Етти ҳикоят: Учинчи ҳикоят (7)

0

Ўнта ношуд ўғилнинг хиёнати ва у ўғилларга алданган отанинг мусибати билан бўлиб, қудуқ ичида ёлғиз қолган жажжи Юсуф ҳақида ёзолмадик, қудуқ қаъридаги аҳволи- ни ёритолмадик.

Шунинг учун қудуқдан кейинги мудҳиш ҳодисаларни Тўртинчи ҳикоятда давом эттирамиз, ان شاء الله.

Дарвоқе, ўнта аканинг Юсуфни гум қилишдан бўлган асосий мақсадлари ота муҳаббатини қозониш эди. Улар эгри йўл билан ўз мақсадларига эришдиларми?

Мана, Юсуф саҳнадан бутунлай олиб ташланди. У ота кўзидан узоқлаштирилди. Бу билан ота қалбидаги Юсуфга нисбатан муҳаббат сўниб, уларга нисбатан муҳаббат уруғи ундими?

Жавоб: Йўқ, албатта, йўқ.

Фарзандлар ота муҳаббатига эришиш йўлини тўғри топишда адашган эдилар…

Майли, бу ҳақдаги гапларни кейинга қолдирамиз. Зеро Юсуф қиссасидаги кейинги муаммоларга ана шу муҳаббат сабаб бўлган. Агар унинг ёшликда қудуққа ташланишига ота муҳаббати энг асосий омил бўлса, йигитликда қамоққа ташланишига Зулайхо муҳаббати бирламчи омил бўлган.

Ошиғу беқарор Зулайхо Юсуф муҳаббатига эришишда ўта қалтис ва мутлақо нотўғри йўлни танлаган эди.

Салтанатга қандайдир қинғир йўллар билан эришиш мумкиндир, лекин бунинг оқибати вой бўлади.

Мол-давлатга қинғир йўл билан эришиш мумкиндир. Бироқ бунинг ҳам оқибати чиройли эмас, жуда хунук.

Аммо муҳаббатга ибтидоан қинғир йўл билан интилиш мумкин эмас! Яъни, бу имкониятсиз нарса. Муҳаббатга қинғирлик билан эришилмайди!

Муҳаббат қалб иши, дил вазифаси. Қалбга кириш эса осон иш эмас. Дилдан жой олиб, мустаҳкам ўрнашишнинг бундан бошқа ҳалол йўллари сероб.

Шунга биноан муҳаббат шаънида алоҳида фаслда тўхтаганимиз маъқул.

Изоҳ қолдиринг