Дард ва даво (31): Саҳобалар Аллоҳдан қай даражада қўрққани ҳақида (01)

0

Саҳобаларнинг ҳолатига назар солган одам уларнинг яхши амалларни кўп қилишлари билан бирга Аллоҳдан қаттиқ қўрқишганига гувоҳ бўлади. Биз эса, яхши амалларда камчиликка, ҳатто бепарволикка йўл қўйиб, ўзимизни Аллоҳнинг қаҳридан омонда санаймиз.

Сиддиқ разияллоҳу анҳу мана бундай дер эди: “Қани эди, мен мўмин банданинг танасидаги бир тук бўлсам”. Аҳмад нақл қилган[1]. (Яъни, қани эди одам бўлиб эмас, мўмин банда танасидаги бир тук бўлиб яратилсам. Шунда қиёмат куни ҳисоб-китоб қилинмай, мўмин банда билан бирга жаннатга кирардим. Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу ушбу сўзларни қиёмат кунги ҳисоб-китобдан қўрқиб айтган.)

Бошқа бир ривоятда айтилишича, Абу Бакр тилини ушлаб: “Мана шу мени ёмон ҳолатларга тушурди”[2], дер эди. У жуда кўп йиғлар ва: “Йиғланглар, агар йиғлай олмасанглар, ўзларингни йиғлаганга солинглар”[3], дер эди. Агар намоз ўқиса, азбаройи Аллоҳдан қўрққанидан тахтадек донг қотиб қоларди[4].

Бир куни унинг ҳузурига овланган қўш олиб келишди. Қушни айлантириб, у ёқ, бу ёғига қараб деди: “Бирон жонивор овланса ёки бирон дарахт кесилса, албатта, Аллоҳга тасбеҳ айтишда лоқайд бўлгани сабаблидир”[5].

Ўлим тўшагида ётар экан, Ойшага бундай деди: “Қизим, менга байтулмолдан мана бу уст кийим, сут идиш ва қул берилган эди. Буларни тезда Ибн Хаттобга олиб бориб бер”[6].

Абу Бакр разияллоҳу анҳу (Аллоҳдан ва қиёмат кунидаги савол-жавобдан қаттиқ қўрққанидан): “Қошки мен мана бу дарахт бўлсам-у, мевамдан ейилиб, кесиб ташлансам”[7], дерди.

Қатода айтади: Менга нақл қилинишича, Абу Бакр бундай деган экан: “Кошки мен ўт-ўлан бўлсам-у, ҳайвонлар мени еб қўйишса”[8].

Умар разияллоҳу анҳунинг ҳолатига назар солсак. Бир куни у “Тур” сурасини ўқир экан, “Раббингнинг азоби шубҳасиз етур” оятига етганда қаттиқ йиғлади. Ҳатто шундан кейин касал бўлиб ётиб қолди ва одамлар уни зиёрат қилгани келдилар[9].

Жон берар чоғида ўғли унинг бошини сони устига қўйганда: “Шўринг қурғур, юзимни ерга қўй. Шояд Аллоҳ мени раҳм қилса”, деди. Сўнг уч бор: “Аллоҳ мени кечирмаса, онамнинг ҳолига вой”, дея жон берди[10].

Тунда одатдаги таҳажжуд намозини ўқир экан, баъзи оятларни ўқиб, нафаси қайтиб кетар эди. Оқибатда, бир неча кун уйидан чиқолмай қоларди. Одамлар уни касал экан деган ўйда кўргани келишарди[11]. Аллоҳдан қўрқиб кўп йиғлаганидан юзида йиғи изидан икки қора чизиқ пайдо бўлганди[12].

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо унга: “Аллоҳ таоло сиз сабабли кўп шаҳарларни барпо этди, кўп юртларни фатҳ қилди, фалон ва фалон ишларни амалга оширди”, деди. Шунда у: “Қиёматда бўйнимда савоб ҳам, гуноҳ ҳам бўлмай, дўзахдан нажот топсам бўлгани. Шу менинг орзуйим”, деб жавоб берган экан[13].

Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳунинг ҳолатига назар солсак. Қабр олдида тургудек бўлса, соқоли ҳул бўлгунча йиғларди[14]. У айтади: “Қиёмат куни жаннат билан дўзах ўртасида туриб, қай бирига тушишим номаълум бўлса, борар жойимни билишдан олдин кул бўлиб кетишни ихтиёр қилган бўлар эдим”[15].

Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳунинг охиратни эслаб йиғлаши ва Аллоҳнинг азобидан қўрқиши ҳақида бир тафаккур қилайлик. У икки нарсадан қаттиқ қўрқарди: орзу-ҳаваснинг кўп бўлиши ва ҳавои нафсга эргашиш. У айтади: “Орзу-ҳаваснинг кўплиги охиратни ёддан чиқаради. Ҳавои нафсга эргашиш ҳақдан тўсади. Огоҳ бўлинглар, дунё ўтиб бормоқда, охират эса юзланиб келмоқда. Ҳар бирининг талабгорлари бор. Сизлар охират талабгорларидан бўлинглар, дунё талабгорларидан бўлманглар. Бугун амал қилиш бор, ҳисоб йўқ. Эртага ҳисоб бор, амал йўқ”[16].

(Давоми бор)

[1] Аҳмад. “Зуҳд”, 559.
[2] Собиқ манба, 561.
[3] Собиқ манба, 558.
[4] Абдураззоқ (“Мусаннаф”, 2\264), Ибн Наср (“Таъзиму қадр ас-салот”,144) ва бошқалар ривоят қилишган.
[5] Аҳмад. “Зуҳд”, 566.
[6] Собиқ манба, 567.
[7] Собиқ манба, 580.
[8] Собиқ манба, 582.
[9] Мазкур ривоятни ишончли манбалардан учратмадик.
[10] Абу Довуд. “Зуҳд”, 46. Умар ибн Шабба. “Тарих ал-Мадина”, 3\918.
[11] Аҳмад. “Зуҳд”, 627. Абу Нуайм. “Ал-ҳиля”, 1\51.
[12] Аҳмад. “Зуҳд”, 636. Абу Нуайм. “Ал-ҳиля”, 1\51.
[13] Аҳмад. “Зуҳд”, 697. Абу Нуайм. “Ал-ҳиля”, 1\52.
[14] Термизий (2308), Ибн Можа (4267), Аҳмад (454) ва бошқалар ривоят қилишган.
[15] Аҳмад, “Зуҳд”, 685; Абу Нуайм, “Ал-ҳиля” 1\60.
[16] Аҳмад (“Зуҳд”, 692), Абу Довуд (“Зуҳд”, 113), Абу Нуайм (“Ал-ҳиля”, 1\76) ва бошқалар ривоят қилишган.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг