Ушбу ҳадисни муҳаддислар икки имоми – Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибнил Муғийра ибн Бардизба Бухорий ва Абул Ҳусайн Муслим ибнил Ҳажжож ибн Муслим Қушайрий Нисопурийлар ҳадис китобларининг энг ишончлиси бўлмиш “Икки саҳиҳ ҳадислар тўпламида” ривоят қилганлар:
“Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”дан мақсад “Саҳиҳи Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим” китобларидир. Бу икки асар ҳадис илмида ёзилган китобларнинг энг саҳиҳ ва ишончлиси. Шу боис, айрим муҳаддислар: “Имом Бухорий ва Муслим иттифоқ қилган ҳадислар фақат гумонни ифода қилибгина қолмай, балки қатъий илмни ифода қилади”, – деганлар.
“Саҳиҳи Бухорий” асари “Саҳиҳи Муслим” асаридан саҳиҳроқдир. Негаки, Бухорий роҳимаҳуллоҳ ривоятда ровийнинг ҳадисни ривоят қилган киши билан аниқ учрашишини шарт қилади. Муслим роҳимаҳуллоҳ эса ровийнинг ҳадисни ривоят қилган киши билан учрашгани ўз исботини топмаган бўлсада, учрашиш имкони бўлиши билан бирга улар иккисининг замондош бўлишини шарт қилиш билан кифояланади. Муслим роҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳи”нинг бошида ровий шайхи билан аниқ учрашишини шарт қилган кишига ажабланарли тарзда эътироз билдиради. Бироқ, тўғри фикр – аниқ учрашиши шартлигини айтган Бухорий зикр қилган фикрдир. Уламоларнинг айтишича, “Саҳиҳи Муслим” асаридаги ҳадислар жойлашув тартиби “Саҳиҳи Бухорий” асариникидан яхшироқ. Сабаби, Муслим роҳимаҳуллоҳ бир ҳадисни зикр қилиб, сўнгра уни ортидан ҳадис мазмунини қўллаб-қувватловчи бошқа ҳадислар ва ровийлар силсиласини қўллаб-қувватловчи бошқа ривоятларни ҳам зикр қилган. Бухорий роҳимаҳуллоҳ эса бундай қилмай, балки бир ҳадисни бўлиб-бўлиб зикр қилган. Демак, ҳадисларни жойлашиш тартиби жиҳатидан “Саҳиҳи Муслим” асари афзал бўлса, ривоят ва ҳадисларнинг саҳиҳлик даражасида “Саҳиҳи Бухорий” асари афзалдир.
Бухорий афзалми, ё афзал Муслим?
Талашди ҳузуримда бир жамоат.
Дедим: “Саҳиҳликда афзал Бухорий,
Тартибда устундир Муслим, ҳақиқат.
Уламолардан бири (Дорақутний) : “Агар Бухорий бўлмаганида Муслим ҳеч нарсага эришмаган бўлур эди”, – деган эди. Негаки, Бухорий унинг шайхи бўлиб, Муслим ундан кўп таъсирланган.
Демак, биз шарҳлаётган бу ҳадис қатъий илм ифода қиладиган саҳиҳ ҳадисдир. Бироқ унинг қатъий илм ифода қилиши ақл билан маълум бўлмай, балки ҳадиснинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан аниқ ривоят қилинганлиги жиҳатидан қатъийдир.