Аллоҳ суйган бандалар: Лағв-беҳуда ишлардан юз ўгириш (2)

0

Биринчи исм: лаҳв, беҳуда сўз

Аллоҳ таоло айтади: “Одамлар ичида шундай кимсалар бор, улар одамларни адаштириб ҳидоят йўлидан ҳой-ҳаваслар йўлига буриб юбориш учун ва Аллоҳнинг оятларини истеҳзо қилиш учун беҳуда сўзни сотиб олади. Ана ўшаларга шармандали, хорловчи азоб бордир” (Луқмон, 6).

Воҳидий ва бошқалар айтади: “Аксар муфассирларнинг фикрича, оятдаги «беҳуда сўз»дан мурод куй-қўшиқдир”.

Қатода раҳимаҳуллоҳ деди: “Инсон адашишига ҳақ сўзни қўйиб ботил сўзни танлаши етарлидир”.

Иккинчи ва учинчи исмлар: ёлғон, лағв

Аллоҳ таоло деди: “Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермайдилар ва лағв-беҳуда ишлар ёнидан ўтиб қолсалар, юз ўгириб ўтиб кетадилар” (Фурқон, 72).

Муҳаммад ибн Ҳанафия раҳимаҳуллоҳ деди: “Оятдаги «лағв-беҳуда ишлар»дан мурод куй-қўшиқдир”.

Луғатда “лағв” сўзи “бекор”, “ташландиқ” маъноларини англатади. Демак, ундай бандалар ботил ўтириш, давра ва мажлисларга қатнашмайдилар, ҳар қандай беҳуда, бекорчи сўз ва ишлар ёнидан ўтиб қолсалар, унга томошабин, мойил ва хайриҳоҳ бўлишни ўзларига эп кўрмай юз ўгириб кетадилар.

Шунингдек, мушрикларга оид байрамлар, куй-қўшиқлар ва умуман ботилнинг барча тури лағв қабилидандир.

Аллоҳ таоло лағвдан юз ўгириб кетган бандаларини бундай деб мақтаган: “Улар ботил сўзларни эшитса, унга қулоқ тутмайди ва: «Бизнинг амалларимиз ўзимизга, биз улардан воз кечмаймиз. Сизларнинг амалларингиз ҳам, уларнинг гуноҳи ҳам ўзингизга», дейди” (Қасас, 55).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг