Аллоҳ суйган бандалар: Лағв-беҳуда ишлардан юз ўгириш (4)

0

Еттинчи исм: нифоқ ундирувчи

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу дейди: “Сув экинни ўстиргани каби, куй-қўшиқ ҳам қалбда нифоқни ундиради”.

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: “Шуни билингки, куй-қўшиқда қалбни нифоқ билан буркашда таъсири бўлган ўзига хос хусусиятлар бор. Экинлар сув билан унганидек, қалбдаги нифоқ куй-қўшиқ билан униб-ўсади. Қалбни Қуръонни фаҳмлаш, уни тадаббур қилиш ва унга амал қилишдан тўсиши ва чалғитиши куй-қўшиқнинг хусусиятларидандир. Зеро, Қуръон билан куй-қўшиқ бир-бирига зид бўлганидан қалбда асло жамланмайди. Қуръон ҳавои нафсга ва шайтоннинг йўлларига эргашишдан қайтаради. Иффатли бўлишга ҳамда нафс шаҳватларидан,  гуноҳга етакловчи омиллардан четланишга буюради. Куй-қўшиқ эса бу нарсаларнинг зиддига буюриш билан бирга, уни гўзал қилиб кўрсатади, нафсни шаҳвоний эҳтирослар сари қўзғатади. Куй-қўшиқ қалб жосуси, мурувват ўғриси, ақл кушандасидир. У қалбларнинг туб-тубига сизиб киради ва ундаги сир-асрорларни билиб олади.

Бир кишида вазминлик, салобат, ақл ва иймон гўзаллиги, Ислом виқори ва Қуръон ҳаловатини кўрасиз. Ана шу киши куй-қўшиқ эшитса ва унга мойил бўлиб қолса, ақли пасаяди, ҳаёси камаяди, муруввати кетади, гўзаллик, салобат ва виқор уни тарк этади. Бундан шайтони хурсанд бўлади, иймони Аллоҳга шикоят қилади, Қуръон унга оғир, машаққатли бўлиб: «Эй Раббим, мен билан душманинг (шайтоннинг) қуръони (куй-қўшиқ)ни бир қалбда жамламагин», деб нола қилади”.

Саккизинчи исм: шайтоннинг қуръони

Қатода раҳимаҳуллоҳ дейди:

“Иблис ерга туширилгач:

– Эй Раббим, мени лаънатга дучор этдинг, энди нима менинг амалим бўлади? – деб сўради.

– Сеҳр, – деди Аллоҳ.

– Қуръоним нима?

– Шеър.

– Китобим нима?

– Вашм (татуировка).

– Таомим нима?

– Ҳар қандай ўлакса ва Аллоҳ номи зикр қилинмай сўйилган жонлиқ.

– Ичимлигим нима?

– Ҳар қандай маст қилувчи нарса.

– Уйим қаерда?

– Бозорларда.

– Товушим нима?

– Мусиқа асбоблари.

– Овлаш жойим нима?

– Аёллар”.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳнинг раҳматидан қувилган шайтондан, у сабаб қалбга келадиган кибрдан, фисқ-фужури (ёмон шеърлар, куй-қўшиқлар)дан ва унинг васвасаси (сабабли етадиган ўлим ва мажнунлик)дан паноҳ тилаб Аллоҳга илтижо қиламан”[1].

Тўққизинчи исм: аҳмоқ товуш

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аҳмоқлик ва фожирлик саналган икки овоздан: хурсандчилик пайтида ўйин-кулги ва шайтоннинг карнай-сурнайидан чиққан овоздан ҳамда мусибат пайтида юзни тимдалаб, кийимларни йиртиб уввос солишдан чиққан овоздан қайтарилдим”[2].

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ деди: “Икки овоз: хурсандчиликдаги куй-қўшиқ ва мусибат пайтида уввос солиб йиғлаш лаънатлангандир”.

[1] Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривояти.

[2] Термизий ривоят қилиб, ҳасан деган.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг