Дард ва даво (40): Гуноҳнинг заҳри (08)

0

Абу Нуайм раҳимаҳуллоҳ “Ал-ҳиля” китобида нақл қилишича, Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан сўрашди: “Бани Исроил қавми ўз динларини бир кун ичида тарк қилишганми?”. Ҳузайфа: “Йўқ, Аллоҳ уларни бир ишга буюрса, уни бажармаганлар, бир ишдан қайтарса, ундан тийилмаганлар. Бора-бора худди инсон устидаги кийимидан чиқиб кетганидек динларидан чиқиб кетишган”, деб жавоб берди[1].

Шу боис баъзи салаф солиҳларимиз бундай деган: “Бўса қўшилишнинг, қўшиқ зинонинг, қараш ишқнинг, касаллик ўлимнинг эличиси (яъни шуларга элтувчи восита) бўлганидек, гуноҳ ҳам куфрнинг элчисидир[2].

 “Ал-ҳиля”да келтирилган бошқа ривоятда Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо бундай дейди: “Эй гуноҳ қилаётган одам, гуноҳнинг ёмон оқибатидан хотиржам бўлма. Гуноҳ ортидан келадиган қуйидаги ишлар қилган гуноҳингдан каттароқдир: гуноҳ қилаётган пайтингда ўнг ва чап томонингдаги фаришталардан уялмаслигинг қилган гуноҳингдан каттароқ. Охиратда ҳолинг не кечишини билмай, (беғам) кулишинг қилган гуноҳингдан каттароқ. Гуноҳ ишни қилганингдан шодланишинг қилган гуноҳингдан каттароқ. Гуноҳ ишни қила олмаганингдан маҳзун бўлишинг қилган гуноҳингдан каттароқ. Гуноҳ иш қилиб турган пайтингда пардани қимирлатган шамолдан қўрқиб, Аллоҳ сенга қараб турганидан қалбинг ларзага келмаслиги қилган гуноҳингдан каттароқдир.

Шўринг қурғур, Айюб алайҳиссаломнинг соғлиги ва мол-давлати кетишига сабаб бўлган гуноҳ нима эканини биласанми? Бир бечора одам ундан золимнинг зулмидан қутқаришини илтимос қилган эди. Лекин Айюб уни ёрдамсиз қолдирди ва золимни бу ишидан қайтармади. Нажитада Аллоҳ таоло унга шундай бало-мусибатни юборди[3].

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Авзоийдан ривоят қилишича, у айтади: Билол ибн Саъднинг бундай деганини эшитдим: “Гуноҳнинг кичиклигига қарама, балки кимга осий бўлаётганингга қара[4].

Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтади: “Гуноҳ иш сенинг наздингда қанча кичик кўринса, Аллоҳнинг наздида шунча катта бўлади. Сенинг наздингда қанча катта кўринса, Аллоҳнинг наздида шунча кичкина бўлади[5].

Айтилишича, Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга бундай деб ваҳий қилган: “Эй Мусо, яратганларим орасида биринчи бўлиб ўлган банда Иблисдир. Сабаби, у менга осий бўлди. Зеро, Менга осий бўлганларни ўлик деб санайман[6].

“Муснад” ва “Жомеъ ат-Термизий” китобларида Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Мўмин банда бир гуноҳ қилса, қалбига битта қора доғ ўйиб туширилади. Агар тавба қилиб, гуноҳни ташласа ва Аллоҳдан кечирим сўраса, қалби қайтадан сайқалланади. Гуноҳи кўпайган сари қалбидаги қора доғлар ҳам кўпаяди. Бора-бора қалбини доғ қоплаб қўяди. Аллоҳ таоло қуйидаги оятда зикр қилган “Рон” (қалбни қоплайдиган тўсиқ) шудир. Аллоҳ таоло айтади:Йўқ, (ундоқ эмас)! Балки уларнинг дилларини ўзлари қилган гуноҳлари қоплаб олгандир![7][8]. Имом Термизий ушбу ҳадис ҳақида “Саҳиҳ ҳадис”, деган.

Ҳузайфа разияллоҳу анҳу айтади: “Банда гуноҳ иш қилса, қалбида қора доғ пайдо бўлади. Бора-бора қалби олачипор қўй каби ола-була бўлиб қолади[9].

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Аммо баъд. Эй Қурайш жамоаси, модомики Аллоҳга осийлик қилмас экансиз, сизлар мана шу ишга (бошқарувга, халифаликка) энг ҳақли инсон бўласиз. Агар Аллоҳга осийлик қилсангиз – қўлларидаги новдани кўрсатиб – мана бу новда каби терингизни шиладиган бир одамни (бошлиқ қилиб) юборади”, дея новданинг терисини шилиб ташладилар. Ҳалиги новда оппоқ, сип-силлиқ бўлиб қолди[10].

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Ваҳбдан ривоят қилади: “Аллоҳ азза ва жалла Бани Исроил қавмига бундай деб айтган экан: “Менга бандам итоат қилса, ундан рози бўламан. Агар рози бўлсам унга барака бераман. Баракамнинг чеки йўқ. Менга бандам осийлик қилса, ундан ғазабланаман. Агар ғазаблансам, уни лаънатлайман. Лаънатим эса унинг етти пуштигача етади[11].

Шунингдек, Аҳмад нақл қилган яна бир ривоятда айтилишича, Ойша разияллоҳу анҳо Муовия разияллоҳу анҳуга қуйидагича мактуб йўллайди: “Аммо баъд. Банда гуноҳ ишга қўл урса, уни мақтаб юрганлар ёмонлайдиган одамга айланадилар[12].

Абу Нуайм Солим ибн Абу Жаъддан нақл қилади: Абу Дардо разияллоҳу анҳу унга деди: “Инсон ўзи сезмаган ҳолда мўминлар қалби уни лаънатлашидан эҳтиёт бўлсин. Нега бундай бўлади, биласанми?” “Солим: “Йўқ”, деди. “Банда ёлғиз қолганда гуноҳ ишга қўл уради. Натижада Аллоҳ таоло мўминлар қалбида унга нисбатан буғзи-адоват пайдо қилади. Ваҳоланки, банда буни сезмай қолади[13].

Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал отасининг “Зуҳд” китобида Муҳаммад ибн Сириндан нақл қилишича, у қарзга ботиб қолганда қаттиқ тушкунликка тушади ва шундай дейди: “Ушбу тушкунлик бундан қирқ йил олдин қилган гуноҳим сабабли бошимга тушганини яхши биламан[14].

[1] Абу Нуайм. “Ал-ҳиля”, 1\279; Байҳақий. “Аш-шуаб”, 6817.
[2] Ибн Қаййим. “Ал-мадориж”, 2\25; Абу Нуайм. “Ал-ҳиля”, 10\244.
[3] Абу Нуайм. “Ал-ҳиля”, 1\324. Мазкур ривоят заиф. Чунки у Жувайбир номли ровий орқали нақл қилинган бўлиб, у ўта заиф ровий саналади. Қолаверса, Ибн Аббосдан ушбу ривоятни нақл қилган Заҳҳок Ибн Аббосдан бирон ҳадис эшитмаган. Яъни Ибн Аббос билан кўришмаган.
[4] Абдуллоҳ ибн Аҳмад отасининг “Зуҳд” китобига қўшимча қилган ривоятларидан, 2276. Шунингдек, мазкур ривоятни Ибн Муборак (“Зуҳд”, 71), Уқайлий (“Аз-зуафо”, 3\431), Абу Нуайм (“Ал-ҳиля”, 5\223) ва бошқалар ривоят қилган.
[5] Ибн Абу Дунё. “Тавба”, 64.
[6] Собиқ манба, 42.
[7] Мутаффифун, 14.
[8] Аҳмад. “Муснад”, 2\297 (7952); Термизий, 3334; Ибн Можа, 4244; Ибн Ҳиббон, 930.
[9] Абу Довуд. “Зуҳд”, 285; Абу Нуайм. “Ал-ҳиля”, 1\273; Байҳақий. “Аш-шуаб”, 68110.
[10] Аҳмад. “Муснад”, 1\458 (4380); Абу Яъло. 8\438 (5024); Шоший, 869.
[11] Аҳмад. “Зуҳд”, 289.
[12] Аҳмад. “Зуҳд”, 915; Абу Довуд. “Зуҳд”, 337.
[13] Абу Нуайм. “Ал-ҳиля”, 1\215.
[14] Ибн Асокир. “Тарихи Димашқ”, 53\226; Абу Нуайм. “Ал-ҳиля”, 2\271.

Изоҳ қолдиринг