Дард ва даво (37): Гуноҳнинг заҳри (05)

0

Халифа Умар ибн Абдулазиз мамлакатдаги шахарларга бундай мактуб (фармон) йўллайди: “Аммо баъд… Албатта, бу зилзила Аллоҳ таолонинг бандаларига юборган жазосидир. Дарҳақиқат, мен шаҳарларга: “Фалон ойнинг фалон кунида чиқиб, кимда нима бўлса, ўшандан садақа қилсин”, деб фармон йўллаган эдим. Аллоҳ азза жалла айтади: “Дарҳақиқат, (куфру исёндан) пок бўлган (ёхуд закот-садақа чиқарган) ва Парвардигорининг номини ёд этиб намоз ўқиган (ҳар бир) киши нажот топгайдир” (Аъло, 14-15). Одам алайҳиссалом сингари сизлар ҳам қуйидагича дуо қилинглар: “Парвардигоро, бизлар ўз жонимизга жабр-зулм қилдик. Агар бизларни мағфират ва раҳм қилмасанг, шубҳасиз, зиён кўргувчилардан бўлиб қолурмиз” (Аъроф, 23). Нуҳ алайҳиссаломга ўхшаб дуо қилинглар: “Парвардигорим, мен Сендан ўзим билмаган нарсани сўрашдан паноҳ тилайман! Мени мағфират қилиб, Ўз раҳматингга олмасанг, зиён кўргувчилардан бўлиб қолурман” (Ҳуд, 47). Шунингдек, Юнус алайҳиссалом каби мана бундай деб дуо қилинглар: “Сендан бошқа ҳақ илоҳ йўқ. Эй пок Парвардигор, дарҳақиқат, мен (ўз жонимга) жабр қилгувчилардан бўлиб қолдим, деб нидо қилган (пайтини эсланг)” (Анбиё, 87)[1].

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитганман: “Инсонлар динор ва дирҳамга ўч бўлишса, “Ийна”[2] савдоси билан шуғулланишса, сигирларнинг думини тутиб, экин-тикиндан ортмай қолишса, Аллоҳ йўлида жиҳод қилишни тарк қилишса, Аллоҳ улар устига шундай балони юборадики, то динларига қайтмагунларича у балони аритмайди[3].

Ибн Абу Дунё раҳимаҳуллоҳ нақл қилишича, Ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтади: “Биз (яъни саҳобалар) қўлимиздаги мол-мулкка ўзимиздан кўра мусулмон биродаримизни ҳақлироқ деб билардик. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганларини эшитганман: “Инсонлар динор ва дирҳамга ўч бўлишса, “Ийна” савдоси билан шуғулланишса, сигирларнинг думини тутиб, экин-тикиндан ортмай қолишса, Аллоҳ йўлидаги жиҳодни тарк қилишса, Аллоҳ улар устига осмондан шундай бало юборадики, то динларига қайтмагунларича у балони аритмайди[4].

Ҳасан (Басрий) раҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳга қасамки, фитналар Аллоҳ азза ва жалланинг инсонларга гуноҳлари учун юборган жазо-уқубатидир[5].

Бани Исроил пайғамбарларидан бири Бухтунассарнинг (Байтул Мақдисга ҳужум қилган Бобил подшоҳларидан бири) уларни қай ҳолатга солганига (айримларини қатл этиб, қолганларини асир олиб, Байтул Мақдисни хароб қилганига) қараб  бундай деган экан: “Эй Раббимиз, ўз қўлимиз билан қилган гуноҳларимиз сабабли бизларга Сени танимайдиган ва бизга раҳм-шафқат қилмайдиган инсонни ҳукмрон қилиб қўйдинг[6].

Бухтунассар ўша даврда Бани Исроилнинг пайғамбари бўлган Дониёлдан сўраган экан: “Мени қавминг устидан ҳукмрон этган нарса нима, биласанми?”. Дониёл: “Гуноҳингнинг катталиги ва қавмимнинг ўзаро бир-бирига қилган зулмлари”, деб жавоб берган экан[7].

Ибн Абу Дунё раҳимаҳуллоҳ Аммор ибн Ёсир ва Ҳузайфа разияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Набий саллоллоҳу алсйҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳ азза ва жалла бир қавмдан интиқом олишни хоҳласа, ораларидаги ёш болалар жонини олиб, аёлларини туғмайдиган бепушт қилиб қўяди. Сўнг улар ичида раҳм қилинишга ҳақли инсон қолмагач, азоби тушади[8].

Молик ибн Динор айтади: «Ҳикматлар битилган китобда мана буларни ўқидим: “Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Мен подшоҳларнинг Подшоҳи Аллоҳман, подшоҳларнинг қалби менинг қўлимда. Ким менга итоат қилса, подшоҳларни унга меҳрибон этиб қўяман. Ким менга осий бўлса, подшоҳларни унга кулфат (бошига бало) этиб қўяман. Бас, шундай экан, подшоҳларнинг кўнглини оламан деб овора бўлиб ўтирманглар. Балки Менга тавба қилиб, (Мен кўрсатган йўлга) қайтинглар, шунда уларни сизларга меҳрибон этиб қўяман”»[9].

[1] Ибн Абу Дунё. “Ал-уқубот”, 23.
[2] “Ийна” савдоси насияга товар сотиб, сўнг ўша товарни харидордан арзонроқ нархда нақд пулга сотиб олишдан иборат. Масалан, сотувчи харидорга насияга 100.000га автоулов сотади, сўнг уни 90.000 нақд бериб, ўзи қайта сотиб олади. Тўлов вақти келгунича сотиб олган одамнинг зиммасида 100.000 қолаверади. Бу турдаги савдо-сотиқ тури ҳаром қилингандир. Чунки бу рибога эришиш учун қилинадиган бир ҳийла саналади. Гўё сотувчи насия пулни нақд пул эвазига ортиқчаси билан сотди ва товарни ҳийла сифатида аралаштирди, холос.
[3] Аҳмад. “Муснад”, 2\28\4825. Табароний. “Ал-мўъжам ал-кабир”, 13\432\13583.
[4] Ибн Абу Дунё. “Ал-уқубот”, 24.
[5] Собиқ манба, 25.
[6] Собиқ манба, 28.
[7] Собиқ манба, 29.
[8] Ибн Абу Дунё. “Ал-уқубот”, 24. Дайламий. “Ал-фирдавс”, 1\245 (951).
[9] Ибн Абу Дунё. “Ал-уқубот”, 30.

Изоҳ қолдиринг