Қиёматнинг катта аломатлари: Масиҳ Дажжол фитнаси (1)

0

Иккинчи фасл

Масиҳ Дажжол фитнаси

Дажжол сўзи арабча «дажлун» сўзидан олинган бўлиб, «ёпмоқ, ўрамоқ, яширмоқ» маъноларини англатади. Шунингдек, бу сўзнинг «қориштирмоқ, чигаллаштирмоқ» маънолари ҳам бор.

Дажжол ботили билан ҳақни ёпгани ёки ёлғони, кўзбўямачилиги ва алдови билан одамлардан куфрини беркитгани боис шундай номланган[1].

Бу ердаги Дажжолдан қиёмат қойим бўлишидан бироз илгари Маҳдий ва Исо алайҳиссалом замонида чиқадиган катта Дажжол кўзда тутилган.

Дажжолнинг чиқиши қиёмат қойим бўлишига яқин қолганини билдирадиган катта аломатлардан, фитнаси одамлар бошига тушадиган энг улкан бало-офатлардандир. Икки кўзидан бирининг ўрни теп-текис бўлиши ёки ерни қирқ кунда айланиб чиқиши сабабли унга Масиҳ деб ҳам айтилади. «Масиҳ» лафзи содиқ ва ростгўй зот Исо алайҳиссаломга нисбатан ҳам, каззоб ва адаштирувчи Дажжолга нисбатан ҳам қўлланилади[2].

Қуртубий деди: «Уламолар “масиҳ” лафзининг луғавий маъноси борасида йигирма уч хил фикр билдирганлар. Уларнинг барчасини Ҳофиз Aбул-Хаттоб ибн Диҳя “Мажмаъ ал-баҳрайн” китобида келтирган»[3].

Бу ўринда «масиҳ»дан «Залолат Масиҳи» назарда тутилган бўлиб, одамлар унинг ёмғир ёғдириши, ердан турли ўсимликларни ўсдириши каби мўъжизаларидан, ақл бовар қилмас ва одатдан ташқари ажойиботларидан фитналаниб қоладилар. «Ҳидоят Масиҳи» эса Исо ибн Марям алайҳиссалом бўлиб, у зот ҳақида келгуси мавзуларда сўз юритилади.

Охирзамонда Дажжолнинг чиқишини айтган ва ундан огоҳлантирган саҳиҳ ҳадислар мутавотир даражасига етган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни бирор оқил киши учун махфий қолмайдиган даражада умматларига аниқ ва тиниқ тасвирлаб берганлар. Шунингдек, у кишидан аввал ўтган пайғамбарлар ҳам умматларини Дажжолдан огоҳлантирганлар, унинг сифатларини очиқ ва равшан баён қилиб берганлар.

Дажжол ҳақида келган ҳадислардан бирини Aбдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо бундай ривоят қилади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар ичида туриб хутба қилдилар. Аллоҳга Ўзи лойиқ бўлганидек ҳамду сано айтгач, Дажжолни зикр қилдилар: “Мен сизларни ундан огоҳлантираман. Ҳар бир пайғамбар албатта ўз қавмини Дажжолдан огоҳлантирган, Нуҳ ҳам ўз қавмини огоҳлантирган. Лекин мен сизларга Дажжол ҳақида ҳеч бир пайғамбар ўз қавмига айтмаган сўзни айтаман. Огоҳ бўлинг, унинг бир кўзи кўрмайди, Аллоҳ эса бир кўзи кўрмайдиган эмасдир“»[4].

Aбу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дажжол ҳақида ҳеч бир пайғамбар қавмига айтмаган хабарни сизларга айтиб берайми? Унинг бир кўзи кўрмайди. Ўзи билан жаннат ва дўзахга ўхшаш нарсани келтиради. Жаннат дегани (аслида) дўзах бўлади. Нуҳ ўз қавмини ундан огоҳлантиргани каби мен ҳам сизларни огоҳлантираман»[5].

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни одамлар орасида Масиҳ Дажжолни зикр қилиб шундай дедилар: “Аллоҳ бир кўзи кўрмайдиган зот эмас. Билиб қўйинглар, Масиҳ Дажжолнинг ўнг кўзи кўрмайди, (чап кўзи эса) гуёки бўртиб чиққан узум донасига ўхшайди“»[6].

Aбу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга Дажжол ҳақида узоқ гапирдилар. Бизга айтганлари орасида шундай сўзлар бор эди: «Дажжол келади. Лекин унга Мадинага кириш ҳаром қилинган бўлади. Мадина яқинидаги гиёҳсиз шўрхок ерга етиб келади. (Мадинадан) одамларнинг яхшиси ёки яхшиларидан бири унинг олдига чиқиб шундай дейди: “Гувоҳлик бераманки, сен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида баён қилган Дажжолсан”. Дажжол айтади:
 “Агар мен бу (киши)ни ўлдириб, кейин тирилтирсам, менинг ишим (яъни худолигим) борасида шубҳаланасизларми?” Одамлар: “Йўқ”, дейдилар. Дажжол уни ўлдириб, сўнгра тирилтиради. Шунда ҳалиги киши: “Аллоҳга қасамки, сени (шу пайтгача) бугунгидан кўра аниқроқ танимаганман”, дейди.

Сўнг Дажжол уни яна ўлдиришни хоҳлайди, лекин бунга қодир бўлмайди»[7].

Aнас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳар бир пайғамбар умматини бир кўзи кўрмайдиган каззобдан албатта огоҳлантирган. Огоҳ бўлинг, унинг бир кўзи кўрмайди. Раббингиз эса бир кўзи кўрмайдиган эмасдир. Дажжолнинг икки кўзи ўртасига к-ф-р (кофир)[8] деб ёзилгандир»[9].

(Давоми бор)

[1] Қаранг: «Aн-ниҳоя фи ғариб ал-ҳадис», 2/102. «Лисон ал-араб», 11/236. Ибн Ҳажар. «Фатҳ ал-Борий», 2/318.

[2] Қаранг: «Aн-ниҳоя фи ғариб ал-ҳадис», 4/326. «Лисон ал-араб», 2/594.

[3] Қуртубий. «Aт-тазкира», 2/679.

[4] Бухорий (6705), Муслим (169) ва Термизий (2236) ривояти.

[5] Бухорий (3160) ва Муслим (2936) ривояти.

[6] Бухорий (3256), Муслим (169) ва  Aҳмад (2/144) ривояти.

[7] Бухорий (7132) ва Муслим (2938) ривояти.

[8] Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Муҳаққиқ уламолар тўғри деб билган фикр шуки, ушбу ёзув зоҳирига кўра тушунилади. Яъни, у ҳақиқий ёзув бўлиб, Aллоҳ таоло уни Дажжолнинг куфри, ёлғони ва ботиллигига очиқ оят-аломатлар жумласидан қилиб қўйган. Aллоҳ у ёзувни саводли ва саводсиз барча мусулмонга ошкор қилади, бахтсизлик ва фитна етишини хоҳлаган кишилардан эса яшириб қўяди. Ва бунда бирор монелик йўқдир». (Нававий. «Шарҳу саҳиҳи Муслим», 18/60).

[9] Бухорий (7131) ва Муслим (2933) ривояти.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг