Аллоҳ суйган бандалар: Хотин ва зурриётнинг солиҳлигини тилаб дуо қилиш (1)

0

Аллоҳ таоло айтади: “Улар: «Эй Раббимиз, бизларга кўзларимизни қувнатадиган (солиҳа) жуфтлар ва (солиҳ) зурриётлар ато эт» дейдилар” (Фурқон, 74).

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳ суйган бандалар пуштларидан, зурриётларидан Аллоҳга итоат этадиган, Унга бирон нарсани шерик қилмай ёлғиз Ўзига ибодат қиладиган авлодлар чиқаришини сўраб дуо-илтижо қиладилар”.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтади: “Аллоҳ суйган бандалар ушбу дуолари билан Аллоҳ таолога тоат-ибодат қилишни канда қилмайдиган зуриёт беришини, буни кўриб дунёю охиратда кўзлари қувониб юришини назарда тутишган”.

Икрима раҳимаҳуллоҳ айтади: «Улар (кўзни қувонтирадиган жуфт ва зурриётлар деганда уларнинг) ой юзли, чиройли бўлишларини эмас, балки Аллоҳга тоат-ибодат қиладиган бўлишларини назарда тутганлар».

Ибн Журайж раҳимаҳуллоҳ юқоридаги оят тафсирида бундай деган: “Сенга ибодат қиладиган, ибодатни гўзал суратда адо этадиган ҳамда бизни иснодга қолдирмайдиган (жуфт ва зурриётлар)”[1].

Солиҳа хотиннинг фазилати

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дейдилар: “Дунё бир матодир. Унинг матолари ичида энг яхшиси солиҳа аёлдир”[2].

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда эса, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Кимга тўрт нарса берилган бўлса, унга дунёю охират яхшилиги берилибди. Улар: шукр қилувчи қалб, зикр қилувчи тил, бало-мусибатларга сабр қилувчи бадан, ўзида ва эрининг молида хиёнат қилмайдиган хотин”[3].

Савбон разияллоҳу анҳу айтади: “Аллоҳ таолонинг: «Тилла ва кумушни босиб ётадиган, уларнинг закотини ўтамайдиган ва вожиб ҳақларини чиқармайдиган кимсаларга аламлантирувчи азоб хабарини беринг» (Тавба, 34) ояти тушганида биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга сафарда эдик. Айрим саҳобалар: «Бу оят олтину кумушлар ҳақида туширилди. Қайси мол яхши эканини билсак эди, шуни жамғарган бўлардик», дейишди. Шунда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Молнинг) афзали зикр қилувчи тил, шукр қилувчи қалб ва эрининг иймонига ёрдам берадиган мўмина хотин», деб жавоб қилдилар”[4].

Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Уч нарса одам боласининг бахт-саодатидан ва уч нарса унинг бахтсизлигидандир. Бахт-саодатидан бўлган уч нарса солиҳа хотин, яхши уй ва яхши улов бўлса, бахтсизлигидан бўлган уч нарса ёмон хотин, ёмон уй ва ёмон уловдир”[5].

[1] Қаранг: “Тафсир Ибн Касир”, 3/329.

[2] Муслим ривояти.

[3] Мунзирий «Тарғиб»да (4/113) айтишича, Табароний «Кабир» ва «Авсат»да яхши санад билан ривоят қилган.

[4] Ибн Можа, Термизий ривояти. Термизий ҳасан санаган.

[5] Аҳмад саҳиҳ санад билан ривоят қилган. Албоний “Саҳиҳ ал-жомеъ”да (3523) ҳасан деган.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг