Қиёматнинг катта аломатлари: Исо алайҳиссаломнинг тушиши (2)

0

Исо алайҳиссалом тушишига суннати мутаҳҳарадан далиллар жуда ҳам кўп. Жумладан, Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ичингизга Ибн Марям одил ҳакам бўлиб тушишига яқин қолди. Ўшанда у хочни синдиради, чўчқани ўлдиради, жизяни бекор қилади, молу дунё ошиб-тошганидан уни биров олмай қўяди. Ҳатто бир марта сажда қилиш дунё ва ундаги барча нарсадан яхшироқ бўлиб қолади”». Сўнг Абу Ҳурайра бундай дейди: «Истасангиз, (ушбу оятни) ўқинглар: Аҳли китоб борки, албатта, (Исо алайҳиссалом) вафотидан илгари унга иймон келтиради. Қиёмат куни (Исо алайҳиссалом) улар (яъни уни ёлғончига чиқарганлар ва унга иймон келтирганлар) устидан гувоҳлик беради” (Нисо, 159)»[1].

Яна бир ҳадисда Жобир разияллоҳу анҳу айтади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим: “То қиёмат кунигача умматимдан бир тоифа ҳақ йўлда жанг қилиб, ғолиб бўлиб туради. Сўнг Исо тушади. Мусулмонлар амири у унга: «Келинг, бизга имом бўлиб намоз ўқинг», деганида, у: «Йўқ, Аллоҳ бу умматни шарафли қилгани учун сизларнинг бирингиз бошқаларига амирдир», дейди“»[2].

Яна бир ҳадис Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Пайғамбарлар ота бир, она бошқа оға-инилардир. Уларнинг динлари бир. Исо ибн Марямга энг ҳақли киши менман. Чунки у билан ўртамизда бирор пайғамбар ўтмаган. У ҳали ерга тушади. Қачон уни кўрсангиз таниб олинг: у ўртабўйли, (ранги) қизиллик билан оқликка мойил. Эгнида икки сарғиш кийими бўлади. Боши ҳўл бўлмаса ҳам сув томчилаб турганга ўхшайди. Хочни синдиради, тўнғизни ўлдиради, жизяни бекор қилади, одамларни Исломга даъват этади. Унинг замонида Аллоҳ Исломдан бошқа барча умматларни ҳалок қилади. Унинг замонида Аллоҳ Масиҳ Дажжолни ҳалок этади. Сўнг ерни омонлик қоплайди. Ҳатто шерлар туялар билан, йўлбарслар сигирлар билан, бўрилар қўйлар билан бир яйловда бирга юришади. Болалар илонлар билан ўйнаганларида уларга зарар бермайди. У (Исо алайҳиссалом) ерда қирқ йил туради, сўнг вафот этади, мусулмонлар у кишига жаноза ўқийдилар”[3]». Ундан бошқа ҳадислар ҳам бор.

Ҳофиз Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ Исо алайҳиссаломнинг тушиши айтилган ҳадислар борасида фикр билдирар экан, бундай дейди: «Бу мутавотир даражасига етган ҳадисларни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан Абу Ҳурайра, Ибн Масъуд, Усмон ибн Абул-Ос, Наввос ибн Самъон, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос, Мужаммиъ ибн Жория, Абу Сариҳа Ҳузайфа ибн Усайд каби саҳобалар ривоят қилганлар (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин). Мазкур ҳадисларда Исо алайҳиссалом қай суратда ва қаерга тушиши ҳақида маълумотлар бор. У киши тушадиган жой Шомда, Дамашқдаги шарқий минора олдидадир. Бу ҳодиса бомдод намозига иқомат айтилган пайтда юз беради. У киши тўнғизни ўлдиради, хочни синдиради, жизяни бекор қилади. Бухорий ва Муслим саҳиҳларида келганидек, Исломдан бошқасига рози бўлмайди. Шундай бўлишини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганлар. Ўша замонда Исо алайҳиссалом учун шундай иш тутишига рухсат берилади, у кишига бу нарса шариат қилинади ва тасдиқланади. Ўшанда аҳли китобнинг баҳоналари барҳам топади, қалбларидаги шубҳалари кетади, барчалари Исо алайҳиссаломга эргашиб, у кишининг қўлларида Ислом динига киришади. Шунинг учун Аллоҳ таоло Китобида: “Аҳли китоб борки, албатта, (Исо алайҳиссалом) вафотидан илгари унга иймон келтиради. Қиёмат куни (Исо алайҳиссалом) улар (яъни уни ёлғончига чиқарганлар ва унга иймон келтирганлар) устидан гувоҳлик беради” (Нисо, 159), деди. Бу оят Аллоҳ таолонинг: Албатта у (Исо) қиёмат белгисидир…(Зухруф, 61) деган ояти кабидир. Бу оят «аламун» деб ҳам ўқилган. Шунда “У қиёмат яқин қолганига бир белги, аломатдир” дегани бўлади. Чунки у киши Масиҳ Дажжол чиққандан кейин тушади ва уни ўлдиради. Исо алайҳиссалом замонида Аллоҳ яъжуж ва маъжужни чиқаради, кейин у кишининг дуоси баракоти сабабли уларни битта қўймай ҳалок қилади»[4].

Исо алайҳиссаломнинг тушиши қиёмат аломатларидан бири эканига уммат ижмо қилган. Сўзларининг қиймати бўлмаган ва ихтилофлари эътиборга олинмайдиган айрим кишиларни айтмаганда, бошқа ҳеч ким бу борада хилоф қилмаган[5].

Сафориний раҳимаҳуллоҳ айтади: «Исо алайҳиссаломнинг тушишига уммат ижмо қилди, шариат аҳли бўлган кишилардан ҳеч ким бунга қарши фикр билдирмади. Уни ихтилофи эътиборга олинмайдиган файласуфлар ва даҳрийлар инкор этишди, холос. Дарҳақиқат, у киши самодан тушганларида Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатлари билан ҳукм қилишига, ўзи мустақил шариат билан келмаслигига уммат ижмо қилди, гарчи бир пайтлар ўзининг мустақил, у билан танилган шариати қойим бўлса ҳам»[6].

[1] Бухорий (3264), Муслим (155), Термизий (2233) ва бошқалар ривояти.

[2] Муслим, 156.

[3] Абу Довуд (4324) ва Аҳмад (9630) ривояти. Аҳмад Шокир «Умда ат-тафсир»да (4/36) «Саҳиҳ ҳадис» деган. Ҳоким (2/595): «Бу ҳадиснинг санади саҳиҳ, бироқ Бухорий ва Муслим ривоят қилишмаган», деган, Заҳабий уни маъқуллаган. Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ «Ан-ниҳоя фил-фитан вал-малоҳим» китобида (1/188): «Бу (ҳадиснинг) санади яхши ва кучли» деган.

[4] «Тафсир Ибн Касир», 1/519-520.

[5] Қаранг: Ожуррий. «Аш-шареа» (381-бет). «Аш-шарҳ вал-ибона» (241). «Шарҳул-ақида ат-Таҳовийя» (505).

[6] «Лавомеъ ал-анвор ал-баҳийя», 1/94-95.

Зубайр Исмоил 1993 йил Андижон вилоятида таваллуд топган. 2012 йил Мадинаи Мунавварадаги Ислом Университетига ўқишга кириб, 2018 йил университетнинг Араб Тили факултетини тамомлаган.

Изоҳ қолдиринг