Аллоҳ суйган бандалар: Хотин ва зурриётнинг солиҳлигини тилаб дуо қилиш (6)

0

Тарбия асослари[1]

Бола тарбияси билан шуғулланувчилар қўл остидагиларга гўзал тарбия бериш ҳамда умматни иймон иззати ила ерда ҳукмрон бўлган салафи солиҳлар йўлига қайтарадиган авлод тайёрлаш учун исломий тарбия асослари ва унинг қирраларини яхши билишлари лозим. Улар қуйидагилардир:

Биринчидан: иймоний тарбия

Иймоний тарбиядан мурод эси кирганидан бошлаб болага иймон асосларини тушунтириш, Ислом арконлари ва шариат асосларини ўргатишдир.

Шунга кўра, болага Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, қабрдаги савол-жавобга, қабр азобига, қайта тирилишга, ҳисоб-китобга, жаннат, дўзах ва бошқа ғайб ишларига иймон келтиришдан иборат иймон асосларини ўргатиш лозим.

Шунингдек, намоз, рўза, закот ва ҳаж каби Ислом арконларини ўргатиш керак.

Ундан ташқари болага Ислом ҳукмлари, қонун-қоидалари ва низомларидан иборат шариат асосларини ҳам ўргатиш лозим.

Шундай қилинса, ундан қуйидаги натижалар келиб чиқади:

  • Аллоҳни яхши кўриш

Бунинг учун боланинг диққат-эътиборини Аллоҳнинг сон-саноқсиз ва битмас-туганмас неъматларига қаратиш лозим.

Мисол учун, ота фарзандлари билан дастурхон атрофида ўтирар экан: “Бизларга бу таомларни ким берган, биласизларми?” деб сўрайди. Болалар: “Ким берган, эй отажон?” дейишса. Ота: “Аллоҳ берган”, дейди. Болалар: “Қандай?” деб сўрайдилар. Шунда ота: “Аллоҳ таоло бизга ва барча инсонларга ризқ берувчи Зотдир. Шундай Раббимиз яхши кўришимизга энг ҳақли эмасми?” дейди. Болалар: “Ҳа, албатта ҳақлидир”, деб жавоб беришади.

Дейлик, бола касал бўлиб қолди, Аллоҳ сақласин. Бу ҳолатда ота унга дуо қилишни ўргатиб: “Ўғлим, шифо берувчи Зот ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Шунинг учун касалингга шифо беришини сўраб Аллоҳга дуо қил”, дейди. Кейин болани кўриб қўйиши учун табиб ёки шифокор чақирса ҳам, болага: “Ўғлим, бу табиб шифо топишинг учун бир сабаб холос, аслида шифони Аллоҳ таоло беради”, дейишни унутмаслик керак. Аллоҳ шифо бериб бола соғайиб кетгач эса: “Ўғлим, шифо берган Зот Аллоҳга шукр қилиб, ҳамдлар айт”, дейди ва Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматини тушунтиради. Шунда бола унга шифо бериб, икром қилган Аллоҳни яхши кўриб қолади.

Шунингдек, ҳар бир ҳолатда ва ҳар қандай неъматга эришилганида болани шу неъматни берган Аллоҳга боғлашга ҳаракат қилаверади, токи бола қалбида Аллоҳни яхши кўриш ҳосил бўлсин.

  • Расулуллоҳни яхши кўриш

Бу болага Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари, шижоатлари, вафолари, ҳалимликлари, саховатлари, сабр ва ихлосларини ўргатиш билан рўёбга чиқади. Шунда бола пайғамбарини яхши кўриб қолади.

  • Аллоҳ кўриб турибди деган тушунча пайдо бўлиши

Бола ўзининг ҳар бир ҳаракатию сукунатини Аллоҳ таоло кузатиб, назорат қилиб турганини билса, Аллоҳ таоло мени кўриб турибди, деб Ундан қўрқади ва Аллоҳнинг розилигини истаб, ҳар бир ишида холис бўлишга интилади.

  • Ҳалол-ҳаромни ўрганиш

Мураббий болага ҳаром ва ҳалол нима эканини ва исломий одобларни ўргатса, бола ҳаромдан четланиб, ҳалолни қиладиган, исломий одобларга риоя қиладиган бўлади.

Хулоса қилиб айтсак, тарбиячи ва ота-оналар зиммасидаги болага иймоний тарбия бериш масъулияти ўта жиддий ва муҳим масъулиятдир. Сабаби, иймоний тарбия барча фазилат ва баркамоллик манбаи, балки боланинг иймон доирасига кириши учун энг асосий тиргакдир. Иймоний тарбиясиз бола масъулият нима билмайди, омонатдорлик билан сифатланмайди, унинг мақсади ва ғояси бўлмайди. Юксак инсонийлик маъносини рўёбга чиқара олмайди. Олий қадриятлар ва олийжаноб мақсадлар сари интилмайди, балки ҳайвонлар сингари қорнини тўйғазиш, нафсини қондириш ғамида яшайди. Шаҳват ва лаззат кетидан юради. Безори ва жиноятчи кишилар билан ҳамтовоқ бўлади.

Шунинг учун ота-она ва тарбиячилар фурсатни бой бермай, болани Аллоҳ таолога далолат қиладиган ҳужжат-далиллар, иймонни мустаҳкамлайдиган йўл-йўриқлар билан таъминлаши ва эътиқодини кучайтирадиган нарсаларга диққат-эътиборини тортишлари лозим.

Ёш болаларга тўғри ақидани ўрнатиш ва мустаҳкамлашдаги энг самарали услуб шудир. Бу услубни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўллаганлар. Бир куни Абдуллоҳ ибн Аббос Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан эшакка мингашиб кетаётганида у зот фурсатдан фойдаланиб унга бундай дейдилар: “Эй бола, сенга бир неча сўзларни ўргатаман: Аллоҳни сақла (яъни Унинг буйруқларини бажар ва қайтариқларидан тийил), шунда Аллоҳ сени сақлайди. Аллоҳни сақла, шунда У зотни қаршингда топасан. Сўрасанг Аллоҳдан сўра, ёрдам истасанг Аллоҳдан иста. Шуни бил, агар уммат (яъни бутун махлуқот) сенга бирон фойда етказиш учун жамланса ҳам, Аллоҳ (Лавҳул маҳфузда) ёзганидан бошқа нарсани сенга фойда бера олмайди. Агар сенга бирон зарар етказиш учун тўпланса ҳам, Аллоҳ ёзганидан бошқа зарар етказа олмайди. Қаламлар (тақдирни битишдан) кўтарилди ва (тақдир ёзилган) саҳифалар қуриди”[2].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам таом ейиш асносида қўли товоқнинг ҳар жойига бориб-келаётган болага қараб: “Эй болажон, (таом ейишдан олдин) “бисмиллаҳ” деб айт. Ўнг қўлинг билан ва ўз олдингдан егин”, деб ўргатганлар[3] (Бухорий ва Муслим ривояти).

[1] «Тарбияту ал-авлоди фий ал-ислом» китобига қаралсин (1/157-412).

[2] Аҳмад, Термизий ва Ҳоким ривоят қилган. Албоний «Саҳиҳу ал-жомеъ»да (6/301) 7834 рақам остида саҳиҳ деган.

[3] Бухорий (“Фатҳ ал-Борий”, 9/521), Муслим (Нававий шарҳи, 13/393) ривояти.

Камолиддин Иноятуллоҳ 1971-йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бухородаги "Мир Араб" мадрасасида сўнг Тошкент Ислом институтида таҳсил олган. Турли йилларда Ҳасти Имомдаги Диний идора кутубхонасида мудир, Тошкент шаҳридаги масжидларда имом бўлган ҳамда "Абулқосим" ва "Кўкалдош" мадрасаларида мударрислик қилган.

Изоҳ қолдиринг