Етти ҳикоят: Учинчи ҳикоят (6)

0

Қуръон иккита «холис насиҳатгўй»дан куйган иккита улуғ инсон, икки пайғамбар Одам ва Ёқуб алайҳимассаломнинг ибратомуз ҳаётларидан ҳикоя қилган.

Одам Атони алдаган «холис насиҳатгўй» ғирт душман, тани бошқа, жинси бошқа бир махлуқ.

Ёқуб пайғамбарни алдаганлар эса жинси бир, тани бир инсонлар: унинг ўз пушти камарлари. Демак, ёлғон-яшиқ нафақат етти ёт бегонадан, балки яқин кишилардан ҳам содир бўлиши мумкин экан. Нафақат ёв, балки ёр ҳам алдаши, зарар етказиши мумкин экан. Дўстнинг душманга айланиши азалдан бор нарса. Шунинг учун Аллоҳ таоло:

 «Эҳтиёт бўлинглар!..» деб мудом эҳтиёткорликка чақирган.

Фарзандлар, дилбандлар, ишонган тоғлар отага:

«Албатта биз унга холис хайрихоҳмиз», деб туриб, ўз яқинларига хиёнат қилади. Отага ёлғон гапиради. Шунинг учун қиссанинг у ёғига ўтмай, алдаш ва алданиш мавзусида узоқ қолиб кетдим. Бутун бошли фасл шу мавзуга бағишланди. Ёлғоннинг эса тури ниҳоятда кўп. Ёлғон аралашмаган бирор бир соҳа деярли йўқ…

Иқтисод, сиёсат, маориф, табобат ёлғондан омон қолмаган. Маҳкама, ишхона, идора ва маҳалла-кўйда ёлғон бор. Агар буларнинг барини мисол билан ёритсак, ибратли ҳикоя трагедияга айланади.

Ёлғоннинг энг ёмон тури оиладаги ёлғондир. Хотиннинг эрни алдаши ёки фарзанднинг ота-онани алдашидир. Шунинг учун ота-бола ўртасидаги ёлғонга кўпроқ эътибор қаратдим. Аслида, қиссанинг айни шу лавҳаси янада кўпроқ тааммулга, таддабур ва тафаккурга муҳтож.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, эрталаб ўн битта ўғил ўйнагани чиқиб кетади. Отанинг жони ҳалак, безовта. Куни хавотирда ўтди. Мана қуёш ҳам ботди. Ҳозир яна Юсуфни кўради. Унинг саломини эшитиб, бағрига босади. Ота ана шундай ширин ўйлар оғушида ўтирганда ўғиллар кечаси уйга ўн битта эмас, ўнта бўлиб қайтадилар. Отанинг кўзи Юсуфни қидиради. Қидиргани улар орасида йўқ.

– Юсуф қани?

– Бўри еб кетди…

Отанинг ичидан нималар ўтганини, унинг бу мудҳиш, ачинарли аҳволини мен эмас, олтин қалам соҳиблари ҳам тасвирлаб беришлари қийин.

Унинг қай аҳволда қолганини Юсуфидан айрилган ота-оналардан сўранг.

Жигари дараксиз йўқолган муштипарлардан сўранг.

Эшик тириқ этса, эшикка қарайдиган волиду волидалардан сўранг.

Эрта-кеч дуосида ҳамиша «болам, болам…» деявериб лаби қуриб қақшаб қолган ая-дадалардан сўранг.

Ном-нишосиз йўқолган дилбанд йўлига кўз тиккан падари модарлардан сўранг.

Кундузи билан ўйнаб чарчаган ўнта ака-ука ўз хонасига кириб мириқиб ухлайди. Шу топда отанинг кўзига уйқу келармиди?

Ёқуб бошига қора булут соя солади. Унинг кўзидан шу лаҳзадан бошлаб ёмғирдек кўз ёш томчилайди. Кун ўтган сайин боладан дарак бўлмагач, кўз ёш ёмғирлари кучайиб шаррос қуя бошлайди. Кейин нима бўлгани Юсуф сурасини диққат билан ўқиб тааммул қилганларга маълум…

الله المستعان  – Аллоҳнинг Ўзи мададкор.

Инсон кўнглидан ўтган ўй ва гумонларни сир тутгани, ҳар кимга айтавермагани маъқул. Ахир отаннинг ўзи «уни бўри еб кетишидан қўрқаман» деб нияти бузуқ болаларга баҳона топиб бермадими?

Шунинг учун фарзандга пул берганда ё иш буюрганда «сен шу пулни йўқотиб қўясан», «ўғрига олдириб қўясан», «бўшанг, ландавурсан» деган гапни айтмаслик керак. «Шу кетишда сен одам бўлмайсан», «қўлингдан ҳеч нарса келмайди, лапашангсан…» мазмунидаги шум гаплар «сен ундай, сан мундай» деган дакки-дашномлар болани руҳан эзади, мурғак қалбини жароҳатлайди.

Болаликни бошдан кечирган бир киши ва ота сифатида айтаманки, болани қўл билан ургандан кўра тил билан яралаган оғирроқ. Тил жароҳатининг тузалиши қийин…

Бундан бошқа соҳаларда ҳам ножўя гап ва гумонларни сиртга чиқармаган яхши. Агар пешоб ташқарига чиқмаса, зарари йўқ, таҳорат синмайди. Бир томчи чиқиши билан таҳорат синади, намоз ўқиб бўлмайди; Аллоҳга роз айтолмайди. Худди шунга ўхшаш ножўя гап, ёмон гумон ичдан чиқмаса, зарари йўқ, сиртга чиқиши билан таҳорат эмас, муносабат синади, бир оғиз ёмон сўз боис алоқа узилади. Шунда бегона тугул ўз болангизга ҳам гапингиз ўтмайди.

Қуръон оиладаги ёлғон: ўғилларнинг отага ёлғони ва унинг ёмон оқибатлари ҳақида ҳикоя қилди. Бу ҳақда бир юз ўн бир оятдан иборат бутун бошли сура нозил бўлди. Оила тимсолида ифодаланган ёлғоннинг хунук оқибатлари маҳалла, шаҳар-қишлоқ, мамлакат ва давлат миқёсида ҳам рўй беришини ҳар бир оқил қиёслаб билиши мумкин.

Ота-бола ўртасида ўтган бундай нохуш иш хўжайин ва хизматкор, ҳоким ва маҳкум, имом ва маъмум, султон ва раият ўртасида ҳам рўй беради. Майдон кенгайган сайин фалокат кўлами ҳам кенгайиб бораверади.

Ёлғон фалокат келтиради, унинг касофати ёмон, зарарлари кўп.

Масалан, битта ёлғон дилни вайрон этади. Уйни бузади, ота-бола ўртасига тўсиқ қўяди. Кичкина тўсиқ аста-секин каттаяди. Тўсиқ жарлиққа айланиши ҳеч гап эмас.

Шунингдек, мутасадди оғзидан чиққан бир оғиз ёлғон ўртадаги ишончни кўтаради, давлат ва жамиятни бузиб, ҳоким ва маҳкум, султон ва раият ўртасига тўғаноқ бўлади. Жипслашиши керак бўлган одамлар ўртасини ажратиб, пароканда қилади. Ишонч йўқолгач, ҳар икки томондан ҳар балони кутса бўлади. Ҳар икки томон ҳаёти хавотирда ўтади.

Ёлғоннинг умри қисқа. Сир фош бўлгач, кеча раҳмат айтганлар, эртасига лаънат ўқийди…

Шунингдек, ўқитувчининг атиги битта ёлғони мурғак болалар қалбига қаттиқ таъсир қилиб, муаллим ва ўқувчи ўртасига ошиб бўлмас девор ўрнатади.

Шунингдек, имомнинг бир дона ёлғони имом ва маъмум ўртасига тўсиқ қўяди. Бир ёлғон боис унинг қолган чин сўзлари қабул қилинмайди. Обрўйи тўкилади.

Зийрак ўқувчи диққат қилган бўлса, юқорида салафи солиҳлар ҳайвонни алдаган «олим»нинг ҳадисига қулоқ осмас эканлар, ундан ҳадис олмас эканлар. Ҳайвонни эмас, ҳазрати инсонни алдаган «олим»нинг сўзини ким қабул қилиши мумкин?..

Яхшидир аччиқ ҳақиқат, лек ширин ёлғон ёмон,

Шу ширин ёлғонга, лекин алданиб қолғон ёмон…

Изоҳ қолдиринг