Аллоҳ суйган бандалар: Тавба қилиш (11)

0

Тавба қилувчиларнинг даражалари

Имом Ғаззолий “Иҳёу улум ад-дин” китобида ёзади: “Тавба қилувчилар тўрт даражага бўлинади:

Биринчи даража. Бунда киши гуноҳига тавба қилиб, то умрининг охиригача тавбасида давом этади. Ўзидан содир бўлган камчиликларни тузатади, қўлдан бой берган эзгу ишларнинг ўрнини тўлдиришга тиришади. Гуноҳларига қайтиш тўғрисида ўйламайди. Инсончилик билан содир бўладиган кичик хато-камчиликлар мустасно. Чунки одамзот улардан холи эмас. Тавбага содиқ қолиш шудир. Бундай тавба эгаси ҳар қандай яхши амалга шошилади, гуноҳлари савобга алмаштирилади. Мана шундай тавбага “тавбайи насуҳ” (самимий тавба) ва шу тавба эгасининг нафсига “нафси мутмаинна” (хотиржам нафс) дейилади. Бундай нафс Парвардигори ҳузурига Ундан рози бўлган ва Парвардигори ҳам ундан рози бўлган ҳолда қайтади.

Иккинчи даража. Бу даража соҳиби асосий ибодатларни бажаришда ва барча катта гуноҳларни тарк этишда истиқомат йўлини тутган тавба қилувчидир. Лекин у айрим гуноҳлардан қутула олмайди.

Бу гуноҳларни бехосдан, олдиндан режалаштирмаган ҳолда содир этади, кейин ўзини маломат қилиб, надоматлар чекади, шу гуноҳларга етакловчи сабаблардан сақланишга янгидан азм-қарор қилади.

Бундай нафс “маломатчи нафс” деб номланишга лойиқдир. Зеро, бу нафс ўз эгасини йўл-йўлакай шармандали аҳволларга тушиб қолишдан маломат қилиб туради.

Тавбанинг бу даражаси биринчи даражадан қуйи бўлса-да, юқори даражалардан ҳисобланади. Аксар тавба қилувчилар айни шу даражага мансубдирлар. Буларга Аллоҳ таолонинг гўзал ваъдалари бор: “Улар (яъни, жаннатга сазовор бўлган кишилар) майда гуноҳлардан бошқа катта гуноҳлардан, фаҳш ишлардан узоқ бўладиган кишилардир. Албатта, Раббингиз мағфирати кенг бўлган Зотдир” (Нажм, 32).

Нафс унга ўрганиб қолмаган ҳолда, бехосдан содир бўлган ҳар қандай кичик хато-камчилик афв этиладиган майда гуноҳлар сирасига киради.

Аллоҳ таоло айтади: “Яна улар бирон катта гуноҳ қилиб қўйсалар ёки кичикроқ гуноҳлар билан ўзларига зулм қилсалар, Аллоҳни эсга олиб, Ундан гуноҳларини кечиришини сўрайдиган кишилардир” (Оли Имрон, 135).

Улар ўзларига зулм қилган бўлсалар-да, бунга афсус-надомат чекиб, ўзларини маломат қилганлари учун Аллоҳ таоло уларни мақтади.

(давоми бор)

Изоҳ қолдиринг