Талоқнинг таърифи

0

Талоқ китоби

Талоқнинг таърифи:

Арабча талоқ сўзи луғавий жиҳатдан хоҳ маънавий, хоҳ ҳиссий нарсаларда  бўлсин “қўйиб юбориш, озод қилиш” маъносини англатади.

Талоқ сўзи шариатда эса “никоҳ тугуни (яъни шартномаси)ни махсус ибора воситасида ечиш – бекор қилиш”га айтилади.

Талоқ қилиш жоизлигига далил:

Талоқ қилиш жоизлиги Қуръон, суннат ва ижмо билан маълум бўлган.

Қуръондан далил:

Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Эр хотинини қайта никоҳига олиши мумкин бўлган) талоқ икки мартадир.  Сўнгра (оилани) яхшилик билан сақлаш ёки (ундан) чиройли суратда ажрашиш (лозим)”  [Бақара: 229].

Эй Пайғамбар,  қачон сизлар, (яъни мўминлар) аёлларингизни талоқ қилсангизлар,  уларнинг иддаларида, (яъни поклик пайтларида) талоқ қилинглар” [Талоқ: 1].

Эй мўминлар,  қачон сизлар мўминаларни никоҳларингизга олсангизлар-у,  сўнгра уларга қўл тегизишдан (яқинлашишдан) илгари уларни талоқ қилсангизлар,  у ҳолда сизлар учун уларнинг зиммасида санайдиган идда бўлмас”  [Аҳзоб: 49]. Бундан бошқа талоқ қилиш жоизлигига далолат қилувчи талай оятлар мавжуд.

Суннатдан далил:

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳафсани талоқ қилиб, сўнгра уни ражъа қилдилар, (яъни никоҳига қайтиб олдилар)[1].

Осим ибн Лақийт ибн Сабра отаси ёки бобосидан ривоят қилган ҳадисда жумладан шундай дейилади: “Эй Расулуллоҳ, мени бор хотиним бор…” – дея гап бошлаб, хотинининг тили узун ва шаллақи аёл экани тўғрисида айрим гапларни айтади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уни талоқ қил”, – дейдилар. “Эй Расулуллоҳ, ахир у менга ҳамроҳ ва ундан фарзандларим бор-ку?” – деди. “Ундай бўлса уни хотин қилиб юравер ва унга панд-насиҳат қил. Агар унда яхшилик бўлса, (насиҳатни қабул қилиб, айтганингни) қилади. (Асло) хотинингни чўрингни ургандек урмагин[2].  Бундан ташқари ҳам талоқ қилиш жоизлигига далолат қиладиган ҳадислар мавжуд бўлиб, уларни мавзу давомида зикр қиламиз.

Ижмодан далил:

 Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Одамлар талоқ қилиш жоизлигига иттифоқ қилганлар. Воқелик ҳам унинг жоиз эканига далолат қилади. Негаки, баъзан эр-хотин ўртаси бузилиб, ўрталарида никоҳ риштасининг давом этиши айни бемаънилик, турган-битган зиён, бекордан-бекорга эрнинг зиммасига рўзғор таъминотини юклаш, ўртада илиқ муносабат бўлмасада хотинни банди қилиб ўтириш ва доимий уруш-жанжалга айланиб қолади. Шу боис, бу эр-хотин ўртасидаги никоҳдан юзага келган зиённи кеткизиш учун никоҳ риштасини кеткизадиган воситани йўлга қўйишни тақозо қилади[3].

[1] Саҳиҳ. Абу Довуд (2283), Насоий (6\ 213) ва  Ибн Можа (2016) ривоят қилган. Ҳадиснинг Ибн Ҳиббон (4275), Ҳоким (2\ 15) ва Аҳмад (3\ 478) ривоят қилган ҳадис матнини қўллаб-қувватловчи бошқа ҳадислар бор.

[2] Саҳиҳ. Абу Довуд (143) ва Аҳмад (4\ 33) ривоят қилган.

[3] “Ал-муғний” (7\ 96).

Изоҳ қолдиринг