Волий Муҳаммад ибн Юсуф Сақафий билан бўлган ҳикояси
“Товус ибн Кайсонга ўхшаш инсонни асло кўрмадим” (Амр ибн Динор)
Навбатдаги ҳикоя қаҳрамони Товус номи билан машҳур тобеин Заквон ибн Кайсондир. Бу ном билан танилишининг сабаби товус бошқа қушлардан ажралиб тургани каби у ҳам одамлар ичида яққол ажралиб турар эди. У фуқаҳолар товуси, ўз асрининг пешқадам кишиларидан бўлган. Бунинг ажабланарли ери йўқ. Сабаби, у элликта ҳидоят юлдузининг нуридан баҳраманд бўлган, нур уни бутунлай қамраб олган, унинг қалбини, тилини, йўлини ёритган эди.
Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам мадрасаларининг эллик нафар буюк алломалари қўлида таълим олган Товус ибн Кайсон иймон мустаҳкамлиги, ростгўйлик, фоний дунёдан ўзни тийиш, Аллоҳнинг розилиги йўлида фидойилик, ҳар қанча қимматга тушмасин ҳақ сўзни баралла айтиш борасида гуёки у зотнинг саҳобаларидан бирига айланган эди.
Бу муборак мадраса Товус ибн Кайсонга «дин Аллоҳ учун, Унинг китоби, Пайғамбари, мусулмонларнинг имомлари ва омма халқ учун насиҳат» эканини таълим берган эди. Ҳаётий тажриба уни ислоҳ ҳокимлардан бошланиб, шуларда ниҳоясига етишини, ҳоким ўнгланса халқ ҳам ўнгланиши, ҳоким бузилса халқ ҳам расво бўлишини ўргатди.
Товус ибн Кайсон яманлик эди. Ўша пайтда Яманга Ҳажжож ибн Юсуфнинг акаси Муҳаммад ибн Юсуф Сақафий волийлик қиларди. Ҳажжож Абдуллоҳ ибн Зубайр устидан ғолиб бўлгач, шон-шавкати юксалиб, ҳайбат-маҳобати ортгач, акасини Яманга волий этиб тайинлаган эди.
Муҳаммад ибн Юсуфда укаси Ҳажжожнинг кўп ёмон сифатлари мужассам бўлгани етмаганидек, ундаги яхши хислатлардан мутлақо мосуво эди.
Совуқ қиш кунларининг бирида Товус ибн Кайсон Ваҳб ибн Мунаббиҳ ҳамроҳлигида волий Муҳаммад ибн Юсуфнинг ҳузурига кирдилар. Ўзларига муносиб ўриндан жой олишгач, Товус ибн Кайсон волийни яхшиликларга чақириб, ёмонликлардан қайтариб панд-насиҳат қила бошлади. Мажлисда ҳозир бўлганлар ҳам унга қулоқ солиб ўтирардилар. Волий хизматкорларидан бирига қараб:
– “Кимхоб тўн келтириб, Абу Абдураҳмоннинг елкасига ташланглар”, деб амр қилди. Хизматкор қимматбаҳо яшил тўн келтириб, Товуснинг елкасига ташлади. Товус ибн Кайсон жўшқин мавъизасини янада кучайтирди. Шу аснода елкасидаги тўнни тушириб юбориш учун елкасини аста-аста қимирлатиб турарди. Ва ниҳоят елкасидан тўн тушгач, ўрнидан туриб чиқиб кетди. Бундан Муҳаммад ибн Юсуф ғазабга келди. Унинг ғазаблангани юз-кўзи қизариб кетганидан яққол билиниб турарди. Шундай бўлса-да, бирон нарса демади.
Товус билан ҳамроҳи мажлисдан ташқарига чиқишгач, Ваҳб ибн Мунаббиҳ Товус ибн Кайсонга:
– “Волийни ғазаблантирмасак ҳам бўлар эди. Шу тўнни олсангиз, сотиб пулини фақир-мискинларга бериб юборсангиз ҳам бўлар эди-ку?!”. Товус ибн Кайсон:
– “Тўғри айтдингиз. Лекин мендан кейин уламолар Товус олгани каби биз ҳам олаверамиз, дейишларидан, бироқ сиз айтган ишни қилмасликларидан қўрқдим”, деб жавоб берди.
Муҳаммад ибн Юсуф Товус ибн Кайсоннинг қилган бу ишига жавобан, уни тузоққа туширмоқчи бўлди. Ичига етти юз динор солинган ҳамённи ҳозирлаб, уни ўзи билган муғамбир кишиларидан бирига берди ва:
– Мана шу ҳамённи ол, бор маҳоратингни ишга солиб, қандай бўлмасин Товус ибн Кайсонга тутқазгин. Агар сен шу ҳамённи унинг қўлига тутқаза олсанг, сенга ҳам зиёда инъомлар бераман, елкангга кимхоб тўнлар ташлайман ва менга яқин кишилардан бўласан – деди. Муғамбир одам ҳамённи олиб Товус ибн Кайсон яшайдиган Санъога яқин ерда жойлашган Жанад номли қишлоққа етиб келди. Товуснинг ҳузурига киргач, салом-аликдан сўнг, хушмуомалалик билан:
– Эй Абу Абдураҳмон, амиримиз сизга мана бу ҳадяни бериб юбордилар, – деди. Товус ибн Кайсон:
– Менинг унга ҳеч ҳожатим йўқ, – деб рад этди. Муғамбир волий берган ҳамённи бир амаллаб тутқазиб кетиш учун ҳар хил йўлларни ишга солиб, уни қаноатлантира оладиган далилларни келтириб кўрди. Бироқ улуғ тобеин қабул қилмади. Чорасиз қолган муғамбир Товуснинг чалғиб турганидан фойдаланиб, ҳамённи хонадаги кичик токчалардан бирига билдирмай қўйиб қўйди. Сўнг волийнинг ҳузурига қайтиб: “Товус ҳамённи олди”, деб айтди. Бу гапдан Муҳаммад ибн Юсуф мамнун бўлди ва кўзлаган режаси яхши натижа бериши учун бир муддат индамади. Бир неча кун ўтгач, икки хизматчисини ҳалиги муғабирга қўшиб Товуснинг олдига юборди ва:
– Кечирасиз, бу киши ҳамённи сизга адашиб бериб қўйибди, аслида у бошқа кишига берилиши керак экан. Шунинг учун биз уни сиздан қайтариб олиб, ўз эгасига олиб бориб бериш учун келдик, – деб айтишга буюрди. Товус ибн Кайсон:
– Мен амирдан бирон нарса олмадимки, уни қайтариб берсам, – деди. Улар:
– Олгансиз,– дедилар. Товус ҳамённи олиб келган одамга қараб:
– Сендан бирон нарса олдимми? – деб сўраган эди, уни қаттиқ ваҳима босди ва:
– Йўқ, сиз олмадингиз, бир иш билан чалғиб турганингизда мен уни мана бу токчага қўйган эдим, – деди. Товус ибн Кайсон:
– Ана, токчага қаранглар, агар турган бўлса, бемалол олиб кетаверинглар, – деди. Токчага қараган эдилар, муғамбир ҳамённи қандай қўйган бўлса, шундай ҳолда турган экан, ҳатто ўргимчак ин қўйишга улгурган экан. Ҳамённи олиб амирнинг ҳузурига қайтиб кетдилар.
(давоми бор)