Ҳаром амаллар: Сийдикдан сақланмаслик

0

Ислом шариатининг фазилатларидан бири у инсон ҳаётини ўнглайдиган, ислоҳ этадиган, унга фойда келтирадиган барча ишларга тарғиб қилади. Шундай ишлардан бири нажосатлардан сақланишдир. Шунинг учун шариатимиз ҳожатдан кейин истинжо қилиш (авратни кесак, қоғоз ёки сув билан тозалаш)га буюрди ҳамда уни қай тартибда қилиш лозимлигини ҳам баён қилди.

Баъзи кишилар кийими ва баданини нажосатдан пок тутишга бепарво қарайдилар. Бу ўз навбатида намознинг дурустлигига путур етказади, ўлгандан кейин эса қабрда азобланишга сабаб бўлади.

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтадилар: “Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина боғларининг биридан ўтаётиб қабрларида азобланаётган икки кишининг овозини эшитиб қолдилар ва: “Бу иккиси азобланяпти, катта нарса учун азобланаётганлари йўқ”, дедилар. Сўнг ортидан айтдилар: “Йўқ, бу катта (гуноҳ)дир. Улардан бири сийдикдан сақланмас, иккинчиси эса чақимчилик қилиб юрар эди”. (Бухорий ривояти. «Фатҳ ал-Борий», 1/317).

Яна бир ҳадисларида: “Қабр азобининг аксари сийдик туфайли бўлади”, деганлар (Аҳмад ривояти, 2/326. Албоний. «Саҳиҳ ал-жомеъ», 1213).

Сийдикдан сақланмаслик ҳожат асносида сийдиги тўла чиқмасидан бурун кийимини киядиган ёки бадани ва кийимига сийдик сачрайдиган жой ёки ҳолатда сиядиган, шунингдек, истинжо қилмайдиган ёки уни маромига етказиб бажармайдиган кишиларни ўз ичига олади. Буларнинг барчаси сийдикдан сақланмайдиганлар сафига киради.

Замонамизда кофирларга тақлид қилиш ҳатто ҳожатхоналаримизгача етиб борди. Аксар ҳожатхоналарда тик турган ҳолда ҳожат ушатиш учун деворларга махсус мосламалар ўрнатилган. Одамлар авратлари очиқ ҳолда ўтган-кетганнинг олдида уялмасдан ҳожат ушатадиган, сўнг авратини ювмасдан ёки артмасдан кийимларини кийиб кетаверадиган бўлиб кетдилар. Бу билан улар икки ҳаром ишни қилган бўладилар. Биринчидан авратларини одамлар кўзидан сақламасалар, иккинчидан, сийдикдан сақланмайдилар, нажосатдан покланмайдилар.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг