Қиёматнинг катта аломатлари: Масиҳ Дажжол фитнаси (2)

0

Наввос ибн Самъон разияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни туш вақтида Дажжолни эсга олиб, бир уни камситсалар, бир унинг катта фитнасидан огоҳлантирдилар. Ҳатто биз уни хурмозор тарафда, деб ўйлаб қолдик. Биз у ерга боргандик, у зот хабар топдилар ва: “Нима қиляпсизлар?”, дедилар. Бизлар: “Ё Расулуллоҳ, туш вақтида Дажжолни эсга олдингиз, уни камситдингиз ва катта фитнасидан огоҳлантирдингиз. Биз уни хурмозор тарафда бўлса керак, деб ўйлаб қолдик”, дедик. Шунда у зот бундай дедилар:
 “Мен сизларга Дажжол чиқишидан қўрқмайман. Агар у мен орангизда бўлган вақтимда чиқса, ўзим ҳар бирингиз учун унга қарши ҳужжат келтириб унга ғолиб келаман. Мен орангиздан кетган вақтимда чиқса, ҳар бир киши ўзи учун ҳужжатлашади. Аллоҳ менинг ўрнимга ҳар бир мусулмонга (ёрдам беради). У сочи жингалак, кўзи узум донасидек бўртиб чиққан ёш йигитдир. Мен уни худди Абдулуззо ибн Қатанга ўхшатаман. Ким унга дуч келса, Каҳф сурасининг бошидаги оятларни ўқисин. Дажжол Шом билан Ироқ ўртасидаги Хулла деган жойдан чиқади. У ўнг ва чап тарафларда фасод тарқатади. Эй Аллоҳнинг бандалари, собитқадам бўлинглар”. Биз: “Эй Расулуллоҳ! У ер юзида қанча вақт туради?”, деб сўрадик. У зот: “Қирқ кун. Бир куни бир йилга, яна бир куни бир ойга, яна бир куни бир ҳафтага тенг, қолган кунлари эса сизларнинг кунингиз кабидир”, деб жавоб бердилар. Биз яна сўрадик: “Эй Расулуллоҳ! Бир йилга тенг келадиган кунда бизга бир кунлик (беш маҳал) намоз кифоя қиладими?” “Йўқ. Балки у кун учун (ҳар бир намоз вақтларининг) миқдорини ўлчангиз (ва шунга кўра бу кунда бир йиллик намозларни ўз вақтида ўқингиз)” деб айтдилар. “Эй Расулуллоҳ! Дажжол ер юзида қандай тезликда ҳаракат қилади?” деб сўрадик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай жавоб бердилар: “Шамол ҳайдаётган ёмғирли булутдек ҳаракат қилади. У бир қавмга келиб, даъват қилади. Улар унга иймон келтириб, даъватини қабул қиладилар. Шунда у осмонга буюрса, ёмғир ёғади. Ерга буюрса, ўсимликларини ундиради. Одамларнинг чорва ҳайвонлари кечқурун (яйловдан) баҳайбат бўлиб, елинлари сутга тўлиб, биқинлари семириб қайтади. Сўнгра бошқа қавмга келиб даъват қилади. Улар Дажжолнинг сўзини рад қиладилар. Дажжол улардан юз ўгириб кетганда, ерлар ҳосилсиз бўлиб, қўлларидаги молу дунёларидан бирор нарса қолмайди. У хароба жойдан ўтаётиб, «хазиналарингни чиқар» дейди. Хазиналар худди асаларилар она арига эргашганидек, унинг ортидан эргашиб юради. Сўнгра барваста, ёш йигитни чақиради, уни қиличи билан уриб, ўқ етиб борадиган масофагача икки бўлакка бўлиб ташлайди. Сўнгра йигитни чақиради. Йигит юзи ёришиб (гўё ҳеч нарса бўлмагандек) кулиб келади. Дажжол шу ҳолатда турганда Аллоҳ таоло Масиҳ ибн Марям алайҳиссаломни жўнатади. У Дамашқнинг шарқидаги оқ минора ёнига (заъфаронга бўялган) сариқ кийим кийган, қўлини икки фариштанинг қанотларига қўйган ҳолда тушади. Исо ибн Марям бошини эгса сув томади. Агар кўтарса, маржондек терлар оқади. Унинг нафаси етган кофир ўлмасдан қолмайди. Нафаси эса кўзи етган жойгача етади. У Дажжолни қидиради. Ниҳоят уни Луд дарвозаси ёнида топиб, ўлдиради. Сўнгра Исо ибн Марям алайҳиссалом Аллоҳ Дажжолдан сақлаган қавмнинг олдига боради. Улардан қўрқув ва машаққатни кетказиб, жаннатдаги даражалари ҳақида гапириб беради. Ҳолат шундай бўлиб турганда Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломга ваҳий қилади: «Мен бирор кимсанинг уларга қарши жанг қилишга қудрати етмайдиган бандаларимни чиқардим. Бандаларимни Тур тоғига (олиб чиқиб) сақлагин». Аллоҳ яъжуж-маъжужни жўнатади. Улар ҳар бир тепаликлардан шошилиб кела бошлайдилар. Олдинги сафлардагилари Табария кўлидан ўтиб, унинг сувини ичиб тугатадилар. Охиргилари у ердан ўтишар экан, «Бу ерда олдин сув бўлар эди», деб айтадилар. Исо пайғамбар ва унинг асҳоблари қамал қилинади. Ҳаттоки улардан бирига ҳўкизнинг боши ҳозирдаги сизларнинг юз динорингиздан афзал бўлади (яъни қаттиқ очарчилик бўлади). Aллоҳнинг пайғамбари Исо алайҳиссалом ва у кишининг асҳоблари дуо-илтижо қиладилар. Шунда Аллоҳ таоло яъжуж ва маъжуж бўйнига «нағаф»[1] қуртини туширади. Улар бир инсоннинг ўлимидек, бирданига (бир вақтда) ҳалок бўладилар. Сўнгра Исо пайғамбар ва унинг асҳоблари ерга тушадилар. Бир қарич ҳам бўш ер топа олмайдилар. Ҳамма ёқни яъжуж ва маъжуж жасади ва бадбўй ҳид босиб кетган бўлади. Исо ва асҳоблари яна дуо-илтижо қиладилар. Аллоҳ ёмғир ёғдиради. Ёмғир ғиштли уй бўлсин, кегиз уй бўлсин, ҳаммасига кириб боради. Ерни ювиб, ойнадек (силлиқ ва покиза) қилиб қўяди. Сўнгра ерга: «Меваларингни ундир, баракангни қайтар», дейилади. Ўша вақтда бир гуруҳ (одамлар) бир дона анорни еб (тўядилар) ва унинг пўстлоғи остида ҳаммалари сояланадилар. Аллоҳ таоло сутга барака беради. Ҳаттоки бир ҳомиладор туя (сути) бир гуруҳ одамга кифоя қилади. Ҳомиладор сигир (сути) бутун бошли қабила одамларига етади. Ҳомиладор қўй (сути) бир уруғ аҳлига етарли бўлади. Улар шундай ҳолатда эканларида Аллоҳ майин шамол юборади. У одамларнинг қўлтиқлари остидан эсиб ўтади. Шу билан Аллоҳ ҳар бир мўмин ва муслимнинг жонини олади. (Ер юзида) фақат ёмон одамлар қолади. Улар эшаклар каби аёллар билан ошкора яқинлик қиладилар. Уларнинг устига қиёмат қойим бўлади”»[2].

[1] Нағаф – туя ва қўйларнинг бурнига тушадиган қурт.

[2] Муслим, 2937.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг