Дард ва даво (36): Гуноҳнинг заҳри (04)

0

Абу Умар Ибн Абдулбар раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳиззондан ривоят қилади: “Аллоҳ таоло бир қишлоққа икки фаришта юбориб: “Бу қишлоқ аҳолисининг барчасини яксон қилинглар”, деб буюрди. Фаришталар у ерда бир масжидда намоз ўқиётган бир кишини учратдилар ва: “Эй Раббимиз, у ерда фалончи банданг намоз ўқияпти экан?”, дейишди. Аллоҳ таоло бундай деб жавоб беради: “Қишлоқдагиларни ва уларга қўшиб ўша бандамни ҳам ҳалок қилинглар. Чунки у асло Мен учун ғазабланмаган[1].

Ҳумайдий раҳимаҳуллоҳ Мисъар раҳимаҳуллоҳдан нақл қилишича, бир фариштага бир қишлоқни ерга юттириб юбориш буюрилади. Фаришта: “Эй Раббим, у ерда фалончи ибодатгўй банданг бор эмасми?”, деб айтади. Шунда Аллоҳ таоло унга қуйидагича ваҳий қилади: “Биринчи ўша бандадан бошла. Чунки у бир лаҳза бўлсин, Мен учун ғазаб қилмаган[2].

Ибн Абу Дунё раҳимаҳуллоҳ Ваҳб ибн Мунаббиҳдан нақл қилади: «Довуд алайҳиссалом бир хато ишга қўл уриб, ортидан: “Раббим, мени кечир”, деб кечирим сўради. Аллоҳ таоло унга: “Сени кечирдим. Қилган хатойинг иснодини Бани Исроилга юкладим”, деди. Довуд деди: “Эй Раббим, қандай қилиб, ахир Сен ҳеч кимга зулм қилмайдиган адолатли ҳакамсан-ку, хатони мен қилсам-у, исноди мендан бошқага юкланадими?!”. Шунда Аллоҳ: “Чунки сен хато иш қилганингда улар дарров сенга танбеҳ беришмади”, деб ваҳий қилди»[3].

Ибн Абу Дунё Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан нақл қилади: «Анас бир киши билан Ойша разияллоҳу анҳонинг ҳузурига кирди. Ҳалиги киши Ойша разияллоҳу анҳога: “Эй мўминлар онаси, бизга “зилзила” ҳақида айтиб беринг”, деб илтимос қилди. Ойша разияллоҳу анҳо деди: “Қачон одамлар зинони ҳалол санашса, маст қилувчи ичимлик ичишса, мусиқа асбобларини чалишса, Аллоҳ азза ва жалла осмонда туриб, рашки келади (яъни буйруқ ва қайтариқлари оёқ ости қилинаётгандан ғазабланади) ва ерга: “Уларни силтаб ташла”, деб буюради. Агар тавба қилиб, гуноҳлардан тийилсалар, азобини тўхтатади. Акс ҳолда ерни устларига ағдаради”. У киши: “Эй мўминлар онаси, бу уларга юборган азобими?”, деб сўради. Ойша разияллоҳу анҳо: “Мўминларга огоҳлантириш ва раҳмат, кофирларга жазо-уқубат, азоб ва ғазабдир”, деб жавоб беради. Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотидан сўнг мени мазкур ҳадисчалик хурсанд қиладиган бирон ҳадис эшитмадим[4].

Ибн Абу Дунё нақл қилган мурсал ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида зилзила содир бўлади. У зот қўлларини ерга қўйиб: “Тинчлан, ҳали буни вақти келмади”, дедилар. Сўнгра саҳобаларга юзланиб дедилар: “Раббингиз (ғазабланадиган бир ишни қилибсиз. Шунга) Уни рози қилишингизни истаяпти. Рози қилинглар”. Умар ибн Хаттоб халифалик даврида Мадинада яна зилзила рўй берди. Умар одамларга деди: “Эй одамлар, бу зилзила сизлар қилган ёмон иш сабабидан содир бўлди. Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, агар яна бир бор зилзила бўлса, бу ерда сизлар билан бирга яшамайман[5].

Ибн Абу Дунё “Маноқибу Умар” (Умар разияллоҳу анҳунинг фазилатлари) китобида нақл қилишича, Умар халифалигида ер силкинди. Умар қўлини ерга уриб деди: “Сенга нима бўлди? Сенга нима бўлди? Билиб қўйинглар, қиёмат бўлганда ер устида рўй берган ҳамма нарсани айтиб беради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитганман:Қиёмат куни ернинг ҳар бир гази, ҳар бир қаричи тилга кириб, сўзлайди[6].

Имом Аҳмад Сафийядан ривоят қилади: «Умар халифалигида зилзила бўлди. Шунда Умар: “Эй одамлар, бу нимаси? Ёмон ишларни шунчалар тез пайдо қилмасанглар! Яна қайта зилзила бўлса, бу ерда сизлар билан яшамайман”, деди»[7].

Каъб айтади: “Ер қачон устида гуноҳлар қилинса, силкинади. У Парвардигор бу ишларни кўришидан қўрқиб, титрайди[8].

[1] Ибн Абу Дунё. “Ал-уқубот”, 14. Ибн Ваззоҳ. “Ал-бидаъ ван-наҳю анҳа”, 286. Мақдисий. “Ал-амру бил-маъруфи ван-наҳю анил-мункари”, 42.

[2] Ибн Абу Дунё. “Ал-уқубот”, 16.

[3] Ибн Абу Дунё. “Ал-уқубот”, 15. Мақдисий. “Ал-амру бил-маъруфи ван-наҳю анил-мункари”, 76.

Эслатма: Довуд алайҳиссалом қилган хатоси тўғрисидаги ривоятларнинг кўпи бадбахт яҳудлар тўқиб чиқарган уйдирмалардир.

[4] Ибн Абу Дунё. “Ал-уқубот”, 17.

[5] Ибн Абу Дунё. “Ал-уқубот”, 18. Ибн Абдулбар раҳимаҳуллоҳ айтади: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам тириклик чоғларида (Мадина шаҳрида) зилзила содир бўлгани ҳақида саҳиҳ (ишончли) ривоят келмаган. Шунингдек, зилзила пайтида муайян бир амални қилиш, ё муайян бир сўз айтиш кераклиги ҳақида Пайғамбаримиздан бирон саҳиҳ ҳадис нақл қилинмаган. Мадинада зилзила илк бор Умар разияллоҳу анҳу даврида рўй берган” (“Ал-истизкор”, 2\418).

[6] Ибн Абу Дунё. “Ал-уқубот”, 19.

[7] Аҳмад ривоят қилганини учратмадик. Лекин ушбу китобларда нақл қилинган: Ибн Абу Шайба. “Мусаннаф”, 2\222. Ибн Абу Дунё. “Ал-уқубот”, 20. Байҳақий. “Ас-сунан ал-кубро”, 2\342.

[8] Ибн Абу Дунё. “Ал-уқубот”, 21.

Изоҳ қолдиринг