўлиб кетганидан тили адашиб: «Эй Парвардигор! Сен бандамсан, мен Раббингман», деб юборди. Аллоҳ таоло бандасининг тавбасига мана шу кишидан ҳам кўра кўпроқ хурсанд бўлади” (Бухорий (“Фатҳ ал-Борий”, 11/102), Муслим (Нававий шарҳи, 17/63) ривояти).

Аллоҳ таоло бандаларини умидсиз қилмаган, аксинча, уларга тавба эшикларини ланг очиб қўйган. Бу эшиклар то қиёматнинг катта аломати кўрингунига қадар, яъни қуёш шарқдан эмас, ғарбдан чиққунигача очиқ қолади.

Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таоло кундузи гуноҳ қилган киши тавба қилиши учун тунда қўлини очади, тунда гуноҳ қилган киши тавба қилиши учун кундузи қўлини очади. То қуёш ботиш томонидан чиқмагунича (шу ҳол давом этаверади) (Муслим ривояти. Нававий шарҳи, 17/76).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят этишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким қуёш ботиш томонидан чиққунича тавба қилган бўлса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул этади” (Муслим ривояти. Нававий шарҳи, 17/25).

Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан қилинган ривоятда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ азза ва жалла банданинг жони бўғзига келгунига қадар қилиб қолган тавбасини қабул этади”, деганлар (Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис деган).

Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Сизлардан олдин ўтганлар орасида тўқсон тўққиз одамни ўлдирган бир киши бор эди. У (тавба қилишни истаб,) ер юзидаги энг илмли киши ҳақида суриштирди. Одамлар уни бир роҳибга йўлладилар. Роҳибнинг олдига бориб, унга тўқсон тўққиз кишини ўлдирганини айтди ва: «Тавба қилсам, қабул бўладими?» деб сўради. Роҳиб: «Йўқ», деган эди, уни ҳам ўлдириб, ўлдирганлари саноғини юзтага етказиб қўйди. Кейин яна ер юзидаги энг илмли киши ҳақида суриштирди. Уни бир олимга жўнатишди. У олимга юз кишини ўлдирганини айтди ва: «Тавба қилишимга имкон борми?» деб сўради. «Ҳа, тавба қилишдан сени нима ҳам тўсар эди? Фалон шаҳарга бор, у ерда Аллоҳга ибодат қиладиган одамлар бор. Сен ҳам улар билан бирга ибодат қил. Юртингга қайтиб келма, чунки бу ер ёмон жой», деб жавоб берди олим. У ўша шаҳар томон йўл олди. Ярим йўлга етганида ўлим фариштаси келиб унинг жонини олди. Раҳмат ва азоб фаришталари тортишиб қолишди. «У тавба қилган эди ва Аллоҳ томон кетаётган эди», деди раҳмат фаришталари. «У бирорта ҳам солиҳ амал қилмади-ку», деди азоб фаришталари. Шунда уларнинг ёнига одам қиёфасида бир фаришта келди. Фаришталар ундан ечим сўрашди. «Иккала томон (яъни яшаган юрти ва кетаётган шаҳри)нинг ҳам масофасини ўлчаб кўринглар. У қайси томонга яқин бўлса, демак ўша томондан», деб жавоб қилди у. Улар иккала томонни ҳам ўлчаб кўришди. Натижада у кетаётган шаҳарига яқинроқ бўлиб чиқди ва уни раҳмат фаришталари олиб кетди” (Бухорий (“Фатҳ ал-Борий”, 6/512), Муслим (Нававий шарҳи, 17/82) ривояти).

(давоми бор)

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг