Аллоҳ суйган бандалар: Тавба қилиш (12)

0

Учинчи даража. Бунда киши тавба қилади ва бир қанча муддат истиқоматда давом этади. Сўнг айрим гуноҳларда хоҳиш-истаги устун келиб, яна шу гуноҳни қилиб қўяди. Бехосдан эмас, шаҳватини, хоҳиш-истагини енга олмай, ўзи истаб қилади. Шу билан бирга, тоат-ибодатини ҳам давом эттираверади ва айрим гуноҳларни қилишга қодир бўлса-да, кўнгли тусаб турса-да, уларга қўл урмайди. Уни шу битта ё иккита гуноҳга бўлган хоҳиш-истаги енга олади, холос. Ўша гуноҳни қилаётганида ҳам Аллоҳдан шу гуноҳга бўлган хоҳиш-истагини йўқ қилишини ва уни енгиб ўтишга куч-қувват беришини сўрайди, унинг ёмонлигидан Ўзи асрашини орзу қилади. Гуноҳни қилгач эса, надомат чекади, ўзига-ўзи: “Эҳ, қанийди шуни қилмаганимда эди. Тавба этдим, бошқа қайтариб қилмайман. Энди бу ёғига нафсимни, шаҳватимни енгишга жидду жаҳд кўрсатаман”, дейди. Лекин йўлдан урувчи нафси уни васваса қилаверади ва тавбасини кечиктириб, ортга суриб юборади.

Бу нафсни “нафси мусаввила” (йўлдан урувчи нафс) дейилади.

Бундай нафс эгалари ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган: “Бошқа бир кишилар ҳам бор: улар ўз гуноҳларини эътироф этади, аммо солиҳ амалларни ёмон амаллар билан аралаштириб қўйган бўлади. Шояд Аллоҳ уларни тавбага муваффақ қилса ва тавбаларини қабул этса” (Тавба, 102).

Бундай киши тоат-ибодатда давом этаётгани ҳамда уни енгиб қўйган гуноҳларни ёмон кўриши сабабидан мағфират этилиши умид қилинади. Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул этиб, гуноҳларини кечирса, ажабмас. Лекин, шу билан бирга, тавбани кечиктириши, ортга суриши барибир хатарли бўлиб, тавба қилишга улгурмай ажали келиб қолиши мумкин. Бу ҳолда унинг иши Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола бўлиб қолади.

Тўртинчи даража. Бунда киши гуноҳига тавба қилади, бир қанча муддат тавбасида давом ҳам этади, сўнг яна гуноҳ ёки гуноҳлар қилишга қайтади. Лекин учинчи даражадаги тавба қилувчи билан бунинг фарқи – бу тавба қилишни хаёлига келтирмайди ва гуноҳ қилиб қўйганига афсус-надомат ҳам чекмайди. Балки ғофил кишилардек хоҳиш-истагига эргашишга ботиб кетади.

Бундай киши гуноҳга ружу қўйганлар сафида бўлади. Бу нафсга “нафси аммора” (гуноҳларга жуда кўп ундовчи нафс) дейилади. Бу ҳолдаги кишиларнинг ёмон хотима топиши эҳтимоли катта”[1].

Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Эй Расулуллоҳ, энг яхши киши ким?” деб сўради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умри узун ва амали гўзал бўлган киши”, дедилар. У: “Энг ёмон киши-чи?” деган эди: “Умри узун ва амали ёмон бўлган киши”, деб жавоб бердилар (Термизий саҳиҳ санад билан ривоят қилган).

[1] Имом Ғаззолийнинг “Иҳёу улум ад-дин” китобидан (12/2139-2144 бетлар) қисқартириб олинди.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг