Аллоҳ суйган бандалар: Тавба қилиш (7)

0

Биринчи шарт: Гуноҳдан тўхташ

Бир гуноҳни қилиб турган кишини шу гуноҳдан тавба қилган деб бўлмайди. Тавба қилиш учун аввало гуноҳдан тийилиш лозим. Вақтинча эмас, балки буткул тийилиш зарур. Қолаверса, балоғат ёшига етган биринчи кунга қайтиб, умридан ўтган йиллар, ойлар, кунлар, ҳатто лаҳзаларни бирма-бир сарҳисоб қилиши, камчиликка йўл қўйган тоат-ибодатларини ва содир этган гуноҳларини кўздан кечириши лозим.

Сусткашлик қилиб намозни тарк этган бўлса, дарҳол қазосини адо этишга ёки ўшанча нафл намозларни ўқишга шошилиши керак.

Рўза тутмаган, рўзасини қасддан бузган ёки узр билан очган-у қазосини тутмаган бўлса, қазосини тутиши шарт бўлади.

Закотни ўтамаган бўлса ҳам шу. Барча молларини, моли нисобга етганидан бошлаб закот бермаган йилларни ҳисоблайди. Закотда балоғатга етган бўлиши шарт эмас, моли нисобга етган бўлса, бўлди. Шунинг учун балоғатга етган кунидан эмас, моли нисобга етган кунидан бошлаб бермаган закотларини адо этиши керак.

Тўлиқ адо этмаган бошқа барча тоат-ибодатларда ҳам айни шундай қилиши лозим.

Гуноҳ-маъсиятларга келсак, банда ўтмишга қайтиб, балоғатга етган кунидан бошлаб қулоғи, кўзи, тили, қорни, қўли, оёғи, жинсий аъзоси ва бутун вужудини тафтиш қилиб чиқиши керак. Сўнг ўтган кунларига, соатларига назар солиб, барча каттаю кичик гуноҳларини эслашга, хаёлига келтиришга ҳаракат қилиши керак.

Ҳаромга қараш, жунуб ҳолда масжидда ўтириш, бир бидъат ишни диндан деб эътиқод қилиш, маст қилувчи ичимлик ичиш, мусиқа эшитиш каби бировнинг ҳаққига алоқадор бўлмаган, ўзи билан Аллоҳ ўртасида содир этган гуноҳларнинг ҳар бири учун муносиб савоб амал изласин. Чунки Аллоҳ таоло: “Албатта, савоб ишлар гуноҳ ишларни кетказади” (Ҳуд, 114), деган.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳдан қўрқ ва гуноҳ иш ортидан бир савобли иш қил, гуноҳни ўчириб юборади” (Термизий ривоят қилиб, саҳиҳ деган).

Каффорат ўлароқ куй-қўшиқ эшитганига Қуръон эшитсин, беҳуда давраларда ўтирганига илм мажлисларида ўтирсин, жунуб ҳолида масжидга кирганига масжидда Аллоҳ учун эътикоф ўтирсин, маст қилувчи ичимлик ичганига ҳалол ичимликларни эҳсон қилсин, номаҳрамларга қараганига Аллоҳнинг бошқа махлуқотига – ер, осмон, дарахт каби нарсаларга қараб тафаккур қилсин. Буларнинг бари содир этган гуноҳига надомат чекиб, истиғфор сўраш билан бирга бўлиши лозим.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг