Аллоҳ суйган бандалар: Хотин ва зурриётнинг солиҳлигини тилаб дуо қилиш (3)

0

Солиҳ фарзандга эришиш йўллари

Мусулмон киши ўзидан кейин қолдирадиган энг яхши хазина солиҳ фарзанддир. Зеро, бундай фарзанд ота-онаси ҳаётлик чоғида ҳам, ўлганларидан кейин ҳам уларга наф келтиради.

Шунинг учун Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Банда вафот этгач барча амали тўхтайди. Фақат уч амал: садақаи жория, фойдали илм, ота-онасига дуо қиладиган солиҳ фарзанд бундан мустасно бўлиб, (уларнинг савоби ўлимдан кейин бандага етиб туради)”[1].

Мусулмон киши солиҳ фарзандга эришиш учун сабабларни ишга солиши лозим. Жумладан:

  1. Фарзандлар учун она танлаш

Фарзандлари солиҳ бўлишини истаган киши аввало уларга иймон-эътиқодли, Аллоҳнинг ҳаққига, эри ва фарзандларининг ҳаққига риоя этадиган, фарзандни қандай тарбия қилишни яхши биладиган она танлаши керак. Чунки она фарзанд етишиб чиқадиган мадрасадир.

Шайх Муҳаммад Муқаддам айтади: “Ўтмишда ўтган улуғларимиз сийратини ўқир экансиз, қон томирида буюк онанинг қони оқиб турганини, хулқи ва хилқати унга тортганини кўрасиз. Нега шундай бўлмасин! Зеро, бошқа аёллардан фарқли ўлароқ, муслима онада турли тарбия воситалари мужассам бўлади. Бу эса унга ўғил болалар хулқ-атворини билиш, уларга таъсир ўтказиш, қалбига йўл топиш, унга гўзал ахлоқ асосларини сингдириш имконини беради.

Зубайр ибн Аввом разияллоҳу анҳуни олайлик. Уни онаси Сафийя бинти Абдулмутталиб тарбиялаб, вояга етказган. Натижада у онасининг табиати ва феъл-атвори асосида ўсиб-улғайган.

Зубайр ибн Аввомнинг ўғиллари Абдуллоҳ, Мунзир ва Урва каби тарихда ўчмас из қолдирган буюк шахслар оналари Асмо бинти Абу Бакр тарбиясининг мевасидир.

Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу ёшлик чоғида ҳикмат ва гўзал фазилатларга тўлиб-тошган икки қалб орасида тарбия топди, униб-ўсди. Тонгда онаси Фотима бинти Асад билан бўлса, кечга бориб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотинлари Хадича бинти Хувайлид ёнида бўлар эди.

Араб аслзодаларининг саййиди Абдуллоҳ ибн Жаъфар отадан эрта айрилиб, онаси олийнасаб ва буюк фазилат соҳибаси Асмо бинти Умайс қўлида тарбия топди.

Араб ўғлонлари ичида қобилияти, фаросати ва ақл-идроки билан яққол ажралиб турган Муовия ибн Абу Суфён отасидан олмаган кўп хислатларни онаси Ҳинд бинти Утбадан олди. Айтилишича, Ҳинд қўлида ёш ўғли Муовияни кўтариб турганида: “Муовия катта бўлса, қавмига бошлиқ бўлади!” деб айтишганида, Ҳинд: “Фақат қавмига бошлиқ бўладиган бўлса, йўқ бўлиб кетсин!” дейди. Муовия разияллоҳу анҳу қобилият ва ақлда кимдир билан рақобатлашиб қолса, онасига ўзини нисбатлаб, рақибига дангал: “Мен Ҳинднинг ўғлиман!” дер эди.

Энг олийжаноб, одил ва буюк подшоҳлардан бўлган Абу Ҳафс Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳнинг онаси Умму Осим бинти Осим ибн Умар ибн Хаттоб замонасининг энг баркамол ва етук аёлларидан бири эди. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу ўғли Осимга олиб берган келини Умму Осимнинг онаси бўлади. Турмушга чиқишдан олдин онасига қилган насиҳатида[2] тилидан чиққан тўғри сўзидан бошқа бу қизнинг фахрланадиган бойлиги ҳам, улуғ насл-насаби ҳам йўқ эди. Умар ибн Абдулазизнинг хулқ-атвори бобоси Умар Форуқ разияллоҳу анҳунинг табиати ва хулқ-атворига ўхшашига шу аёл сабабчи бўлган бўлса ажаб эмас.

Амир Абдураҳмон Носир Андалус волийси эди. Андалус фитналар билан тўлиб тошган, қонга ботган нотинч вилоятлардан бўлган. Кўп ўтмай у амирга тўлиқ бўйсунади. Сўнг бошқа вилоятларни фатҳ қилиш учун қўшин олдига тушиб жангга отланади. Бир жангнинг ўзида етмишта қўрғонни ишғол этди. У Франциянинг марказига, ҳатто Швейцария ерларигача кириб борди. Италиянинг чекка вилоятларини ҳам қўшиб олди. Бу юртларнинг бари унга бўйсунди, унинг шавкатидан титратди.

 Қуртуба (Кордова) шаҳри минбарларида аббосий халифа номи тилга олинадиган, амр-фармойишлари унинг номи билан ижро этиладиган амирлик маркази эди. Амир Абдураҳмон Носир даврига келиб Қуртуба халифалик пойтахтига айланди. Оврупа ҳукмдор ва подшоҳлари ўрталарида ҳукм чиқарилиши учун Қуртубага мурожаат қилишар, турли халқларнинг олиму файласуфлари илм олиш учун у ердаги илм даргоҳларига қатнар эдилар.

Бундай буюклик ва иззатнинг сири нима эканини биласизми? Ҳа, бунинг сири аёлдир!

Абдураҳмоннинг амакиси отасини қатл этгач, етимликда ўсди. Оқибатда, уни тарбияси ёлғиз онасининг зиммасида қолди. Онаси уни баркамол, етук инсон қилиб тарбиялади. Натижа қандай бўлганига юқорида ўзингиз гувоҳ бўлдингиз.

Суфён Саврий… У зотнинг ким эканини биласизми?!

У арабларнинг фақиҳ ва муҳаддис олими бўлган. Кенг тарқалган олти мазҳабдан бирининг имоми, ҳадис илмида мўминлар амиридир. У ҳақда Зоида раҳимаҳуллоҳ бундай деган эди: “Суфён Саврий мусулмонлар саййидидир”. Имом Авзоий раҳимаҳуллоҳ эса: “Уммат бир овоздан рози бўладиган кишилардан Суфён Саврийгина қолди, холос”, деган.

Бундай буюклик ва машҳурлик ортида солиҳа она турибди. Тарих бизга бу онанинг исмини сақлаб қолмаган бўлса-да, унинг фазилати, қилган ишлари ва тутган ўрни ҳақида маълумотлар қолдирган. Жумладан, имом Аҳмад Вакеъдан ривоят қилишича, Суфён Саврийнинг онаси унга: “Эй ўғлим, ҳеч нарсани ўйлама, фақат ўқи, илм талабида бўл. Мен ип йигириб сенга пул етказиб тураман”, деган.

Меҳрибон она ўғли чалғимай ўқиши учун тиним билмай ишлар ва топган пулини ўғлига юборар эди. Моддий ёрдам билан чекланмай, маънавий тарафини ҳам ўйлар, ўғлига тинимисиз насиҳат ва кўрсатмалар берар эди. Имом Аҳмад ривоят қилишича, бир куни у ўғлига шундай дейди: “Эй ўғилчам, ўнта ҳарф ёзсанг, ўзингга бир назар сол. Билиминг ўсиши билан бирга Аллоҳдан қўрқишинг, ҳалимлигинг ва вазминлигинг ҳам ортибдими, йўқми?. Агар ортмаган бўлса, шуни билки, бу ҳарфлар сенга зарар келтиради, фойда бермайди» .

Бу гаплардан хабардор бўлган киши Суфён Саврий динда бундай даражага эришганига, буюк имом бўлганига ажабланмай қўяди. Қандай ҳам ажаблансин, ахир, у шундай тақводор, насиҳатгўй ва меҳрибон она қўлида ўсиб-улғайган ва вояга етган бўлса!

Навбатдаги қаҳрамонимиз Шом аҳлининг ишончли имоми ва фақиҳ олими Абу Амр Авзоий раҳимаҳуллоҳ. Имом Авзоий ҳақида Абу Исҳоқ Фазорий бундай деб айтган: “Авзоий ва Суфён Саврийдек инсон кўрмадим. Авзоийнинг илм ҳалқалари омма халққа муносиб бўлса, Суфён Саврийники илм аҳлига, талабаларга муносиб эди. Агар уммат учун улардан бирини танлаш ҳуқуқи менга берилганда Авзоийни танлаган бўлар эдим. Чунки у Суфён Саврийга нисбатан кенг қамровли, халқбоп киши эди. Аллоҳга қасам, Авзоий чинакам пешво бўлган эди”.

Уламолар Авзоийнинг пешволиги, буюк имом экани, улуғ мартаба ва етук фазилат соҳиби бўлганига бир овоздан иттифоқ қилишган.

Салафи солиҳларнинг Авзоийнинг тақвоси, зоҳидлиги, ибодати, ҳақда собитлиги, кўп ҳадис билиши, ўта илмлилиги, суннатни маҳкам тутиши, фасоҳатда моҳирлиги, ўша замондаги турли ўлка олимларининг унга бўлган ҳурмати, улуғ мартабасини эътироф этганлари ҳақидаги гаплари кўп ва машҳурдир.

Бу катта олим ҳам буюк она меҳнатининг самараси, ҳосилидир.

Имом Заҳабий Валид ибн Мазид Байрутийдан ривоят қилади: “Авзоий Баълабакка шаҳрида дунёга келди. Онасининг қарамоғида етим ва фақир ҳолда ўсиб-улғайди, тарбия топди. Бундай тарбияни ҳатто подшоҳлар ҳам ўз фарзандларига бера олмайдилар. Авзоий бирон яхши сўз гапирган бўлса, албатта, уни эшитган кимса (ҳикматли сўз бўлганидан уни қайд этишга) эслаб қолишга муҳтож бўлар эди. Унинг қаҳқаҳа отиб кулганини кўрмаганман. Агар охират ҳақида гапирадиган бўлса, воажаб, мажлисда йиғламаган киши қолмас эди”.

Имом Моликнинг устози Рабеа Раъйнинг онаси ҳам юқорида айтилган буюк оналардан бўлган эди. У эри ғазотга кетиш олдидан қолдирган ўттиз минг динор пулни ўғлининг таълим-тарбияси учун сарфлади. Рабеа онасининг қорнида эканида кетган ота ўғли улғайиб катта олим бўлиб етишгач қайтади ва қолдирган катта маблағни ўғлининг буюк олим бўлиб етишиши учун сарфлаган хотинидан бағоят миннатдор бўлади. Фойдали тижорат қилганига тасаннолар айтади.

Бу қиссани Ибн Халликон ривоят қилган: “Умавийлар халифалиги даврида Рабеа Раъйнинг отаси Фаррух Хуросон диёрига юборилган қўшин сафида ғазотга чиқади. Бу вақтда хотини Рабеага ҳомиладор эди. Фаррух хотинига ўттиз минг динор қолдириб кетади ва шу кетганича йигирма етти йилдан сўнг Мадинага қайтади. Қўлида найза билан отига минганича Мадинага кириб, тўғри уйига келади. Отидан тушиб эшикни найзаси билан итаради. Эшикни очган Рабеа найза ушлаб турган нотаниш кишига: “Эй Аллоҳнинг душмани, уйимга ҳужум қилмоқчимисан?” дейди. Фаррух: “Эй Аллоҳнинг душмани, ўзинг уйимга кириб олибсан-ку!” деб бир-бирларига ташланадилар. Ғала-ғовурни эшитган қўшнилар югуриб чиқишади. Бу ҳолнинг хабари Молик ибн Анасга ҳам етади. Одамлар тўпланиб Рабеага ёрдам беришга тушадилар. Шовқин авж олади. Икки олишаётган эса бир-бирига: “Сени шундоқ қўйиб юбормайман!” дер эди. Имом Молик етиб келади. Уни кўргач, ҳамма жим бўлиб қолади. Имом Молик Фаррухга: “Отахон, бу уйдан бошқа жойлар ҳам бор, сизни ўша ерга жойлаштирайликми?” деган эди, Фаррух: “Бу менинг уйим! Мен Фаррухман!” дейди. Ҳовлида туриб бу сўзни эшитган хотини ташқарига чиқиб: “Бу киши эрим бўлади, бу эса ўғлим. Унга ҳомиладор эканимда ғазотга чиқиб кетган эди. Ўғлим кейин туғилган”, дейди. Бир-бирининг ёқасидан ушлаб турган ота-бола энди бир-бирларини қучоқлаб йиғлайдилар. Фаррух ҳовлига кириб: “Шу йигит менинг ўғлимми?” дейди. Хотини: “Ҳа, ўғлинг!” дейди. Бир пайт Фаррух: “Сенга қолдирганим динорларни олиб чиқ!” деб қолади. Шунда хотини каловланиб: “Бир ерга кўмиб қўйган эдим, олиб чиқаман”, деб жавоб қилади.

Сўнг одатига кўра Рабеа масжидга чиқиб, дарс ҳалқасига келиб ўтиради. Молик, Ҳасан ва булардан бошқа Мадина аҳлининг олиму фузалолари унинг атрофидан жой оладилар. Одамларнинг кўзлари Рабеага қадалган эди.

Фаррухнинг хотини: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидларига чиқиб намоз ўқиб келмайсизми?” дейди. Фаррух: “Ҳа, албатта”, деб масжидга чиқиб кетади. Масжидга киргач, кўпчилик йиғилиб ўтирган дарс ҳалқасига кўзи тушади. Даврага яқинлашиб, қулоқ солиб туради. Дарс ўтаётган Рабеа отасини кўрмаганга олиб бошини бир оз эгиб олади. Бошига узун қалпоқ кийиб олган эди. Шайхни ўғлига ўхшатган Фаррух: “Дарс бераётган шайх ким?” сўрайди. “Бу киши Рабеа ибн Абу Абдураҳмон бўладилар!” деган жавобни эшитган Фаррух: “Аллоҳ таоло ўғлимнинг мартабасини юқори қилибди!” деб уйига қайтади ва Рабеанинг онасига: “Ўғлингни шундай юқори мартабада кўрдимки, бундан олдин бирон олимни бундай ҳолда кўрмаган эдим!” дейди. Рабеанинг онаси фурсатдан фойдаланиб: “Сизга қай бири яхши: ўттиз минг динорми ёки ўғлингизнинг шу ҳолатими?” деб сўрайди. Фаррух: “Албатта, ўғлимнинг шу ҳолати-да!” деб жавоб қилади. Рабеанинг онаси: “Сиз қолдирган динорларнинг ҳаммасини ўғлимизга сарфладим”, дейди. Шунда Фаррух: “Аллоҳга қасам, бекорга сарфламабсан”, дейди[3].

Муслима аёл, мусулмон она мана шундай бўлади! Уйида ўтириб мусулмон жамияти учун бебаҳо бойликлар етиштириб, башариятни яхшиликка, тўғри йўлга етаклайдиган буюк шахсларни тайёрлаб беради.

[1] Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривояти.

[2] Ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Мадина бозорларидан бирида юрганида ёнида ёш қизи билан сут сотаётган бир кампирни кўради. Кампир сутга сув қўшмоқчи бўлганда қизи: “Онажон! Сутга сув қўшманг, одамларни алдаманг!” дейди. Умар разияллоҳу анҳу сутчи кампирнинг ёнига келиб: “Бу қиз ким?” деб сўрайди. У: “Қизим”, деб жавоб беради. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу бу тўғрисўз қизни ўғли Осимга келин қилади. Мана шу қиз Умар ибн Абдулазизнинг она томондан бувиси бўлган эди (“Авдатул Ҳижоб” (2/142) китобидан олинди).

[3] “Авдат ал-ҳижоб” китоби, 2/141-145 бетлар.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг