Қиёматнинг катта аломатлари: Маҳдий чиқиши (5)

0

Олтинчи масала: Маҳдий борасидаги фикрлар

Маҳдий борасида одамлар иккита нотўғри ва бир мўътадил эътиқодга эгалар:

  1. Маҳдий борасида мўътадил эътиқод аҳли суннат ва жамоат эътиқоди бўлиб, улар бу эътиқодга кўра, Маҳдий чиқишини, унинг собит ҳадисларда айтилган исми, отасининг исми, насаби, сифатлари, рошид халифа ҳамда ислоҳ қилувчи экани, охирзамонда чиқиши, Аллоҳ уни қўллаши, у сабабли халқлар ва юртларни ислоҳ қилиши каби маълумотларни тасдиқлайдилар.

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ Маҳдий борасидаги фикрларни баён этар экан, аҳли суннат ва жамоат эътиқоди ҳақида бундай дейди: «Учинчи фикр: Маҳдий Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли байтидан, Ҳасан ибн Алининг зурриётидан бўлган зотдир. У охирзамонда, ер юзи жабру зулмга тўлган пайтда чиқиб, уни тенглик ва адолатга тўлдиради. Бу борадаги ҳадисларнинг аксари мана шунга далолат қилади»[1].

Маҳдий чиқишига ҳужжат бўладиган далиллар ва у ҳақдаги аҳли суннат ва жамоат эътиқодини баён қиладиган аҳли илмларнинг талай сўзлари юқорида ўтди.

  1. Энди Маҳдий тўғрисидаги икки нотўғри фикрдан биринчисига келсак, бу фикр эгалари шаръий далиллар ва уламоларнинг сўзларини тушуниш соҳасида ҳеч қандай тажрибага эга бўлмаган, қадимда ва ҳозирда Маҳдий чиқишини мутлақо инкор этадиган кишилардир. Улар ақллари идрок қилмайдиган, шахсий қарашларига тўғри келмайдиган ғайбга оид ишларни инкор этишга асосланган ботил ғояларига эргашиб: «Маҳдий аҳли суннатга шиалар тарафидан кириб келган афсона ва чўпчак, холос», деб айтадилар. Ундан ташқари, уларнинг фикрича, Маҳдий тўғрисида келган ҳадисларнинг баъзиси ботил бўлса, баъзиси зиддиятлидир.

Аҳли суннат уламолари уларга раддиялар бериб, фикрларининг нотўғри ва саҳиҳ ҳадисларга тескари эканини исботлаб берганлар.

Ушбу бобда энг гўзал раддиялардан бири Шайх Абдулмуҳсин ибн Ҳамад ал-Аббод ҳафизаҳуллоҳнинг «Ар-радду ало ман каззаба бил-аҳодиси ас-саҳиҳати ал-воридати фил-Маҳдий» (Маҳдий борасида келган саҳиҳ ҳадисларни ёлғонга чиқарувчиларга раддия) рисоласи бўлса, яна бири Шайх Ҳамуд ибн Абдуллоҳ ибн Ҳамад ат-Тувайжирий раҳимаҳуллоҳнинг «Ал-иҳтижожи бил-асар ало ман анкара Маҳдий ал-мунтазар» (Кутилаётган Маҳдийни инкор қилувчиларга ҳадислардан ҳужжатлар) китобидир.

Шайх Абдулмуҳсин ал-Аббод айтади: «Иккинчи саволнинг жавобига келсак, мен Маҳдий ҳақидаги ҳадисларни инкор этган ё уларга шубҳа қилган фақат икки кишининг исмига дуч келдим. Уларнинг биринчиси Шайхулислом Ибн Таймия “Минҳожус-сунна” китобида зикр қилган Абу Муҳаммад ибн Валид ал-Бағдодий бўлиб, у “Исо ибн Марямдан бошқа маҳдий йўқ”[2] ҳадисига суянган эди. Ҳолбуки, бу ҳадис ҳақида Ибн Таймия: “Заифлиги сабабли таянишга арзирли (ҳадислардан) эмас”, деган. Юқорида мен улардан нақл қилган кишиларнинг гапи асносида айтиб ўтганимиздек, агар бу ҳадис саҳиҳ бўлган тақдирда у билан Маҳдий ҳақидаги бошқа ҳадислар ўртасини жамлаш – умумлаштириш мумкин иш. Номи ўтган Абу Муҳаммаднинг таржимаи ҳолини эса тополмадим.

Иккинчиси эса, мағриблик машҳур тарихчи Абдураҳмон ибн Халдун бўлиб, одамлар орасида Маҳдий ҳақидаги ҳадисларни заифга чиқариш билан танилган. Мен унинг “Тарих” китобига ёзган муқаддимасига мурожаат қилар эканман, менга унинг Маҳдий чиқишини инкор этиши эмас, балки у ҳақда иккилангани маълум бўлди. Нима бўлган тақдирда ҳам, бу хусусдаги ҳадисларни инкор этиш, ё улар далолат қилган ишни тасдиқлашда иккиланиш ҳақдан ажралиб чиқиш ва тўғри йўлдан бош тортиш ҳисобланади. Буни Шайх Сиддиқ Ҳасанхон “Ал-изоъа” китобида шарҳлаб, бундай деган эди: “Маҳдий, шак-шубҳасиз, охирзамонда, чиқажак ойи ёки йили биз учун белгиланмаган бир вақтда чиқади. Ушбу бобдаги мутавотир ҳадислар ҳамда ихтилофи инобатга олинмайдиган баъзилардан ташқари умматнинг жумҳур уламолари, олдингиларию кейингиларининг шунга иттифоқ қилиши буни тасдиқлайди. Далиллар чиқишига далолат қилган, кутилаётган ва келиши ваъда этилган ўша Фотимий (Фотима розияллоҳу анҳо авлодидан) бўлган киши хусусида шубҳа қилиш бемаъниликдир. Аксинча, уни инкор этиш – тўлиб-тошган, машҳур ва мутавотир даражасига етган хабарларга қарши чиқиш саналади”»[3].

Эҳтимол, асримиздаги Маҳдийни инкор қилувчилар ана ўша икки кишидан таъсирланган бўлса керак.

(Давоми бор)

[1] «Ал-манор ал-муниф», 148-бет.

[2] Ибн Можа, 4039.

[3] Қаранг: «Ақидату аҳлис-сунна вал-асар фил-Маҳдий ал-мунтазар», 210-211-бетлар.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг