Қиёматнинг катта аломатлари: Маҳдий чиқиши (6)

0

Олтинчи масала: Маҳдий борасидаги фикрлар

(Давоми)

  1. Маҳдий борасидаги учинчи фикр эгалари эса, у ҳақда ғулувга кетган адашган тоифалардир. Бу тоифаларнинг ҳар бири кутилаётган Маҳдий йўлбошчилари эканини даъво қилишади. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ уларга ишора қилиб, айтади: «Ўн икки имомга эътиқод қилувчи рофизий-шиаларда тўртинчи фикр ҳам бор. Улар кутилаётган Маҳдийни Ҳасан ибн Али зурриётидан эмас, балки Ҳусайн ибн Алининг болаларидан бўлмиш Муҳаммад ибн Ҳасан ал-Аскарий деб айтадилар. Уларнинг наздида у ҳозирда барҳаёт, аммо кўзлардан яширинган, 500 йил аввал гўдаклик пайтида Самарродаги ертўлага кириб кетган. Шундан сўнг бирор кимса уни кўрмаган, хабарию изидан ҳеч кимса воқиф бўлмаган, улар эса уни ҳар куни кутадилар! От етаклаб ертўла эшиги қаршисига келиб: “Эй мавломиз, чиқинг” дея такрор ва такрор ҳайқирадилар. Сўнг умидлари пучга чиқиб қайтиб кетадилар. Бу иш уларнинг одатларига айланиб қолган.

Дарҳақиқат, улар одамзот учун шармандалик, ҳар бир оқил учун кулги-масхарага айланиб қолишди»[1].

Бундан маълум бўладики, Маҳдий тўғрисидаги ҳадисларни заиф ёки ёлғонга чиқарган, ҳадис илми мутахассисларидан бўлмаган кимсаларнинг сўзларига қаралмайди, ихтилофлари эътиборга олинмайди. «Исо ибн Марямдан бошқа маҳдий йўқ»[2] ҳадисини ҳужжат қилиб, охирзамонда Маҳдий чиқишини инкор қилганларга келсак, мазкур ҳадис ҳужжатликка ярамайди. Чунки у заиф бўлиб, санади Муҳаммад ибн Холид ал-Жундий исмли заиф ровийга бориб тақалади.

Қуртубий айтади: «Aйтишларича, мазкур ҳадис саҳиҳ эмас. Чунки уни Муҳаммад ибн Холид ал-Жундийдан бошқаси ривоят қилмаган. Ҳофиз Aбу Aбдуллоҳ Ҳоким Жундийни “мажҳул-номаълум” деб айтган. Маҳдийнинг Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам авлоди – Фотиманинг зурриётидан чиқиши баён этилган ҳадислар бу ҳадисдан кўра саҳиҳроқдир. Шунинг учун бу борада мазкур ҳадисларга таяниш лозим»[3].

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «“Исо ибн Марямдан бошқа маҳдий йўқ” дейилган ҳадисни Ибн Можа ривоят қилган бўлиб, заиф ҳадисдир. Уни Ибн Можа Юнусдан, у Шофеийдан, у эса яманлик номаълум бир шайхдан ривоят қилган. Санади ҳужжатликка ярамайди»[4].

Ҳофиз Заҳабий Муҳаммад ибн Холид ал-Жундий таржимаи ҳолида айтади: «Aздий у ҳақда: “Ривоят қилган ҳадислари мункар (қабул қилинмайдиган, заиф)” деган бўлса, Aбу Aбдуллоҳ Ҳоким: “Мажҳул – номаълум ровий” деб айтган.

Мен айтаман (яъни Заҳабий): “Исо ибн Марямдан бошқа маҳдий йўқ” ҳадиси мункар ҳадис бўлиб, уни Ибн Можа ривоят қилган».

Яна Заҳабий айтади: «“Исо ибн Марямдан бошқа маҳдий йўқ” ҳадиси заифдир. Шундай экан, у бошқа ҳадисларга қарши чиқолмайди»[5].

Ушбу заиф ҳадис Маҳдий борасида Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган бошқа ҳадисларга тўқнаш келмайди. Уни мабодо саҳиҳ деб эътиборга олган тақдиримизда ҳам, Имом Қуртубий айтганидек: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Маҳдий фақат Исодир” деб айтганлари, яъни, гуноҳлардан маъсум, комил маҳдий фақат Исодир, деб талқин қилинса, ҳадислар мувофиқлашади ва зиддият кўтарилади»[6]. Aллома Ибн Қаййим ал-Жавзийя айтади: «Ушбу ҳадис саҳиҳ бўлган тақдирда ҳам, (Маҳдийни инкор қилиш учун) ҳужжат бўлмайди. Чунки Исо алайҳиссалом Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан қиёмат ўртасидаги энг буюк маҳдийдир. Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадислар Исо алайҳиссалом Дамашқнинг шарқий тарафидаги оқ минора олдига тушиши, Aллоҳнинг Китоби билан ҳукм қилиши, яҳудий ва насронийларни ўлдириши, жизяни бекор қилиши, замонидаги (Исломдан бошқа) барча дин вакилларини ҳалок этиши каби ишларга далолат қилган. Бинобарин, гарчи Исодан ўзгаси маҳдий (ҳидоят топган) бўлса-да, чинакам маҳдий Исодир, деб айтиш тўғри бўлади. Бу худди “Ҳақиқий илм фақат фойда келтирган илмдир, асл бойлик эгасини ҳалокатдан қутқариб қолган бойликдир” деб айтганга ўхшайди. Шунингдек, мазкур ҳадисни “Исодан ўзга комил ва маъсум маҳдий йўқ”, деб таъвил (талқин) қилиш ҳам хато бўлмайди»[7].

Ҳофиз Ибн Касир айтади: «Ўйлаб қаралса, ҳадислар бир-бирини рад қилмайди. Балки мазкур ҳадис “Ҳақиқий маҳдий Исо ибн Марямдир” деган маънони ифода этади. Бу эса у кишидан бошқанинг маҳдий бўлишини рад этмайди, валлоҳу аълам»[8].

[1] «Ал-манор ал-муниф», 152-бет.

[2] Ибн Можа, 4039.

[3] «Aт-тазкира», 2/723.

[4] «Минҳож ас-сунна ан-Набавийя», 4/211.

[5] «Мезон ал-эътидол», 3/535.

[6] «Aт-тазкира», 2/723.

[7] «Aл-манор ал-муниф», 148-бет.

[8] «Aн-ниҳоя фил-фитани вал-малоҳим», 1/58.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг