Ҳаром амаллар: Ёмон қўни-қўшничилик

0

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қўшниларга яхшилик қилишга буюрган: “Аллоҳга қуллик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшнига, ёнингиздаги йўлдошингизга, йўловчи мусофирга ва қўлларингиздаги қулларингизга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ кибр қилгувчи ва мақтанчоқ кимсаларни севмайди” (Нисо: 36).

Қўшниларнинг ҳаққи жуда улуғ бўлганидан уларга озор етказиш гуноҳ саналади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳга қасам, мўмин эмас! Аллоҳга қасам, мўмин эмас! Аллоҳга қасам, мўмин эмас!” Саҳобалар: “Ким, ё Расулуллоҳ?” деб сўрашган эди, “Ёмонлигидан қўшниси тинч-омон бўлмаган кимса”, деб жавоб қилдилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам (Имом Бухорий).

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшнининг муносабатини – мақташи ё ёмонлашини кишининг яхши ёки ёмон эканига ўлчов қилиб белгилаганлар. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу деди: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир киши: “Ё Расулуллоҳ, яхшилик ё ёмонлик қилганимни қандай билсам бўлади?” деб сўради. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қўшниларинг “Яхши қилибсан!” деса, яхши иш қилган, “Ёмон қилибсан!” деса, ёмон иш қилган бўласан” (Имом Аҳмад).

Қўшнига озор беришнинг ҳар хил кўринишлари бор. Масалан: ўртадаги муштарак деворга ёғоч қоқтирмаслик, баланд иморат солиб, қуёш ё ҳавони тўсиб қўйиш, қўшнисининг ҳовлисига қаратиб дераза очиб кузатиш, радио-телевизор ё магнитофонларнинг товушларини баланд қилиб ёки тарақ-туруқ, бақир-чақир каби овозлар билан шовқин солиш, хусусан уйқу ва айниқса ишдан кеч келиб, дам олиш соатларида машина сигналини чалиб безовта қилиш, болаларини уриб-сўкиш, остонасига ахлат ташлаш… каби ишлар қўшнига озор саналади.

Агар содир этилган гуноҳ қўшнининг ҳаққига нисбатан содир этилган бўлса, у яна ҳам оғирлашади, гуноҳи бир неча ҳисса ортади. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Кишининг ўнта аёл билан зино қилиши қўшнисининг хотини билан зино қилганидан енгилроқдир… Кишининг ўнта уйдан ўғрилик қилиши қўшнисининг уйидан ўғрилик қилишидан енгилроқдир” (Имом Бухорий).

Қўшниси тунги навбатчиликка кетишини пойлаб туриб унинг уйига бузуқ ниятда кирадиган хиёнаткор қўшниларга эса Қиёмат кунининг аламли азоблари етади, ҳолларига вой бўлади.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг