Дард ва даво (33): Гуноҳнинг заҳри (01)

0

Келинг, асл мавзумизга қайтсак. Мавзумиз агар даволамаса банданинг дунё ва охиратини барбод қиладиган дарднинг давоси ҳақида эди.

Шуни билайликки, гуноҳлар зарар етказмай қўймайди. Гуноҳнинг қалбга етказадиган зарари заҳарнинг танага етказадиган зарари кабидир. Гуноҳнинг даражасига қараб зарари ҳам турлича бўлади. Дунё ва охиратдаги ҳар қандай ёмонлик ёки дард борки, албатта, унга гуноҳ ва маъсиятлар сабабчи бўлади!

Башариятнинг ота-онаси Одам ва Ҳаввони ноз-неъмат, роҳат-фароғат диёри бўлмиш жаннатдан алам-изтироб, қайғу ва мусибатлар диёрига тушишларига нима сабаб бўлган эди?

Иблисни осмон мамлакатидан қувғин қилинишига, лаънатга дучор бўлишига, ичию сирти хунуклашиб, шакл-шамойили борлиқдаги энг турқисовуқ ва бадбашара хилқатга айланишига, ички олами эса, ундан ҳам қабиҳроқ ва хунукроқ қилинишига нима сабаб бўлган эди? Аллоҳга яқин бандалардан бўлган жойида энг узоқ бандага айланди. Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум қилиниб, лаънатига дучор қилинди. Чиройли кўринишдан жирканч махлуққа айланди. Яшаб турган жаннатдан мосуво қилиниб, ўрнига ловуллаган жаҳаннам берилди. Иймонни куфрга айлмаштирди. Аллоҳни дўст тутиш ўрнига Уни энг катта ва ашаддий душмани этиб олди. Мудом Аллоҳга тасбеҳ ва таҳлил айтиш, У зотни айбу нуқсонлардан поклаш каби яхши сўзларни тилидан қўймаслик ўрнига куфр, ширк, ёлғон, бўҳтон, фаҳш сингари ёмон сўзларни айтишга ўтди. Иймон либосини куфр, фисқ ва гуноҳ либосига алмаштирди. Натижада, Аллоҳ олдидаги обрўси (ҳурмати) ер билан яксон бўлди, Яратганнинг назаридан қолди, ғазабига учраб, расво бўлди. Аллоҳнинг қаҳрини келтириб, ҳалок бўлувчилардан бўлди. Ҳар қандай фосиқ, жиноятчи учун етакчига айланди. Шунча тоат-ибодат ва шон-шарафдан сўнг шундай кимсаларга етакчи бўлишга рози бўлди.

Аллоҳим, буюрган амрингга хилоф иш тутишдан, қайтарган ишингга қўл уришдан Ўзинг сақла!

(Бир ўйлаб кўрингчи, шундай бало-мусибатларнинг сабаби нима эди?)

Бутун ер юзи аҳолиси ғарқ бўлишига, ҳатто сув тоғларни ҳам кўмиб юборадиган даражада «қутуриши»га нима сабаб бўлган эди?

Од қавми устига ҳалок қилувчи бўрон ҳукмрон қилинишига, бўрон уларнинг жасадларини худди чириб, ичи бўшаб қолган хурмо дарахтининг таналари сингари ҳар томонга улоқтириб ташлашига нима сабаб бўлган эди? Ўшанда у йўлида учраган уйлар борми, экин-тикин борми, чорва-моллари борми, битта қолдирмай барини вайрон қилган эди. Энди улар то қиёмат кунигача барча умматга ибрат бўлиб қолишди.

Самуд қавмига қичқириқ юборилишига, ҳатто унинг шиддатидан уларнинг юраклари ёрилиб, битта қолмай ўлишларига нима сабаб бўлган эди?

Лут қавмининг қишлоғи остин-устун қилинишига нима сабаб бўлган эди? Осмондаги фаришталар итларининг ҳуришини эшитадиган даражада қишлоқлари юқорига кўтарилди, сўнг остини усти қилган ҳолда ағдариб ерга урилди ва барчалари ҳалок қилинди. Кетидан устларига осмондан тош ёғдирилди. Бошқа бирор уммат бошига тушмаган балолар уларнинг бошига йиғилиб келди. Уларга ўхшаганларга ҳам шундай азоб етур. Шубҳасиз, бундай азоб золимлар бошига тушишдан йироқ эмас!

Шуайб қавмига азоб булутлари худди соябондек юборилишига нима сабаб бўлган эди? Ушбу булутлар уларнинг тепасига келганда устларига ёмғир ўрнига ловуллаган олов ёғган эди.

Фиръавн ва унинг қавми денгизда ғарқ бўлиб, руҳлари жаҳаннамга равона қилинишига нима сабаб бўлган эди? Жасадлари ғарқ бўлди, руҳлари эса жаҳаннам оловида куйдирилди.

Қорунни уйи, мол-мулки ва аҳли-оиласига қўшиб ер ютишига нима сабаб бўлган эди?

Нуҳ алайҳиссаломдан кейинги қавмлар бошига турли балолар келиб, яксон бўлишларига нима сабаб бўлган эди?

Ёсин соҳибининг (яъни Ёсин сурасида зикр этилган солиҳ банданинг) қавми қаттиқ қичқириқ билан ҳалок бўлишига нима сабаб бўлган эди? Биронтаси қолмай, қўрқинчдан турган жойларида қотиб ҳалок бўлишди.

Бани Исроил қабиласига шафқатсиз зўровон бир қавм бостириб келишига нима сабаб бўлган эди? Улар Бани Исроил диёрига кириб, эркакларини ўлдириб, аёл ва ёш болаларни асир олиб, уй-жойларини ёқиб юборишди, мол-мулкларини талон-тарож қилишди. Сўнг иккинчи бор бостириб келиб, қўлларидан келган барча бузғунчиликни қилиб, қўлларига тушган нарсани яксон этишди.

Бани Исроил бошига турли балолар: бир сафар қатл, бир сафар асирлик, бир сафар ватанлари хароб бўлиши, бир сафар подшоҳларнинг зулми, бир сафар маймун ва тўнғизга айланиш каби балолар келишига нима сабаб бўлган эди? Бундай балолар ҳали-бери тугамаслигига, балки уларга келгусида ҳам азоб-уқубатлар етиши ҳақида Аллоҳ таоло қасам ичиб бундай дейди:  “Қасамки, Парвардигорингиз уларнинг устига қиёмат кунигача ёмон азоб билан азоблайдиган зотларни юборади” (Аъроф, 167).

Изоҳ қолдиринг