Аллоҳ суйган бандалар: Тавба қилиш (4)

0

Мусулмон одам Аллоҳнинг раҳматидан умидини узмайди. Кофир кимсаларгина Аллоҳнинг раҳматидан умидсиз бўлади. Мусулмон доим Аллоҳнинг раҳматидан умид қилади, тавба-тазарру ва тоат-ибодат билан Парвардигорига қайтади. Аллоҳ таоло астойдил тавба қилган бандасини албатта кечиради.

Лекин билиш керак бўлган бир жиҳат бор: банда агар ҳаммадан яшириб гуноҳ қилган бўлса, тавбани ҳам яшириб қилиши лозим, Аллоҳ яширганини очиб, ўзини ўзи шарманда қилмаслиги керак. Аммо бирон гуноҳни ёки Аллоҳ рози бўлмайдиган ҳар қандай ишни очиқ-ошкор қилган бўлса, унга шу маъсиятда эргашганлар ҳам қайтишлари учун ошкора тавба қилиши керак.

Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу бундай ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Эй Расулуллоҳ, менга насиҳат қилинг», дедим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қодир бўлганингча Аллоҳ таолодан қўрқ (тақво қил). Ҳар бир тош ва дарахт олдида (яъни ҳар ерда) Аллоҳни зикр қилиб юр. Бирон ёмонлик (гуноҳ-маъсият) қилиб қўйсанг, кетидан дарҳол тавба эт. Гуноҳни махфий қилган бўлсанг, тавбани ҳам махфий, ошкор қилган бўлсанг, ошкора қил», дедилар” (Табароний ҳасан санад билан ривоят қилган).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасам, агар гуноҳ қилмасангиз[1], Аллоҳ сизларни кетказиб, ўрнингизга бошқа қавмни келтиради. Улар гуноҳ қиладилар ва истиғфор сўрайдилар, Аллоҳ уларнинг гуноҳини кечиради” (Муслим ривояти).

Абу Зар разияллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб айтганларини эшитдим: «Ким Аллоҳга бир қарич яқинлашса, Аллоҳ унга бир газ яқинлашади. Ким Аллоҳга бир газ яқинлашса, Аллоҳ унга бир қулоч яқинлашади. Ким Аллоҳ азза ва жалла томон юриб борса, Аллоҳ у томон югуриб боради. Аллоҳ энг олий ва энг улуғдир. Аллоҳ энг олий ва энг улуғдир. Аллоҳ энг олий ва энг улуғдир»” (Аҳмад ва Табароний ривояти, санади ҳасан).

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ азза ва жалла деди: «Эй одам боласи, сен Мен томонга юриш учун ўрнингдан тур, Мен сен томон юраман. Сен Мен томон юр, Мен сен томон югураман»” (Аҳмад саҳиҳ санад билан ривоят қилган).

Абу Зар разияллоҳу анҳу ривоят этишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким қолган умрида яхшилик қилса, ўтган умри(даги гуноҳлари) кечириб юборилади. Ким қолган умрида ёмонлик (ширк, куфр) қилса, ўтган ва қолган умри учун азобга тортилади”, дедилар (Табароний ҳасан санад билан ривоят қилган).

Ойша  разияллоҳу анҳодан қилинган ривоятда келишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Агар банданинг гуноҳлари кўпайиб кетса ва уларни ўчириб ташлайдиган амаллари бўлмаса, гуноҳларига каффорат бўлиши учун Аллоҳ таоло уни ғам-ташвишга мубтало қилади” (Аҳмад ва Баззор ривояти, санади ҳасан).

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Одам болаларининг барчаси хатокордир. Хатокорларнинг энг яхшиси кўп тавба қилувчилардир” (Аҳмад, Термизий, Ибн Можа (2/1420), Доримий (2/303) ривояти. Албоний “Саҳиҳ ал-жомеъ”да (4391) ҳасан деган).

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Гуноҳдан тавба қилувчи гуноҳи йўқдек бўлади”, деганлар (Ибн Можа (2/1420) ривояти. Албоний “Саҳиҳ ал-жомеъ”да (3005) ҳасан деган).

Яна Ибн Масъуддан ривоят қилинган бошқа ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “(Гуноҳга) афсус-надомат чекиш тавба қилишнинг айни ўзидир”, деганлар (Аҳмад, Бухорий (“ат-Тарих”да), Ибн Можа ривояти. Албоний “Саҳиҳ ал-жомеъ”да (6678) саҳиҳ деган).

[1] Бундан мақсад гуноҳга рухсат ё тарғиб эмас, асло! Балки Аллоҳнинг мағфирати ва раҳмати юзага чиқиши учун тақдирда битилган гуноҳларнинг содир бўлиши назарда тутилган.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг