Аллоҳ суйган бандалар: Хотин ва зурриётнинг солиҳлигини тилаб дуо қилиш (5)

0
  1. Мукаммал исломий тарбия

Бола тарбияси осон иш эмаслигини ота-оналар яхши билишлари лозим. Ёшликдаги тарбия боланинг келгусидаги ҳаёт тарзи ва хулқ-атворини белгилаб берувчи асосий омилдир. Шунинг учун тарбиячи, ота-она бўладими, ўқитувчи-устоз бўладими, тарбия ишига жиддий эътибор қаратиб, унинг қонун-қоидасига тўлиқ риоя этиши керак.

Ўтмишда мусулмонлар фарзанд тарбияси учун энг илмли, гўзал хулқли, илм ва одоб беришда ўзига хос услуби билан ажралиб турган устоз-муаллимларни танлашар эди. Қуйида шулардан айрим намуналар келтирамиз[1]:

  • Айтишларича, Утба ибн Абу Суфён фарзандини тарбиячига бераётиб бундай деган экан: “Болаларим тарбиясини аввало ўзингни ислоҳ қилишдан бошла. Болаларнинг кўзи сенинг кўзингга боғланган бўлади. Улар сен яхши деб билган нарсани яхши, сен ёмон деб билган нарсани ёмон дейдилар. Уларга ҳаким ва донолар ҳаёт йўлини, адиблар одоб-ахлоқини ўргат. Отангга айтиб бераман, деб уларни қўрқит, лекин менсиз жазола. Касалга ташхис қўймай туриб дори беришга шошилмайдиган табибдек бўл. Асло менинг кечиришимга суянма. Зеро, мен уларни сенга ишониб топширдим!”

  • Ибн Халдун “Муқаддима” китобида айтади: «Ҳорун ар-Рашид ўғли Аминни тарбиячи қўлига топширатуриб бундай дейди: “Эй Аҳмар, мўминлар амири сенга ўз қалбини, жигарпорасини топширди. Унга меҳрибонлик кўрсат, уни сўзсиз ўзингга итоат этадиган қил. Унга мўминлар амири белгилаб берган тартибда муомала қил: унга Қуръон ўқит, тарихдан хабардор қил, шеър ёдлат, суннатни ўргат, нутқ ва сўзлаш санъатини тушинтир, бемаврид кулишдан тий, унга фойда бўладиган ҳар бир соатни ғанимат бил, ақл-заковотини сўндириб қўядиган даражада уни хафа қилиб қўйма, айни чоғда жуда талтайтириб ҳам юбормаки, бекорчиликни ёқтириб қолмасин. Иложи борича ўзингга яқин тутиб ва мулойимлик билан уни тўғри йўлга сол. Агар мулойимликка кўнмаса, у ҳолда қаттиққўлликни ишга сол!”

  • Абдулмалик ибн Марвон ҳам ўғлининг тарбиячисига насиҳат қилиб, бундай деган эди: “Болаларга Қуръон ўргатганинг каби сидқни ҳам ўргат, уларни гўзал ахлоқли бўлишга унда. Жасур ва олийжаноб бўлишлари учун уларга шеър айтиб бер. Уламолар ва ҳурматли кишилар билан ҳамсуҳбат эт. Одобсиз, пасткаш кишилардан ҳамда (ёмон хулқли) хизматкорлардан уларни узоқ тут. Одамлар ичида ҳурматини жойига қўй, холи қолганда тергаб-койиб тур. Ёлғон гапирсалар, таъзирини бер, чунки ёлғон бузуқликка, бузуқлик эса дўзахга етаклайди”.

  • Ҳажжож ўғилларининг муаллимига шундай деган: “Ёзишни ўргатишдан олдин сузишни ўргат, чунки номларидан ёзиб берадиган кишини топсалар ҳам, ўринларига сузиб берадиган одамни топа олмайдилар”.

  • Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Шом аҳлига ёзган мактубида бундай бир насиҳат ҳам бор эди: “Болаларингизга сузиш, ўқ узиш ва чавандозликни ўргатинглар”.

  • Донишмандлардан бири ўғлининг устозига деди: “Олган илмларини мустаҳкам, пишиқ қилмай туриб, бошқа илмга ўтказма. Чунки икки илмнинг қулоқда тўқнашуви ва хаёлда тиқилиб қолиши фаҳмни чалғитади”.

  • Бола тарбияси тўғрисида донишмандлардан бири шундай дейди: «Бола билан бирга мактабида одобли, юриш-туриши гўзал болалар бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Чунки бола боладан тез ўрганади, унга дарров тақлид қилади ва у билан зерикмайди»

  • Ҳишом ибн Абдулмалик ўғлининг тарбиячиси Сулаймон Калбийга деди: “Фарзандим, кўзқорачиғим тарбиясини сенга топширяпман. Аллоҳдан қўрққан ҳолда зиммангдаги бу омонатни тўлиқ адо эт. Энг олдин болага Қуръон ўргат, сўнг яхши шеърлар ёдлат. Сўнг араб қабилаларини таништир, уларнинг яхши шеърларидан олсинлар. Керакли миқдорда ҳалол-ҳаром масалалари, нотиқлик илми ва ғазотлардан хабардор қил”.

[1] «Тарбияту ал-авлоди фий ал-ислом» китобига қаралсин (1/154-155).

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг