Аллоҳ суйган бандалар: Ёлғон гувоҳлик бермаслик

0

Ўнинчи сифат 

Ёлғон гувоҳлик бермаслик

Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермайдилар” (Фурқон, 72).

Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ ушбу оят тафсирида бундай деган: “Ёлғон ва ботил бор жойга келмайдилар ва унга томошабин бўлмайдилар. Оятдаги (“ёлғон” деб таржима қилинган) “зур” калимасидан мурод ҳар қандай ботил сўз ва хатти-ҳаракатлардир” (Қуртубий тафсири, 13/79).

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу оятдаги “ёлғон гувоҳлик бериш”дан бировга қасддан ёлғон гувоҳлик бериш назарда тутилган” (Ибн Касир тафсири, 3/329).

Ёлғон гувоҳлик беришни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам гуноҳи кабиралардан санаганлар.

Анас разияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан гуноҳи кабиралар ҳақида сўрашди. Шунда ул зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, одам ўлдириш ва ёлғон гувоҳлик бериш», деб жавоб қилдилар” (Бухорий, 5/261, Муслим, 2/82).

Ёлғон гувоҳлик беришни ҳатто энг катта гуноҳ деб ҳисоблаганлар.

Абу Бакра разияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Гуноҳларнинг энг катталари ҳақида сизларга хабар берайми?” деб уч марта сўрадилар. Саҳобалар: “Айтинг, эй Расулуллоҳ”, дейишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш – дедилар-да, ёнбошлаган ҳолда эдилар, ўтириб олиб: – Огоҳ бўлинг, ёлғон гувоҳлик бериш! Огоҳ бўлинг, ёлғон гувоҳлик бериш”, деб такрорлайвердилар. Ҳатто биз: “Қанийди тўхтасалар”, деб қолдик (Бухорий, 5/261, Муслим, 2/81).

Бу ишнинг гуноҳи ва жамиятга келтирадиган зарари бениҳоят каттадир. Чунки у жамиятдаги мезонларнинг бузилишига мазлум қолиб, золимга ёрдамчи бўлишга олиб боради. Шу боис Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёлғон гувоҳлик беришга жиддий эътибор қаратдилар, ҳолатларини ўзгартириб, ёнбошлаган жойларида ўтириб олдилар ва тингловчилар қалбига мустаҳкам ўрнашиб олсин деб такрор ва такрор қайтардилар.

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ ҳадис шарҳида “Ёнбошлаган ҳолда эдилар, ўтириб олдилар”, деган иборани қуйидагича изоҳлайди:

“Ҳолатларини ўзгартириб, ўтириб олишлари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу гуноҳга алоҳида эътибор қаратганларини, шунингдек, бу гуноҳнинг ҳаром ва ўта жирканч эканини англатади.

Бунчалик катта эътибор берганларининг сабаби – ёлғон сўзлаш ёки ёлғон гувоҳлик бериш одамлар орасида осон ва кенг тарқалган бўлиб, кўпчилик бунга енгил қарайди, унча писанд қилмайди.

Ширкдан мусулмон кишининг қалби жирканади, ота-онага оқ бўлишни инсон табиати қабул қилмайди. Аммо ёлғон сўзлаш ёки ёлғон гувоҳлик беришга келсак, адоват, ҳасад ва шу каби унга ундовчи омиллар кўп. Бинобарин, бу иллатга жиддий эътибор беришга эҳтиёж бор.

Ёлғон гувоҳлик беришга бу қадар алоҳида эътибор қаратилиши унинг гуноҳи ширкдан ҳам оғир бўлгани учун эмас, балки ширкдан фарқли ўлароқ, унинг зиёни ёлғон гувоҳлик берувчининг ёлғиз ўзига чекланмай, бошқаларга ҳам таъсир кўрсатиши сабабидандир. Ширкнинг зарари эса кўпинча шахснинг ўзигагина чекланади” (Фатҳул Борий, 5/263).

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу: “Ёлғон гувоҳлик бериш Аллоҳга ширк келтириш билан тенглаштирилган”, деди уч бор ва ушбу оятни ўқиди: “Ифлосликдан, яъни бутлардан ва ёлғон сўздан узоқ бўлинглар. Буни сизлар Аллоҳга ширк келтирмаган ва ботилни ташлаб, ҳаққа юз тутган ҳолда қилинглар” (Ҳаж, 30-31) (Табароний ривояти).

“Кабоир” китобининг муаллифи айтади: “Ёлғон гувоҳлик бериш гуноҳи кабира саналишида шундай гувоҳлик билан ўзлаштириб олинган молнинг кам ё кўплигининг аҳамияти йўқ. Шунингдек, унинг ортидан кимгадир жуда катта зарар етиши ҳам шарт эмас. Шу боис у ширк билан бир ўринда зикр қилиниб, унга тенглаштирилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одам ўлдириш ва зино каби катта гуноҳлар ҳақида сўзлаганларида у зотда кузатилмаган ғазабланиш ва такрорлаш ёлғон гувоҳлик бериш ҳақида сўзлаганларида кузатилгани унинг нақадар оғир гуноҳ эканига далолат қилади”.

“Завожир” китобида айрим уламолардан нақл қилинишича: “Агар гувоҳлик берувчи ёлғон сўзласа, учта гуноҳни: ёлғон сўзлаш гуноҳини, золимга ёрдам бериш гуноҳини ва мазлумни ёрдамсиз ташлаб қўйиш гуноҳини ўзига юклаб олади”.

Ривоят этилишича, “Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ёлғон гувоҳлик берган кишини қирқ дарра урдирар, сочини қирдирар, юзига қоракуя суртар ва бозорда айлантириб сазойи қилдирар эди” (Қуртубий тафсири, 13/80).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг