Солиҳа хотинга эришиш йўллари
Дуо
Мусулмон киши Аллоҳ азза ва жалладан солиҳа хотин насиб этишини сўраб кўп дуо қилиши лозим. Зеро, барча ишлар Унинг қўлидадир. Ким яхшию, ким ёмонлигини ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи билади. Аллоҳ таборака ва таоло деди: “Фақат Менгагина дуо-илтижо қилинглар. Мен сизларнинг дуоларингизни қабул қиламан” (Ғофир, 60).
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Дуо ибодатдир”[1].
Диндор аёл танлаш
Аллоҳ таолодан солиҳа хотин сўраган мусулмон киши дуо билангина чекланиб қолмайди, балки бунинг учун сабабларни ишга солиб, диндор аёл қидиради. Чунки ҳақиқий диндор, тақводор аёлгина эрига бахт келтиради, Парвардигорини рози қилади ва фарзандларига гўзал тарбия беради. Диндор аёл деганда Аллоҳ таолонинг амрларини бажаришга қаттиқ тиришадиган, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига эргашадиган, у зотга итоат этадиган, динини яхши ўрганган, зоҳиру ботинда унга мустаҳкам амал қиладиган аёл назарда тутилади.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Аёл кишига тўрт нарса: бойлиги, насл-насаби, чиройи ва дини учун уйланилади. Барака топкур, сен диндорини танла”[2].
Истихора қилиш
Мусулмон киши диндор аёл топганидан сўнг, унга уйланиш борасида Аллоҳдан истихора қилиши лозим бўлади. Чунки ҳар бир ишнинг махфий жиҳатларини, одамлар қалбидаги яширин сирларни ёлғиз Аллоҳ таологина билувчидир.
Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга Қуръондан сура ўргатгандек ҳар бир ишда истихора қилишни ҳам ўргатиб, шундай дер эдилар: “Бирортангиз бир иш қилишни дилига тугса, фарз намозидан бошқа икки ракаат (нафл) намоз ўқисин-да, сўнгра айтсин: “Ё Аллоҳ, илминг билан Сендан яхшилик сўрайман. Қудратинг билан Сендан қодирлик ва улуғ фазлингни сўрайман. Зеро, Сен қодирсан, мен ожизман, Сен билувчисан, мен билмайман, Сен ғайбни билувчисан. Ё Аллоҳ, агар мана шу ишим – ҳожатининг номини айтади – динимда, ҳаётимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун яхши бўлса, уни менга насиб эт. Агар мана шу ишим – ҳожатининг номини айтади – динимда, ҳаётимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун ёмон бўлса, уни мендан ва мени ундан узоқлаштир. Қаерда бўлса ҳам менга яхшиликни тақдир қил ва мени тақдиримдан рози қил”[3].
Аёлига динни ўргатиш