Дуо
Мусулмон киши Аллоҳ таолога дуо қилиб, унга икки дунёда нафи тегадиган солиҳ фарзанд ато этишини сўраши лозим. Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Эй Пайғамбар, бандаларим сиздан Мен ҳақимда сўрасалар, сиз уларга айтинг, Мен уларга яқинман, дуо қилувчи Менга дуо қилса, уни ижобат қиламан” (Бақара, 186).
Уйланганда айтиладиган дуо
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Биронтангиз уйланса ёки хизматчи (қул, чўри) сотиб олса бундай десин: «Эй Аллоҳ, Сендан унинг ва Сен унга берган хулқ-атворнинг яхшилигини сўрайман, унинг ҳамда Сен унга берган хулқ-атворнинг ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман». Агар туя сотиб олган бўлса, ўркачининг учидан ушлаб худди шу дуони айтсин!”[1].
Аёлига қўшилиш олдидан айтиладиган дуо
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Бирортангиз аёлига қўшилмоқчи бўлса, ушбу дуони айтсин: «Бисмиллаҳ (Аллоҳ номи билан), Парвардигоро, биздан ва Ўзинг бизга ризқ қилиб беражак фарзанддан шайтонни йироқ қил». Шундан сўнг ўрталарида фарзанд бўлса, шайтон унга асло зарар беролмайди”[2].
Янги туғилган чақалоқ қулоғига азон айтиш
Янги туғилган чақалоқ қулоғига азон айтиш мустаҳаб амалдир. Буни бир қанча сабаблари бор:
а) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қилган суннат бўлгани учун.
Абу Рофеъ разияллоҳу анҳу деди: “Мен Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ибн Али разияллоҳу анҳумо туғилганида қулоғига намозга айтиладигандек азон айтганларини кўрганман”[3];
б) инсон қулоғига илк эшитилган сўзлар тавҳид калималари ва Ислом шиори бўлиши учун;
в) чақалоқ гарчи ҳис қилмаса-да, азон унинг қалбига етиб, ундан таъсирланиши учун;
г) азон айтилганида шайтон алайҳи лаъна қочиши учун, чунки шайтон бола туғилаётганида уни пойлаб туради;
д) унда инсоннинг шайтон устидан ғалаба қилиш маъноси борлиги учун;
е) азон айтишда мусулмон кишининг дунёдаги вазифаси Аллоҳ йўлига даъват қилиш эканига ишора борлиги учун. Аллоҳ таоло айтади: “Сизлар (эй Муҳаммад уммати) яхшиликка буюрадиган, ёмонликдан қайтарадиган одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз.” (Оли Имрон, 110).
Танглай кўтариш
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган ҳолда янги туғилган чақалоқнинг танглайини кўтариш мустаҳаб амалдир.
Танглай кўтариш ва унинг ҳикмати нима?
Танглай кўтариш дегани хурмони чайнаб, сўнг у билан чақалоқ танглайини ишқалаш демакдир. Бунинг учун чайналган хурмодан озгинаси бармоқ учига олинади. Бармоқ учи чақалоқ оғзига киргизилиб, чайналган модда оғизнинг ҳар томонига етиши учун ўнг ва чап тарафга оҳиста ҳаракатлантирилади. Хурмо топилмаса, бошқа ҳар қандай ширинлик бўлса ҳам бўлаверади.
Бунинг ҳикмати янги туғилган чақалоқ тилини ширинлик билан ҳаракатлантириш эвазига оғиз мускулларини кучайтириш бўлиб, бу билан бола кўкрак эмишга тайёрланади. Танглай кўтариш ишини тақводор, солиҳ инсонлар бажаргани яхши[4].
Абу Мусо разияллоҳу анҳу деди: “Ўғил фарзанд кўрганимда уни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб бордим. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам унга «Иброҳим» деб исм қўйдилар, хурмо билан танглайини кўтардилар, барака тилаб ҳаққига дуо қилиб, қўлимга бердилар”[5].
Ойша разияллоҳу анҳо деди: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига янги туғилган бола олиб келинса, барака тилаб ҳаққига дуо қилар ва танглайини кўтариб қўяр эдилар”[6].
Чиройли исм қўйиш
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатмаларини амалга оширган ҳолда мусулмон киши фарзандига энг гўзал ва чиройли исм қўйиши керак. Абу Дардо разияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар қиёмат куни ўзингиз ва оталарингизнинг исми билан чақириласиз. Шунинг учун чиройли исм қўйинглар”, деганлар[7].
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтишича, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Исмларингиз ичида Аллоҳ азза ва жаллага севимлироғи «Абдуллоҳ» ва «Абдураҳмон»дир”, дедилар[8].
Ақиқа