Дард ва даво (32): Саҳобалар Аллоҳдан қай даражада қўрққани ҳақида (02)

0

(Давоми)

Абу Дардо разияллоҳу анҳу бундай дерди: “Қиёмат куни ўзим учун энг қаттиқ қўрқадиганим: Эй Абу Дардо (ҳақ ва ботил нима эканини) билдинг, билганингга амал қилдингми?”, деб айтилишидир[1]. Шунингдек: “Агар ўлимдан сўнг нималарга йўлиқишингизни (чиндан ҳам) билганингизда эди, кўнглингиз тусаб овқат емаган, ичимлик ичмаган, салқин уйда роҳатланиб ётмаган бўлардингиз. Балки ўз жонларингизга ачингандан йиғлаб, кўксиларингизни тирнаб, ялангликларга чиқиб кетардингиз. Кошки дарахт бўлсам-у, кесилиб, ем бўлсам[2], деб айтарди.

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо кўп йиғлаганидан кўзи остида тўзиган ипга ўхшаш икки чизиқ пайдо бўлган эди[3].

Абу Зар разияллоҳу анҳу: “Кошки қўпориб ташланадиган дарахт бўлсам, кошки яратилмаган бўлсам[4], деб айтарди. Бир куни унга нафақа таклиф қилинди. Шунда у: “Бизнинг сут берадиган эчкимиз, юкимизни ташийдиган эшакларимиз, хизматимизни қиладиган озод этган қулимиз ва бир нечта уст кийимимиз бор (шулар етади). Нафақанинг эртанги ҳисоб-китобидан қўрқаман[5], деб жавоб берган экан.

 Тамим Дорий разияллоҳу анҳу бир куни кечаси таҳажжуд намозида Жосия сурасини ўқир экан, “Ёмонликлар (гуноҳлар) қилган кимсалар уларни иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган зотларга тенг қилишимизни ўйлайдиларми?![6] оятига етганда уни қайта-қайта ўқиб, то бомдод вақти киргунча йиғлаб чиққан экан[7].

Абу Убайда Омир ибн Жарроҳ разияллоҳу анҳу айтади: “Қанийди, бир қўчқор бўлсам-у, эгаларим мени сўйиб, гўштимни еб, (гўштимдан пиширилган) шўрвамни ичиб юборишса[8].

Салаф-солиҳларимиздан бу мавзуда нақл қилинган ривоятларни келтирадиган бўлсак, адоғига етиш қийин.

(Эслатма: саҳобалар мазкур сўзларни Аллоҳнинг азоби ва макридан қаттиқ қўрққанлари боис айтганлар, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлишгани ёки одам бўлиб яратилганларига пушаймон бўлганлари учун айтмаганлар.)

Бухорий раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳ” китобида “Мўмин банда ўзи сезмаган ҳолда (қилган яхши) амаллари пучга айланишидан қўрқиши ҳақида” деган боб ажратиб, қуйидаги ривоятларни келтирган.

Иброҳим Таймий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳар қачон сўзимни амалимга солиштирсам, ёлғончи бўлиб қолишдан қўрқиб кетаман”.

Ибн Абу Мулайка раҳимаҳуллоҳ айтади: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ўттиз нафарини кўрдим. Уларнинг барчаси мунофиқ бўлиб қолишдан қўрқар эди. Ҳеч бири, менинг иймоним Жаброил ва Микоил иймонидек, демас эди”.

Нақл қилинишича, Ҳасан (Басрий): “Ундан (яъни мунофиқликдан) мўмин бандагина қўрқади, мунофиқ бандагина хавотирланмайди”, деган экан[9]. (Шу ерда Саҳиҳи Бухорийдан келтирилган иқтибос тугади)

Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан: “Аллоҳ ҳаққи айтчи, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мунофиқлар қаторида менинг исмимни ҳам айтганларми?”, деб сўрайди. “Йўқ, (айтмаганлар). Сендан кейин энди ҳеч кимни оқламайман[10], деб жавоб беради Ҳузайфа разияллоҳу анҳу.

Шайхимиз (яъни Ибн Таймия) раҳимаҳуллоҳнинг бундай деганини эшитганман: “Ҳузайфа разияллоҳу анҳунинг мақсади, сендан бошқани нифоқдан оқламайман, дегани эмас. Балки бу мавзу ҳақида бошқа гап очмайман. Акс ҳолда,  олдимга келиб: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг исмимни мунофиқлар қаторида айтганларми”, деб сўраган ҳар бир одамни оқлашимга тўғри келади, деганидир.

Ҳузайфанинг ушбу сўзи Пайғамбаримизнинг қуйидаги сўзларига ўхшайди. Бир саҳоба Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан жаннатга ҳисоб-китобсиз кирадиган етмиш минг бандалар қаторида қилишини сўраб дуо этишларини илтимос қилади. Шунда Пайғамбаримиз унга: “Бу мартабага Уккоша сендан ўзиб кетди”, деб жавоб берадилар[11]. У зот бу мартабага саҳобалардан фақат Уккоша ҳақли деган маънони назарда тутмаган эдилар. Балки илтимос қилган бу саҳобага шуни сўраб дуо қилсалар, яна бошқа бири туриб, у ҳам шуни илтимос қилар эди. Шу тариқа ҳамма ушбу мартабани сўрашга тушарди. Улар орасида бунга ҳақли бўлмагани сўраб қолиш эҳтимоли ҳам бор. Шу боис бу мавзуни катталаштирмай, тўхтатишни афзал санадилар. Валлоҳу аълам.

 

[1] Аҳмад, “Зуҳд”, 730; Абу Нуайм: “Ал-ҳиля”, 1\213.
[2] Собиқ манбалар.
[3] Абдуллоҳ ибн Аҳмад (“Завоид аз-зуҳд”, 783), Ибн Абу Осим (“Оҳод ва масоний”, 389), Ибн Абу Шайба (“Мусаннаф”, 7\35522) ва бошқалар ривоят қилишган.
[4] Аҳмад, “Зуҳд”, 787; Абу Нуайм, “Ҳиля”, 1\164.
[5] Аҳмад, “Зуҳд”, 786; Абу Нуайм, “Ҳиля”, 1\163.
[6]   Жосия, 21.
[7] Ибн Муборак (“Зуҳд”, 31), Вакеъ (“Зуҳд”, 150), Абу Довуд (“Зуҳд”, 394) ва бошқалар ривоят қилишган.
[8] Аҳмад. “Зуҳд”, 1025.
[9] Бухорий, “Ас-саҳиҳ ал-жомеъ”, Иймон китоби, 36-боб.
[10] Ҳайсамий. “Мажмаъ аз-завоид”, 3\42. Ибн Ҳажар ушбу ривоят санадини саҳиҳ деган.
[11] Бухорий (6542) ва Муслим (216) ривояти.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг